«Ал-Жазира» журналисти Исроил ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилди. «Чегара билмас мухбирлар» мустақил терговни талаб қилмоқда
«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти 11 май куни эрталаб Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги можарони суратга олиш вақтида ўлдирилган «Ал-Жазира» журналисти Ширин Абу Акленинг ўлими юзасидан мустақил тергов ўтказишни талаб қилди.
«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти 11 май, чоршанба куни ўз баёнотида «Ал-Жазира» телеканалининг фаластинлик журналисти Ширин Абу Акленинг ўлдирилишини Женева конвенцияларининг жиддий бузилиши деб атади ва унинг ўлими ҳолатлари юзасидан зудлик билан мустақил тергов ўтказишни талаб қилди.
«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапиднинг унинг мамлакати журналист аёлнинг ўлдирилиши бўйича терговда иштирок этиши ҳақидаги таклифидан ҳафсаласи пир бўлди: мустақил халқаро тергов зарур», — деб ёзди ташкилот бош директори Кристоф Делуар Twitter’даги саҳифасида.
«Ал-Жазира» телеканалининг фаластинлик журналисти Ширин Абу Акле 11 май куни эрталаб Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Женин қочқинлар лагеридаги қуролли тўқнашувни тасвирга олиш чоғида ҳалок бўлди. Абу Акленинг бошига ўқ узишган. У оғир аҳволда шифохонага етказилган ва кўп ўтмай вафот этган. Ширин Абу Акле 51 ёшда эди, у «Ал-Жазира» телеканалида 20 йилдан ортиқ ишлаган.
Нашрнинг Абу Акленинг ёнида бўлган ва ўзи ҳам яраланган мухбирининг айтишича, улар Исроил армиясининг амалиётини суратга олмоқчи бўлган. Шу вақтда, бирдан ҳарбийлар журналистлардан кетишни ёки суратга олишни тўхтатишни сўрамай ўқ узган.
Журналистнинг бошқа ҳамкасбларининг айтишича, Абу Акле ўлдирилган пайтда фаластинликлар ва исроилликлар ўртасида ҳеч қандай жанг бўлмаган. Бундан ташқари, уларга кўра, исроиллик ҳарбийлар Абу Акле яраланганида ҳам ўқ узишдан тўхтамаган. Барча мухбирлар «Матбуот» жилетлари ва каскаларда бўлган.
Исроил армияси Twitter’даги саҳифасида ҳарбийлар Женин лагерида террорчиликда гумон қилинаётган шахсларни қўлга олиш бўйича операция ўтказгани, бу операция давомида «ўнлаб фаластинликлар аскарларга қарата ўт очгани ва уларга портловчи мосламалар улоқтиргани», Исроил ҳарбийлари эса ўқ билан жавоб берганини маълум қилди.
«Исроил мудофаа армияси воқеани текширмоқда ва журналистларнинг фаластинлик жангарилар томонидан яралангани эҳтимолини ўрганмоқда», дейилади Исроил хабарида.
Мавзуга оид
16:38 / 12.11.2024
Амстердамдаги можаро: аслида нималар бўлди?
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
12:00 / 11.11.2024
Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди
10:45 / 09.11.2024