16:12 / 14.05.2022
9607

Пскем ГЭС қурилишида янги илғор технологиялар ва инновациялар

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Пскем дарёсида Пскем ГЭС қурилиши” лойиҳаси гидроэнергетика соҳасида мамлакатимизда қурилаётган йирик мега лойиҳадир.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти ташаббуси билан янгича ёндашув ва янги концепция асосида илғор замонавий технологиялар ва методлар жорий этилиб, мураккаб лойиҳа ишлари “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилган техник топшириққа асосан, маҳаллий ва хорижий корхоналар мутахассислари томонидан белгиланган меъёрлар асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Алоҳида айтиб ўтиш лозимки, “Пскем дарёсида Пскем ГЭСни қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида қабул қилинган техник ечимлар бўйича “Tractebel Engineering GmbH.” (Германия) халқаро инжиниринг компанияси томонидан олинган ижобий хулосалар асосида иш олиб борилмоқда.

pNpzpOQPccZK9ONprBl32FSuLnvrQ9-t.jpg (1280×853)

Биринчи босқичда амалга оширилиши белгиланган гидротехника иншоотлари, ерости сув ўтказувчи туннеллар, ГЭС биноси ва 222 км узунликдаги электр энергиясини узатиш тармоқлари ҳамда инфратузилма объектларини қуриш ишлари, жумладан, биринчи ярус сув қабул қилиш иншооти, 1288 метр узунликдаги сув ўтказувчи ерости туннели, 1-2-агрегатларга сув олиб келувчи 285 метр ерости туннели ва 2 дона сув ўтказувчи затворларни бошқариш иншооти, дарёга сув ташлаш иншоотлари ҳамда ишчи-мутахассислар учун 80 ўринли 2 қаватли ётоқхона, 10 дона коттеж қуриб битказилди.

Шу билан бирга, 2021 йил 25 ноябрь куни Пскем дарёсида “Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншооти” қурилишини бошлаш учун дарё оқими беркитилиб, келаётган сувлар “биринчи ярус сув қабул қилиш иншооти” орқали яна дарёга йўналтирилди. Лойиҳа доирасида тўғон узунлиги 200 метр ва пастки белгиси 983,00 метр юқори белгиси 1044,5 метр, яъни 61,5 метр баландликка эга бўлган “Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншооти” қурилиши натижасида Пскем дарёсида Пскем сув омборининг бирламчи босқичига (1-навбатига) сув йиғиш имконияти яратилади.

Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншооти 998,0 метр белгига қадар 10 метр чуқурликдан темир-бетон таянч тўсиқ билан кўтарилиб, темир-бетон ва тош оралиғидаги бўшлиқлар махсус цементли қоришма ёрдамида юқори босим остида тўлдирилиб чиқилди.

Республикамиздаги гидротехника иншоотлари қурилиши тарихида биринчи маротаба соҳада хавфсизлик нуқтаи назаридан юқори чидамлиликка эга, ривожланган давлатларда кенг қўлланиб келинаётган фильтрация сувларига қарши синтетик маҳсулот ҳисобланувчи юқори сифат даражасига эга бўлган Италия давлатида ишлаб чиқарилган “КАРПИ” (CARPI) компаниясининг SIBELON® CNT 5900 UV геокомпозит гидроизоляция маҳсулоти кенг қўлланилмоқда. Мазкур геокомпозит гидроизоляция маҳсулоти тўғоннинг юқори сув тўсиш иншоотидаги фильтрация жараёнларининг олдини олиш мақсадида фойдаланилади.

“Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншооти”нинг 998,1 метрдан 1026,5 метргача бўлган оралиғида бутун тўғон экрани бўйлаб t=4 мм қалинликдаги SIBELON® CNT 5900 UV геокомпозит гидроизоляция материалини 11 129,0 м2 юзада қоплаш ишлари жорий йилнинг апрель ойида тўлиқ якунланди.

Шунингдек, биринчи ярус сув қабул қилиш иншооти олдида сув сатҳларини доимий равишда кузатиб бориш, сел ва тошқин сувлари таъсирида сув сатҳи кескин кўтарилишининг олдини олиб, 1-дарвозаларни бошқариш иншооти (КРЗ-1) орқали тошқин сувларини бошқариш мақсадида сув қабул қилиш иншоотига махсус электрон датчиклар ўрнатилиб, “онлайн” режимда мониторинг ва кузатувлар олиб борилмоқда. Дарвозаларни бошқариш иншооти биносидаги барча қурилмалар автоматлаштирилиб, автоматик тизим асосида бошқариб борилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Пскем дарёсида “Тўғоннинг юқори сув тўсиш иншоотида олиб борилган қурилиш ишлари натижасида бугунги кунда сув сатҳи 1010 белгига (отмет) кўтарилди. Бунинг натижасида тўғоннинг  “КАРПИ” (CARPI) компаниясининг SIBELON® CNT 5900 UV геокомпозит гидроизоляция маҳсулотлари билан қопланган махсус қисми ҳозирги кунда 9 метр сув остида. Бу эса ўз навбатида мураккаб муҳандислик лойиҳасида ўз вақтида қабул қилинган конструктив ечим ва хулосаларнинг ижобий натижасидир. Шунингдек, йирик қурилиш объектида мавжуд гидротехник иншоотларнинг хавфсиз ишлатилишини таъминлаш бўйича сел-тошқин сувларини беталафот ўтказиш чораларини кўриш, сув омборларидаги сув ҳисоб-китобини замонавий технологиялар асосида сув омборига сувнинг кириши, чиқиши ва кунлик мониторингини олиб бориш, назорат ўлчов қурилмалари кузатув натижаларини таҳлил этиб бориш мақсадида эксплуатация гуруҳи тузилган.

Мазкур лойиҳаларнинг амалдаги ижроси мамлакатимиздаги мавжуд сув омборларини қуриш ва модернизация қилишда катта тажриба бўлади. Янги технологиялар ва инновацияларидан самарали фойдаланишда мустаҳкам замин бўлиши шубҳасиз.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати Ⓣ

Top