Жамият | 12:34 / 01.05.2022
23768
3 дақиқада ўқилади

“Темир аёл”: у бахтни шаҳарлардан изламайди

Бу оиланинг қозонига ойлаб гўшт солинмаган кунлар бўлган. Ҳаёт қайта ва қайта синовли кунларини жўнатсада, куч топиб яшашда давом этишмоқда. Кам нолишади, ҳаммаси яхши бўлиб кетишига ишонишади.

Kun.uz Яккабоғнинг олис қишлоғида – оғир шароитда яшаб келаётган, кези келганда, матонати, сабри, садоқати билан кўпчиликка ибрат бўла оладиган Ўрол Раҳмонов хонадонида бўлди.

Наргиза Эргашева айни вақтда тўрт нафар вояга етмаган болага оналик қилмоқда. Улар ўзининг фарзанди эмас, ўгай набиралар. Аммо Наргиза опа ўгайлик қилмаяпти, набирам демаяпти, болам деб, қараяпти. Ўрол ака даладан келгунича Наргиза опа билан суҳбатимиз уларнинг турмуш тарзи ва ўзига хос тарихи ҳақида бўлди.

 

Аёл билан суҳбатлашар эканмиз, нима иш қиласиз, деган саволга “ҳеч иш қилмайман” деб жавоб берди. Аммо у қишлоқда яшаётган, давлат ишида бўлмаган аёлга бу саволни беришнинг ўзи тўғримас, демади. Чунки, кунлик ишларини санаб бераркан, энг оғир юк ўзининг гарданида эканини англадик. У тинмайди, нон ёпиш, болалар тарбияси, ҳовлидаги юмушлар, мол-ҳолга қарашни иш демайди. Бекорчиман, дея таассуф қилади. Ваҳоланки, энг банд одам у.

Наргиза опа оилани пароканда бўлиб кетмаслиги учун жонбозлик кўрсатган. Ўгай фарзандлар болалар уйига қолдириб кетган, сотмоқчи бўлган тўрт набирани бағрига олган. Ёши ўтиб бораётган турмуш ўртоғи Ўрол акага далда бўлган. Набираларни бегона қилмаймиз, ўзимизга оламиз деган. Ва бугун ҳаётининг мазмуни шу набиралари, ўзининг таъбирича фарзандлари.

Ўрол ака даладан қайтди. У бугун набираларга ҳам ота. Меҳнатдан, қўрқмайди, қариликни тан олмайди, ишласам дейди.

Бу икки инсон билан суҳбатлашар эканмиз, бу тақдир уларга бекорга берилмаганига амин бўлдик. Улар бирдек ўйлайди, фикрлайди. Содда ва ҳалол бўлиб, болаларининг яхши кунларига умид қилиб яшашади. Бир-бирини аяйди, суяйди. 

Биз оила билан суҳбатлашганимиздан сўнг ушбу хонадонга Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев бориб, қаҳрамонларимиз ҳолидан хабар олгани маълум қилинди.

Тан олиш керак, бугун ажрим кўпайди. Синовларда синадиган оилалар кўп, нолишдан бошқани билмайдиганлар саноқсиз. Рўзғордаги арзимас йўқчилик, келишмовчилик сабаб ҳаммасидан воз кечадиганлар қанча. Улар Наргиза опадан сабрни, садоқатни ўргансин. Ўрол акадан меҳнатни, кенгфеълликни ўргансин.

Наргиза Эргашеванинг оиласига ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган саҳоватпеша инсонларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, оиланинг пластик карта маълумотлари ҳавола қилинади.

9860 0825 1554 5182 (карта Наргиза опанинг турмуш ўртоғи Ўрал Раҳмоновнинг номида (Ural Rakhmonov))

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид