Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида меҳмонхоналарни сараламоқда. Ҳаж квотаси ва харажатлари ҳозирча очиқланмади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон «Ҳаж – 2022» делегацияси Саудия Арабистонига ташриф буюрди.
Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, «Ҳаж – 2022» делегацияси Мадина шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат қилиши мумкин бўлган замонавий меҳмонхоналарни саралаш мақсадида, уларни кўздан кечирмоқда.
«Аллоҳ насиб этса, бу йил Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада беш юлдузли ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий меҳмонхоналар ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизмат кўрсатади. Асосий мақсад, зиёратчиларимиз беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидларда адо этиш саодатига эришишлари, муборак сафар давомида фақат роҳат билан ибодат қилишлари ва дуою илтижолар қилишларига эришишдир», – дейилади идора хабарида.
Маълум қилинишича, ушбу меҳмонхоналар Масжиди Набавий ва Ҳарами шариф ҳисобланган Байтуллоҳга яқин бўлишига катта эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, делегация вакиллари сафари давомида Мадинада ўзбекистонлик умрачилар билан ҳам учрашди.
Ҳаж квотаси ва тўловлари
Ҳаж мавсуми жорий йил тахминан июль ойининг бошларига тўғри келиши кутилмоқда. Аввалроқ, «Ҳаж-2022» мавсумида иштирок этиши мумкин бўлган ёш чегараси ҳақида хабар берган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Ҳаж мавсуми учун тўловлар бўйича маълумот бермаган эди.
Ҳаж зиёратига бориш учун харажатларнинг умумий суммаси ҳар йили ўзгариб боради. Сўнгги бор 2019 йилда бу сумма расман эълон қилинган эди – 33,5 миллион сўм.

Шунингдек, квоталар борасида ҳам расмийлар рақамларни очиқламаяпти. Сўнгги марта 2017 йилдан Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж квотаси 5200 дан 7200 нафаргача оширилган эди.
Ҳаж ва Умра, шунингдек Саудиядаги икки масжид ҳақида маълумотлар бериб борувчи HaramainInfo портали 21 апрель куни “Ҳаж-2022” мавсуми учун ҳар бир давлатга ажратилган квоталар сони бўйича маълумот берди. Унга кўра, Ўзбекистонлик зиёратчилар учун 10 минг 865 та ўрин ажратилган.
Мусулмонлар идораси матбуот хизмати Kun.uz’га Ҳаж квоталари ва нархи борасида ўзгаришлар бўлса маълумот берилишини маълум қилди.
«Ҳаж сафари баҳоси барча сарф-харажатлар умумлаштирилгандан кейин маълум бўлади. Квота масаласида ўзгаришлар бўлишини кутяпмиз, бирор янгилик бўлиши билан хабар берамиз», – дейди идора матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, ўтган икки йил давомида COVID-19 пандемияси туфайли Ҳаж амалларини атиги бир неча минг нафар подшоҳлик фуқаролар ва резидентлари адо эта олди.
2022 йилда эса жами 1 миллион нафар чет эллик ва маҳаллий ҳожиларга Ҳаж ибодатини амалга оширишга рухсат берилди. Таққослаш учун, пандемияга қадар – 2019 йилги Ҳаж мавсумида 2,5 млн нафар мусулмон қатнашган.
2022 йилда Ҳаж амалларини бажариш учун 65 ёшдан ошмаган, COVID-19’га қарши маъқулланган вакциналардан бири билан тўлиқ эмланган ва жўнаб кетишдан олдин 72 соат ичида топширилган коронавирусга манфий натижали ПЗР-тест натижасига эга фуқароларга рухсат берилади.
Мавзуга оид
07:09 / 02.06.2026
1,7 миллион зиёратчи ва ақлли бошқарув. Ҳаж-2026 якунлари
08:37 / 29.05.2026
Жаҳон бойлик харитаси ўзгармоқда: янги лидерлар пайдо бўлмоқда
08:52 / 27.05.2026
Саудиядаги 1 километрлик осмонўпар бинода Хитой технологиялари қўлланади
08:43 / 23.05.2026