Жаҳон | 23:34 / 16.05.2022
27620
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқишини айтди 

У Швеция ва Финландия делегацияларига уларнинг НАТОга қабул қилинишига Анқарани кўндириш учун Туркияга келиб овора бўлмасликларини маслаҳат берди. 

Фото: Владимир Смирнов/ТАСС

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқара Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига розилик бермаслигини айтди

"Улар бизга террорчиларни бермасликлари тўғрисида хабарлар бор. Биз бу икки мамлакатнинг НАТОга киришига "ҳа" демаймиз", - деди Туркия президенти Жазоир президенти Абдулмажид Таббун билан Анқарада ўтказилган музокаралардан кейинги матбуот анжуманида.

У Швеция ва Финландия делегацияларига уларнинг НАТОга қабул қилинишига Анқарани кўндириш учун Туркияга келиб овора бўлмасликларини маслаҳат берди.

"Ҳаттоки уларнинг парламентларида ҳам терроризм тарафдорлари бор. Бизни кўндиришга келишяптими? Овора бўлишмасин", - деб таъкидлади Эрдўған.

Унинг қўшимча қилишича, агар Туркия Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига розилик берса, алянс "террорчилар йиғилган жой"га айланиб қолади.

"Биз Туркияга нисбатан санкциялар киритганларнинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий жавоб бермаймиз. Хавфсизликни таъминлайдиган ташкилотга. У ҳолда НАТО хавфсизликни таъминлайдиган ташкилот бўлмай қолади ва террорчилар йиғилган жойга айланиб қолади", - деди Туркия президенти. 

2019 йилда Ҳелсинки ва Стокҳолм Туркиянинг Суриядаги трансчегаравий операциялари сабабли мамлакат мудофаа саноати маҳсулотлари экспортига нисбатан чекловлар киритган. 

Аввалроқ Финландия ва Швеция Туркиянинг терроризмда гумонланаётган 33 кишини экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўровини бажармагани хабар қилинганди

Маълумот берилишича, Туркия ҳукумати Курдистон ишчи партияси ва ФЕТО аъзоларини топширишни сўраган. 

Бироқ Ҳелсинки ва Стокҳолм Анқаранинг сўровига жавоб бермаган. 

Туркия Финландиядан Курдистон ишчи партияси ва ФЕТО аъзоси бўлган 12 кишини ва Швециядан 31 кишини экстрадиция қилишни сўрамоқда. 

13 май куни Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда бу икки давлатнинг қабул қилиниши ҳақида “ижобий фикр”га эга эмаслигини айтганди

“Скандинавия давлатлари террорчилик ташкилотлари учун меҳмон уйига ўхшайди”, - дея ўз позициясига изоҳ берган Эрдўған. 

Туркия узоқ вақтдан бери Скандинавия мамлакатларини, хусусан, кўплаб турк муҳожирлари яшайдиган Швецияни экстремистик курд гуруҳлари, шунингдек, Эрдўған Туркиядаги исён ташкилотчиси деб эълон қилган, АҚШда истиқомат қилувчи турк ёзувчиси, ислом уламоси ва воиз Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларига бошпана берганликда айблаб келади.

Мавзуга оид