Спорт | 15:02 / 11.05.2022
28889
2 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» бош мураббийни истеъфога чиқарди

Суперлиганинг жорий мавсумида дастлабки истеъфо рўй берди.

Фото: Tribuna.uz

Шуҳрат Мақсудов «Бунёдкор» клуби бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди, унинг ўрнига янги бош мураббий тайинланган. Тошкентликлар клуби матбуот хизмати жамоа мураббийлар штабидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

«Суперлиганинг 6-тури доирасида «Олимпик»ка ютқазган «Бунёдкор» клуб тарихида ўз майдонидаги энг йирик ҳисобдаги мағлубиятга учраган эди (1:5). 

Мазкур муваффақиятсизликдан кейин клуб раҳбарияти мураббийлар штаби олдига «Навбаҳор»га қарши навбатдаги баҳсда ғалаба қозониш вазифасини қўйганди. Гарчи Наманганда мағлубиятга учралган бўлса-да, мезбонлар билан беллашувда «қалдирғочлар» мазмунли ўйин ва муносиб қаршилик кўрсата олганларидан келиб чиқиб, мураббийлар штабига яна имконият берилганди. 

Суперлиганинг 8-турида «Металлург» жамоаси билан куч синашган «Бунёдкор» яна муҳим очколарни бой берди. Ушбу учрашувдан сўнг клуб раҳбарияти томонидан мураббийлар штабида ўзгаришлар амалга ошириш бўйича қарор қабул қилинди. Шу муносабат билан бугун клуб қароргоҳида йиғилиш бўлиб ўтди», дея ёзади клуб расмий сайти.

Маълум қилинишича, бош мураббий Шуҳрат Мақсудов, мураббий Арам Ананян ва дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор Раҳимов ўз лавозимларини тарк этиши эълон қилинган.

Шу кунга қадар бош мураббий ассистенти бўлиб ишлаб келган Виктор Карпенко бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Анвар Ғофуров бош мураббий ассистенти лавозимига ўтказилган. Руминиялик Августин Чирита жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишини давом эттиради. 

Маълумот учун, «Бунёдкор» Суперлига 8-туридан кейин ҳозирча 11 очко билан 5-поғонада бормоқда.

Мавзуга оид