Жаҳон | 15:04 / 28.04.2022
90683
6 дақиқада ўқилади

Путин яна бир бор Ғарбга таҳдид қилди. Унинг сўзларини қандай тушуниш мумкин?

Россия президенти Владимир Путин Федерация кенгаши йиғилишида яна бир бор Украинадаги уруш сабаб ядровий қурол қўлланиши мумкинлигига ишора қилди.

Фото: Getty Images

Россия президенти Владимир Путин Ғарб томонидан Украинадаги вазиятга аралашув оқибатларидан огоҳлантириб, «яшин тезлигида жавоб» қайтаришни ваъда қилди.

«Агар кимдир бу ишларга четдан аралашмоқчи бўлса ва Россия учун стратегик характердаги таҳдид яратса, бизнинг қарши жавобимиз яшин тезлигида берилади. Бизда ҳеч ким мақтана олмайдиган барча инструментлар бор. Биз эса бу билан мақтанмаймиз, агар зарурат туғилса улардан фойдаланамиз.  Буни барча билишини истардим. Бу борада барча қарорлар қабул қилинган», деди Владимир Путин сенаторлар қаршисида.

У яна бир марта украинларнинг Қрим ва Донбассга ҳужум қилиш режалари бўлганини таъкидлади ва россиялик ҳарбийлар «Россия қаршисида юзага келган реал хавф»нинг олдини олишганини айтди.

«Мамлакатимизга дўст бўлмаганлар йилдан йилга Украинани Россияга қарши қайраб, янги геосиёсий қурол ишлаб чиқишга уринди. Украинани Россия билан тўғридан тўғри тўқнашувга ундади, улар ҳатто Қрим ва Донбассга ҳужум режаларини ҳам тузганди», деди у.

Путин Россиянинг ҳаракатларини тўғри ва ўз вақтида қилинган ҳаракатлар деб атади ва Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт» режа бўйича кетаётганини қайд этди.

«Киев ҳукуматининг ядро қуроли юзасидан эътирозлари, Украина ҳудудида Ғарбнинг биологик лабораториялари ташкил қилинаётгани, мамлакатга энг замонавий қурол-яроғлар етказиб берилаётгани, бизнинг ушбу ҳаракатларга нисбатан реакциямиз тўғри ва ўз вақтида берилганини тасдиқлайди. Бизнинг офицерлар ўз бурчини қаҳрамонларча бажаришмоқда, барча вазифалар тўлиқ амалга оширилади», дея қўшимча қилди у.

Путин яна нималар деди:

  • РФнинг дунёдаги мухолифларига шунчаки Россия каби улкан давлат керак эмас.
  • Россия иқтисодиёти санкциялар таъсирида қуламасдан тик турибди.
  •  Россиянинг хорижда кўплаб тарафдорлари бор.
  • Ватанпарварлик - Россия давлатчилигининг муҳим асосларидан бири ва рус жамоатчилиги учун энг муҳим қадрият.
  • «Ватанпарварлик позициясини эгаллаган» журналистларни қўрқитишга уринишлар муваффақиятсизликка маҳкум.

Путиннинг сўзларини қандай тушуниш мумкин?

Владимир Путин Украина билан уруш даврида иккинчи бор ядро қуролини қўллаш имконияти ҳақида эслатмоқда.

«Ярс» қитъалараро баллистик ракетаси Москвадаги ғалаба парадида. 2018 йил
ФОТО: Сергей Бобилёв / TASS

27 феврал куни у мамлакат тийиб турувчи ядровий кучлари «алоҳида муҳим жанговар навбатчилик режими»га ўтказилишини эълон қилганди. Энди эса у Украинадаги вазиятга ташқаридан аралашув бўлган тақдирда, жавоб жуда тезкор бўлишини айтмоқда.

Путин айнан ядровий кучларни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган, шунчаки Россияда мавжуд бўлган ва қўллаш учун шай ҳолатда турган маълум «инструментлар» ҳақида эслатиб ўтди. Аммо «қарши жавоб зарбаси» атамаси - айнан тийиб турувчи ядровий кучларни ифодалайди.

Шу билан бирга, феврал ойидаги баёнотда бўлгани каби, унинг сўнгги сўзлари ҳам ядровий кучларни қўллаш концепциясидаги ўзгаришни англатиши мумкин бўлган қандайдир янги қоидаларни ўз ичига олмаган.

2020 йил июнида Россия «Ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати асослари» номли ҳужжат қабул қилинган, уни ноформал мудофаа доктринаси, тўғрироғи, унинг стратегик ядровий кучлардан фойдаланиш соҳасидаги кенгайтирилган тавсифи деса ҳам бўлади. Унда, хусусан, ядровий қурол қўллаш шартлари келтирилган.

Бу шартлардан бири - Россия томон баллистик ракета учаётгани тўғрисида ишончли маълумот мавжудлиги ҳисобланади. Бошқача айтганда, Москвада зарба бериш бўйича қарор бу ердагилар Россияга қарата қитъалараро ҳаракатланувчи ядровий ракеталар учирилгани ҳақида хабардор бўлишгач, қабул қилинади - ҳатто бундай ракеталар нишонгача етиб бормаган тақдирда ҳам.

Айнан шундай зарба «қарши жавоб зарбаси» дейилади.

Душман ракеталари нишонга етиб борганидан кейин бериладиган «жавоб» зарбаси тушунчаси ҳам мавжуд. Бу ҳам Россия стратегик ҳужжатида назарда тутилган - ва бундай зарба «Россия Федерацияси ёки унинг иттифоқчиси ҳудудига ядровий ва/ёки бошқа оммавий қирғин қуроли қўлланган тақдирда» берилиши мумкин.

Назарий жиҳатдан, «олдини олувчи» зарба ҳам бўлади, бу душман ракеталарини стартдан олдин тўхтатишни назарда тутади, аммо «Давлат сиёсати асослари»да бу ҳақда келтирилмаган.

Концепцияда Путин 27 апрел кунги чиқишида тилга олган «стратегик характердаги номақбул таҳдидлар» ҳақида ҳам сўз боради, гарчи сўзма-сўз шундай формулировкада келмаса ҳам - ҳужжатга кўра, Москва ядровий кучлардан «Россияга қарши оддий қуроллар билан тажовуз қилиш ва давлатнинг мавжудлигига таҳдид солиш» вазиятида ҳам фойдаланиши мумкин.

Бутун Россия мавжудлиги йўқ қилишдан кўра кичикроқ кўламли таҳдидни «номақбул стратегик характердаги таҳдид» сифатида тушуниш мумкинми, йўқми, буни Путиннинг сўзларидан англаш қийин. 

Мавзуга оид