Ўзбекистон | 15:32 / 01.05.2022
36633
13 дақиқада ўқилади

Ўзига хос 6 йил: Президентни қийнаган синовлар

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг президентликка сайланиши Ўзбекистонда ўзига хос кўтаринки кайфият олиб келди. Давлат раҳбари ҳам дарҳол ишга киришди ва одамларни йиллаб қийнаб келган муаммоларни бирма-бир ҳал қила бошлади: прописка, конвертация, чегаралар, нақд пул муаммоси... Лекин шу билан бирга унинг ҳар бир куни жиддий ўйловда ўтганини ҳам тан олиш керак. Ўзининг табиий серғайратлиги ва қатор муаммоларни бевосита ечиши билан бирга давлат раҳбари жуда кўп синовларга ҳам дуч келди ва келмоқда. Инсоннинг ўзигагина боғлиқ бўлмаган бу муаммолар бири-бирига уланиб кетяпти ва ечимда катта ирода ҳамда сабр талаб қиляпти.

Олот ва Қоракўлдаги табиий офат

2020 йил 27 апрель куни Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида секундига 9-40 метргача тезликда шамол эсди. Табиий офат натижасида бир неча фуқаро жароҳатланиб, бир киши ҳалок бўлди. Уй-жойлар, автотранспорт воситалари, инфратузилма объектлари ва экин майдонларига жиддий зарар етди. Энг катта зарбани Бухоронинг Олот ва Қоракўл туманлари қабул қилиб олишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ҳудудга дарҳол етиб борди ва зарур чораларни кўрди. Кейинчалик бажарилган ишларни ҳам шахсан кўздан кечирди. Айни пайтда бу икки туманда табиий офат оқибатлари тўлиқ бартараф этилган, ҳудуд янгича қиёфага кирган. Шу билан бирга бу туманлар инфратузилмалари ҳам сезиларли даражада яхшиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сардоба фожиаси

Бухородаги шамол офатидан уч кун ўтиб, 2020 йилнинг 1 май куни Сирдарёдаги Сардоба сув омборининг бир ёни ўпирилиб кетди ва ён атрофни сув босди. Офат кўлами шу қадар кенгайиб кетдики, ҳудуддан 90 мингга яқин, қўшни Қозоғистонда ҳам 30 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. Фуқаролар ва давлатга етказилган триллионлаб зарардан ташқари расмий маълумотларга кўра 4 киши ҳалок бўлди ва 1 киши бедарак йўқолди.

Халқ мулки, қишлоқ хўжалиги, қатор муҳим объектларга жиддий зарар етказилди. Сардобанинг ўпирилган жойига тикилиб турган президент сурати ҳаммасини бир тасвирда англатиб қўяди. Бу Ўзбекистон ва давлат раҳбари учун ниҳоятда жиддий синов эди ҳамда унинг ечими қандай бўлишига кўз тикиб турарди.

Шавкат Мирзиёев бутун мамлакат салоҳиятини бу офат оқибатларини бартараф этишга сафарбар қила олди ва натижа жуда яхши бўлди – ҳозир ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзи, фаровонлиги тошқинга қадар даврга нисбатан анча яхшиланган.

Ҳудудда қурилган янги шаҳарча Ўзбекистон учун ўзига хос тажриба бўлди ва кейинчалик мана шу намуна асосида «Янги Ўзбекистон» массивлари барпо этила бошлади. Сардоба техноген офати мамлакат қурувчилари учун ҳам синов бўлди, барча вилоятлардан келган бунёдкорлар бир мақсад йўлида бирлаша олдилар ва якунда ҳудуд бутунлай ўзгариб кетди. Фақат фожиа оқибатларини бартараф этишга эмас, комплекс муаммоларни ечишга эътибор қаратилди – аҳоли турмуш тарзи яхшиланди, янги иш ўринлари яратилди, қаровсиз ётган маиший, таълим ва тиббий объектларгача қайта қурилди. Бу туманлар унутиб юборган истироҳат боғлари, кутубхоналар бунёд этилди.

Коронавирус пандемияси

Аслида бу муаммо юқоридагиларига нисбатан олдинроқ бошланган, Ўзбекистонда коронавирус 2020 йилнинг 15 мартида расман илк бор қайд этилганди. Лекин унинг оқибатлари аста-секин, мунтазам ва давомли бўлди ҳамда зарар кўлами жуда юқорилаб кетди. Коронавирусдан неча киши ўлгани бўйича баҳслар ҳануз давом этмоқда ва улар энди тўхтамаса ҳам керак. Лекин ҳар қандай қабристонда жуда қисқа вақтда янги ва янги қаторлар пайдо бўлгани, деярли ҳар бир оиланинг қайсидир яқинини бу вирус олиб кетгани ҳақиқат.

Фото: Kun.uz

Вирус келтирган иқтисодий зарар кўламини ҳам ҳамма аниқ ҳис қилди. Президент «Коронавирусга қарши курашга 80 трлн сўм маблағимиз кетди. Лекин бу пулга ачинмайман, халқимизни имкон қадар асраб қолдик», деганди. Қатор чекловлар бекор қилинган бўлса-да, пандемия бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Пандемия глобал кўламда кечди ва ҳеч бир давлат ундан омон қолмади. Шундай экан зарарлар ҳам нисбийликда ўлчанади. Ўзбекистон тезкор чоралар кўриш, қатор тиббий объектлар қуриш натижасида қурбонларни нисбатан камайтиришга эришди. Вакцинацияга жиддий эътибор берилгани, эмлаш учун ресурслар аялмагани ортидан касаллик тарқалиши жиловланди, енгилроқ кеча бошлади. Шу билан бирга давлат раҳбари пандемия туфайли келиб чиққан иқтисодий муаммоларни ҳам вақтида юмшата олди, бизнес учун қатор имтиёзлар берилди, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами ижтимоий таъминотига катта маблағ ажратилди.

Экологик муаммолар шодаси

Бу муаммолар Ўзбекистон яқин тарихининг бир бўлагига айланиб улгурган, фақат уларни тан олиб, ечимини қидириш ортга суриб келинарди. Президент БМТ улкан майдонидаги ягона нутқида асосий эътиборни Орол муаммосига қаратгани, энди унинг оқибатларини бартараф этишга жиддий эътибор берилишини англатди. Қорақалпоғистон Республикасига, хусусан, Мўйноқ туманига жуда катта ресурслар ташлангани, улкан маблағ ажратилгани бежиз эмас. Оролқум ҳудудини кўкаламзорлаштириш ҳақиқий миллий ҳаракат даражасига кўтарилди.

Нафақат Орол денгизи, балки умуман сув ва дов-дарахтлар муаммоси ҳам давлат раҳбарини ҳамиша ўйлантириши шубҳасиз. Бу ҳақда деярли ҳар бир тадбирда тўхталиб ўтади ва зарур ечимларни қидиради. «Яшил макон» лойиҳасига жиддий эътибор қаратилгани, сув тежовчи технологиялар жорий қилинаётгани, умуман яшил энергетикага оид режаларга астойдил киришилгани Ўзбекистон учун келгуси йиллардаги мақсадлар векторини белгилаб беради.

Чегаралардаги зиддият, Сўх масаласи

Умуман олганда, президентга катта чегаравий муаммолар «мерос» бўлиб қолган. Уларнинг катта қисми ечилди, лекин қолгани ҳам жиддий бош оғриқларга сабаб бўлмоқда. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара зиддиятлари аллақачон қуролли тўқнашувларга қадар борган бўлса, Ўзбекистон анъанавий равишда босиқлик сиёсатини юритяпти.

Фото: Jenslh Aldarov RFE/RL

Аммо ҳар қанча босиқлик, муроса ҳам иш бермай қоладиган вазиятлар барибир кузатилади. Гарчи қуроллар ишга тушмаган бўлса-да, анча можаролар билан кечадиган вазиятлар барибир бор.

2020 йил 31 май куни Фарғона вилоятининг Сўх туманида жойлашган Чашма қишлоғи аҳолиси ва Қирғизистоннинг Боткен областидаги қишлоқ аҳолиси ўртасида можаро келиб чиқди. Вазиятни ўнглаш учун Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 1 июнь куни Қирғизистон билан чегара зонасида жойлашган Фарғона вилояти Сўх тумани аҳолиси билан учрашди. Сўхга катта маблағ ажратилди, аҳоли қулайлиги учун қатор ишлар бажарилди, ҳудуд ёшларига таълим соҳасида катта имтиёзлар берилди. Сўх билан Фарғона ўртасида самолёт қатнови йўлга қўйилгани ўзига хос инқилобий ечим бўлди. Чунки айнан йўл, коридор муаммоси, катта ҳудудга тезкор етиб бориш энг оғриқли масала эди. Ҳозир тинч яшаётган бу туман ҳам барибир президент хаёлининг бир чеккасида сақланиб туравериши табиий.

Афғон муаммоси

2018 йилда, ҳали Афғонистондаги вазият бутунлай бошқача бўлган бир даврда Ўзбекистон президенти «Толибон» ҳаракати билан музокаралар ўтказганида жуда кўпчилик буни қабул қила олмагани рост. Ҳатто қудратли давлатлар ҳам бу ҳаракатларга скептик ёндашган, танқид қилганлар ҳам бўлган. Аммо вазият кескин ўзгариб кетди ва бу ҳаракат Афғонистонда ҳукумат тепасига келди. Тарих «Балки... ўшанда...» каби сўзларни қабул қилмайди. Лекин «Толибон» билан вақтида ўрнатилган кўприк кейинчалик жуда кўп жиҳатдан иш берди. Ўзбекистон ҳам бошқалар каби душманлик мақомини тутганида бугун вазият баттар мураккаблашган, чегара нозик нуқтага айланган бўларди, балки.

Эътиборли жиҳати бу мамлакатда нисбий тинчлик ҳукм сурмоқда. Аммо иқтисодий муаммолар, қашшоқлик авж олган. Қўшнилардаги бу вазият давлат раҳбарини ўйлантирмай қўймайди. Энди президент қўшниларга гуманитар ёрдамни кенгайтириш, хориждаги маблағларини қайтариш, умуман, бу давлат фуқаролари тинчликда оёққа туриб олишлари, қайта урушга кирмасликлари учун барча чораларни кўриш зарурлигини таъкидлаб келмоқда.

Қозоғистондаги тартибсизликлар, сўроқ остидаги иқтисодий ҳамкорлик

2021 йилнинг 5 декабрида Шавкат Мирзиёев президент Қосим-Жўмарт Тўқаев таклифига биноан давлат ташрифи билан Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрига борди. Учрашувлар жуда юқори даражада, кўтаринки кайфиятда ўтди. Қатор келишувлар имзоланди, 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажми 4 млрд долларга етаётган бир пайтда 10 млрд долларлик марра кўзланди.

Умуман, Қозоғистон ҳар жиҳатдан Ўзбекистонга яхши қўшни, ишончли ҳамкор бўлиб келган. Ўзбекистон ёпиқлик сиёсатини қўллаган йилларда ҳам қозоқ коридори ҳамиша очиқлигича қолган.

Қозоғистондаги олий даражадаги учрашувлардан бир ой ўтмай бу давлатда тартибсизликлар, ғалаёнлар бошланиб кетди. Аввалига иқтисодий муаммоларни ечишни талаб қилганлар тез орада сиёсий ультиматумлар ҳам қўя бошладилар. Йирик шаҳарларда вазият издан чиқа бошлади, қон тўкилди.

Фото: Мария Гордеева / Reuters / Scanpix / LETA

Охир-оқибат Қозоғистонни кўп йиллар бошқариб келган Назарбоевлар оиласи ҳамма давралардан четлаштирилди, мамлакатга КХШТ кучлари киритилди. Тинчлик ўрнатилган бўлса-да, ўзаро муносабатларда, иқтисодий режаларда кўп ўзгаришлар бўлиши табиий.

Кутилмаган блэкаут

Аслида блэкаутнинг кутилгани бўлмайди. Қолаверса, свет ўчиши одатий ҳолга айланган Ўзбекистон каби давлатларда. Аммо 2022 йил 25 январь куни Ўзбекистонда содир бўлган кенг кўламли авария аҳоли сингари президентни ҳам ниҳоятда ташвишлантиргани рост. Мамлакатнинг асосий ҳудудлари, жумладан Тошкент шаҳрининг аксарият қисми ҳам электр таъминотидан узилди. Халқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт, коммунал ва бошқа соҳаларда жиддий муаммолар кузатилди. Алоқа, интернет узилди.

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

Шу куннинг ўзида президент топшириғига биноан юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссияга биринчи навбатда электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди.

Таъминот тикланганидан кейин ҳам президент бу мавзуга бир неча марта қайтди ва шундай деди: «Бу жуда катта офат бўлди. Ҳамма нарсани ўчиришимизга тўғри келди. Мен станция ёниб кетишидан қўрқдим. Сирдарёдаги станция ёниб кетган, 1982 ёки 1983 йил эди... Мана шундай авария бўлган, олтита станциянинг ҳаммаси ёниб кетган. Шу сабаб бош вазир билан доимий алоқада бўлдим, бир кунда қанча сочимиз оқарди...»

Россия-Украина зиддияти

Ўзбекистон ҳар икки давлат билан ҳам дўстона муносабатда бўлиб келган ва ҳануз шундай. Лекин уруш дипломатияни четга суриб ташлади, қон тўкилмоқда, шаҳарлар вайрон, тинч аҳоли сарсон бўлмоқда. Бундай вазиятда оқибатлар фақат шу ҳудуднинг ўзидагина чекланиб қолмайди. Россия Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкори, давлатлар жуда кўп томонлама бир-бирларига боғланган. 3 миллиондан ортиқ фуқароларимиз шу давлатда расман ишлаб келишяпти, норасмий рақамлар бундан ҳам кўпроқ.

Фото: Mikhail Palinchak / Reuters / Scanpix / LETA

Украинадаги фуқароларимиз сони озроқ бўлса-да, улар тезкор эвакуацияга муҳтож ҳамда бу борада зудлик билан чоралар кўрилди.

«Президент Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган айрим мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича республикамизнинг ҳар бир тармоғи ва ҳудуди кесимида аниқ чора-тадбирларнинг батафсил Режасини ишлаб чиқишга топшириқ берди», – дея хабар қилинди.

Аёвсиз уруш кетаётган дақиқаларда президентни ўйлантирган энг муҳим масалалар қандай қилиб тинчликка эришиш, яхши муносабатларни сақлаб қолиш ва иқтисодий зарар кўламини камайтириш бўлиши табиий. Тинчликни ва инсон қадрини улуғлайдиган Ўзбекистон каби давлат раҳбари учун ҳам бу жараён ўзига хос синов бўлаётгани аниқ.

Буларнинг барчаси бир инсонга боғлиқ бўлмаган синовлар. Шу билан бирга ички муаммолар, соҳалардаги ечимини кутаётган масалалар ҳам борки, президент мунтазам ишлашда ва бошқалардан ҳам фидойилик, ташаббусни талаб қилишда давом этаверади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид