Иқтисодиёт | 18:28 / 28.04.2022
70501
10 дақиқада ўқилади

«Газпром» бир неча давлатни «газдан узди». Улар ёнилғисиз, Россия пулсиз яшай оладими?

«Газпром» Путин таклиф қилган янги схема бўйича тўловлар рублда амалга оширилмагани важи билан дастлаб Польша, кейин эса Болгарияга газ етказиб беришни тўхтатди. Бу йўқотиш Россия экспорти учун қанчалик аҳамиятли ва «бош тортувчилар»ни нима кутмоқда?

Фото: Getty Images

27 апрель куни эрталаб Россия Болгария ва Польшага газ етказиб беришни тўхтатди, асосий сабаб сифатида тўловларнинг рублда амалга оширилмаганлиги келтирилган.

Зиддият нимада?

«Газ учун рубль» – бу схеманинг моҳияти шундан иборатки, «нодўст давлатлар» (хусусан, бутун Европа иттифоқи) газ учун тўловларни шартномаларда кўрсатилганидек, хорижий валютада эмас, балки «Газпромбанк»да ҳисобрақам очган ҳолда Россия миллий валютасида амалга ошириши керак.

Bloomberg нашрининг ёзишича, Европанинг Россиядан газ сотиб олувчи 10 та давлати тўловни рублда амалга ошириш учун «Газпромбанк»да ҳисобрақам очган, улардан бири Италия бўлиши мумкин. Ҳозирча Европа иттифоқи мамлакатларидан фақатгина Венгрия Россия шартларига расман рози бўлган.

Ушбу схемада харидорлардан валютада тўловларни қабул қилган «Газпромбанк» маблағларни рублга айлантириши ва «Газпром» ҳисобига ўтказиши керак. Бу ерда харидор рублда тўловларни амалга оширмайди, балки «Газпром» тўловни рублда қабул қилади. Компания ҳисобига рубль тушгандагина тўлов мажбурияти бажарилган деб ҳисобланади.

Европа комиссияси ушбу ҳолатда Россияга қарши киритилган санкциялар бузилиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Бу ерда конвертация жараёни тўлиқ Россия расмийлари қўлида, яъни Марказий банк (санкцияларга кўра, валюта операцияларидан узилиши керак) жараёнда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Шунингдек, «газ учун рубль» тўғрисидаги қонунда «Газпромбанк» валютани ўзгартириши керак бўлган аниқ муддат белгиланмаган, бу эса жараён узоқ давом этиши мумкинлигини ҳам инкор этмайди. Бундан ташқари, тўлов Россиядаги юридик шахс ҳисобига Европадан қарз шаклида амалга оширилиши керак, бу ҳам санкциялар билан тақиқланган.

«Шубҳасиз, санкциялар нуқтаи назаридан энг «тоза» вариант – ҳамма нарсани эски усулда қилиш: Россия шартномада белгиланган валюта миқдори «Газпром» ҳисобига «тушган» пайтдан эътиборан тўлов амалга оширилган деб ҳисоблаши керак (ҳисобрақамнинг қаерда очилгани муҳим эмас)», – дея тушунтиради Еврокомиссия.

Ташкилот раҳбари Урсула фон дер Ляйен «Газпром»нинг Польша ва Болгарияга газ етказиб беришни тўхтатишини навбатдаги провокация деб атади. «Кремлнинг энергия манбаларидан шантаж қилиш учун фойдаланаётгани ажабланарли ҳолат эмас», деган у.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу ҳолатни таҳлил қилишдан бош тортган ва буни «захира активларининг катта қисми» музлатиб қўйилганига жавобан табиий қадам, деб атаган.

Польша ва Болгарияни нима кутмоқда

Аввалига барча Европа давлатлари каби Польша ва Болгария учун ҳам осон бўлмайди. ЕИ мамлакатларига етказиб берилаётган табиий газнинг 40 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади – шунинг учун ундан воз кечиш нефть ва кўмирдан кўра қийинроқ.

Шу билан бирга, Болгария ва Польшанинг ҳолати қўшниларига қараганда бирмунча яхши.

«Биринчидан, уларнинг «Газпром» билан кўп йиллик шартномалари жорий йил охирида тугайди. Иккинчидан, уларда Россия газига аниқ муқобиллар бор», – дейди Энергетика ва молия институти президенти Марсел Салихов.

Келгуси иситиш мавсуми бошланишидан олдин, жорий йилнинг октябрь ойига қадар Норвегия «Baltic Pipe» деб номланувчи янги газ қувурини ишга тушириши режа қилинган. Бу Польша учун энг муқобил вариант сифатида кўрилмоқда.

«Норвегия гази Россия газидан бироз қимматроқ бўлади, аммо фарқ унчалик катта эмас», – дея муносабат билдирган Arikapital Management Company’нинг инвестициявий масалалар бўйича стратеги Сергей Суверов.

Польша Россия газидан воз кечишга тўлиқ тайёр, дея ишонтирмоқда, мамлакатнинг энергетика инфратузилмаси бўйича ваколатли вакили Пётр Наимский.

У Польша Болтиқбўйи қувури орқали йилига 10 миллиард куб метр газ олишига умид қилмоқда. 2020 йилдаги расмий маълумотларга кўра, Россиядан ҳам деярли шу миқдорга яқин, 9,67 миллиард куб метр газ импорт қилинган.

Болгария билан юзага келган ҳолат эса бирмунча мураккаброқ. Бир томондан, мамлакатнинг Россия газига боғлиқлик даражаси 90 фоизни ташкил этади. Бошқа томондан, Озарбойжондан ҳам газ импорт қилади. Салиховнинг таъкидлашича, Болгария аввалроқ ҳам Россия газидан воз кечмоқчи бўлган, аммо бу сиёсий сабаблар билан изоҳланмайди, Озарбойжон гази нисбатан арзонроқ.

Шунингдек, Греция-Болгария интерконнектори (қўшимча қувур линияси) ишга туширилиш арафасида турибди, бу эса Грециядан етказиб беришни сезиларли даражада ошириши мумкин. Ушбу омиллар Болгарияга Россия газининг йўқотилишини умуман ҳис қилмасликка кафолат бермайди, лекин баъзи муқобил танловлар ва инфратузилма мавжудлигини англатади.

Салиховнинг фикрича, Польша ва Болгария бошқа давлатлар воситачилигида Россия газини харид қилишда давом этиши ҳам мумкин.

«Европада ягона газ бозори мавжуд, шунинг учун сиёсий қийинчиликларни инобатга олмаса, бошқа ҳеч қандай катта муаммолар бўлмайди. Компаниялар ўртасида бундай схемаларни ташкил қилиш имконсиз эмас», – дея тушунтиради у.

«Лахта-центр» минорасининг кўриниши, бу ерда «Газпром» компанияси штаб-квартираси жойлашган. Санкт-Петербург, 2022 йил, 27 апрел
Дмитрий Ловецкий / AP / Scanpix / LETA

Бошқа «бош тортувчилар» ҳам пайдо бўладими?

Европа иттифоқи ўтган йилдаёқ босқичма-босқич тарзда 2050 йилгача Россия газидан воз кечиш режасини ишлаб чиққан эди. Аммо ўшанда асосий сабаб сифатида глобал исиш кўрсатилган. Уруш эса ҳамма нарсани ўзгартириб юборди.

8 март куни эълон қилинган янги режага кўра, Россия газидан воз кечиш 2030 йилгача амалга оширилиши керак. Шунингдек, ЕИ давлатлари газ омборларини ҳар йили 1 октябргача камида 90 фоизга тўлдиришлари шарт (одатда иситиш мавсуми бошланишига қадар омборлар 20-30 фоизга тўлдириб келинган).

Бундан ташқари, бошқа етказиб берувчилар: хусусан Норвегия (ҳозирги кунда ЕИга етказиб берилаётган газнинг 23 фоизи), Жазоир (12 фоиз), Қатар (5 фоиз), АҚШ (6 фоиз), Озарбойжон ва бошқа мамлакатлардан етказиб бериш ҳажмини ошириш кўзда тутилган.

Режанинг охирги нуқтаси – қайта тикланадиган энергия манбаларига жадаллик билан ўтишдир. Шу мақсад йўлида Европа иттифоқи расмийлари ушбу соҳадаги барча лойиҳаларни тезлаштиришни истайди ва европаликларни ўз уйларининг томига қуёш панелларини ўрнатишга ундамоқда.

«Энг йирик газ истеъмолчилари – Германия, Италия ва Франция  буни амалга ошириши жуда қийин бўлади», – дейди Салихов.

Бу Россияга қандай таъсир қилади?

«Газпром» учун Польша ва Болгария бозорлари йўқотилиши даромад пасайиши, инвестициялар қисқариши ва Россия бюджети учун солиқлар камайишига олиб келади», – дея огоҳлантиради Суверов.

Россиядан Европага экспорт қилинадиган газнинг тахминан 8-9 фоизи Польша ва Болгария ҳиссасига тўғри келган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу миқдор тахминан 600 миллиард рублга тенг («Газпром»нинг 2021 йилдаги соф фойдаси ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган). Бу сезиларли кўрсаткич, аммо танқидий даражада эмас.

Таққослаш учун, «Газпром» умумий экспортининг 45 фоизи Германия ва Франция ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатларнинг йўқотилиши анча оғриқли бўлади ва триллионлаб рубль зарар келтиради.

Таъкидлаш керакки, Европа иттифоқи нефтдан кўра Россия газига кўпроқ боғланган. Ундан воз кечиш анча қийин: бир гуруҳ нуфузли иқтисодчилар очиқ хатда ёзганларидек, таъминотни тезда бошқа муқобил вариантларга алмаштиришнинг имкони йўқ.

Польшага газ етказиб беришни тўхтатишнинг техник жиҳатдан имкони борми?

Россия Европага газ етказиб беришни учта йўналиш орқали амалга оширади: «Шимолий оқим» ва «Ямал-Европа» газ ўтказгичи, Украина орқали транзит, шунингдек, Туркия орқали Европанинг жанубий мамлакатларига борадиган «Турк оқими». Полша ҳудуди орқали «Ямал – Европа» газ қувурлари ўтади. Газ Россия-Беларус-Польша-Германия йўналиши бўйлаб боради. Шу жиҳатдан Германияга етказиб беришни чекламасдан туриб, Польшага бундай амалиётни қўллаб бўлмайди, техник жиҳатдан имкони йўқ, дея таъкидлаган Энергетика ва молия институти директори Марсел Салихов «Медуза»га берган интервьюсида.

Салихов Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари тўхтаса ва айрим санкциялар юмшатилса, келажакда Европа мамлакатлари Россия газидан аввалгидай фойдаланишда давом этадими, деган саволга қуйидагича жавоб берган:

«Менимча, ҳозирда бирор тахмин билдириш имконсиз. Эҳтимол, музокаралар ўтказилар. Айни вазиятда Европа мамлакатларининг стратегияси рад этишдир. Агар европалик сиёсатчиларнинг баёнотларига назар ташласангиз, улар қуйидаги мазмунга эга: нефть ва газ даромадлари Россия бюджетининг салмоқли қисмини ташкил этади, бюджетдан эса армия ва ҳарбий ҳаракатларга пул ажратилади. Агар биз хомашё импортидан воз кечсак, демак, Россиянинг мудофаа қобилиятини пасайтирамиз. Шунинг учун бу ишни қилишимиз керак».

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид