07:35 / 29.04.2022
4385

Фаластиннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

2022 йил 28 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Фаластиннинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Жавад Муҳаммад Авадни қабул қилди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

В.Норов ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, элчини янги лавозимга тайинлангани билан табриклади ва масъулиятли дипломатик миссиясини амалга оширишда муваффақиятлар тилади.

Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Бўлажак турли даражадаги қўшма тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди. Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Жорий йил феврал ойида собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Фаластин давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Абдулла Таршахонийни мамлакатдаги дипломатик миссияси якунланаётгани муносабати билан қабул қилганди.

Суҳбат чоғида элчи фаолияти давомида Ўзбекистон-Фаластин муносабатлари изчил ривожланиб, мустаҳкамлангани таъкидланган. Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр экани тасдиқланганди.

Top