Жаҳон | 11:20 / 12.05.2022
12659
3 дақиқада ўқилади

Италия бош вазири Германия Россияга газ учун тўловни рублда амалга оширганини маълум қилди

Фото: AP

Германияда Россия газининг энг йирик импортчиси тўловни рублда амалга оширган, дея маълум қилди Италия бош вазири Марио Драги. Германиянинг Uniper ширкати буни рад этиб чиқди.

Италия бош вазири Марио Драгининг маълум қилишича, Россия газининг Германиядаги энг йирик импортчиси газ учун тўловни аллақачон рублда амалга оширган. 

«Аслида, бугун эрталаб биз кўрган далиллар Германиянинг энг йирик газ импортчиси рублда тўловни амалга оширганини исботлади», деди у 11 май, чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

Шу билан бирга, Bloomberg’нинг ёзишича, Германиядаги Россия газининг энг йирик харидори бўлмиш Uniper SE немис компанияси вакили компания янги схема бўйича ҳеч қандай тўловлар амалга оширилмаганини, сабаби тўлов муддати фақат май ойи охирида тугашини билдирди.

Чоршанба куни Uniper компания газ таъминотини санкцияларни бузмасдан ушлаб туришини маълум қилди. Шу билан бирга, унинг вакили Uniper «Газпромбанк»да рублда ҳисобрақами очгани ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. 

Италия бош вазири, шунингдек, Европа компаниялари Украинага қарши очилган уруш учун Европа иттифоқининг Россияга қарши жорий қилган санкцияларини бузмасдан, Россия гази учун тўловни рублда амалга ошириши мумкинлигини айтди. 

«Аниқ нима санкцияларнинг бузилиши деб ҳисобланиши ҳақида расмий баёнот йўқ. Рублдаги тўловлар санкцияларни бузадими ёки йўқми, ҳеч ким ҳеч қачон айтмаган. Бу шундай тушунарсиз зона», - деди Драги. 

Бундай талқин Европа иттифоқида илгари баён қилинган позициядан фарқ қилади. Апрель ойи охирида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен шундай деган эди: «Бизнинг фикримиз жуда аниқ: агар бу шартномаларда кўзда тутилмаган бўлса, рублдаги тўловлар санкцияларни бузиш ҳисобланади». 

Россия президенти Владимир Путин талаб қилган - «Газпромбанк»да валюта ва рублда иккита ҳисобрақам очиш схемаси ҳам Европа иттифоқи томонидан Москвага нисбатан жорий қилинган санкцияларга зид деб ҳисобланмоқда. 

Мавзуга оид