Ўзбекистон | 12:21 / 28.04.2022
4068
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар «Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Айни вақтда давом этаётган Сенатнинг ялпи мажлисида «Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, билдирилган таклифлар асосида сенаторлар томонидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари билан биргаликда Қонуннинг самарали ижросини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган.

«Йўл харитаси»да трансплантация жараёнлари сифатли амалга оширилиши учун зарур бўлган қонуности ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ушбу хизматни аҳолига яқинлаштириш ва барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиётини йўлга қўйиш, тегишли давлат тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда юқори малакали тиббий кадрларни тайёрлаш каби йўналишлар қамраб олинган.

Сенат раиси Танзила Норбоева Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасига «Йўл харита»даги вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш борасида доимий иш олиб бориш ҳамда ҳар ойда ижроси бўйича эшитувлар ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Маълум қилинишича, мазкур қонун қабул қилиниши соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга, аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатини амалдаги қонунчилик асослари билан тўлдиришга имконият яратади.

Шунингдек, қонун касалланиш ва инсон аъзоларидаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларни қисқартиришга хизмат қилади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид