Ўзбекистон | 19:10 / 17.05.2022
29316
2 дақиқада ўқилади

ОТМларга қабул квоталарини белгилашга оид қарор лойиҳаси эълон қилинди

ОТМларга қабул квоталарини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинди. Қарор лойиҳасида жорий йилдан Ўзбекистонда илк марта масофавий таълим шакли учун ҳам алоҳида квоталар ажратилиши белгиланган.

Фото: KUN.UZ

Қарор лойиҳасига кўра, 2022/2023 ўқув йили учун:

а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

  • кундузги таълим шаклига —76 728 нафар;
  • сиртқи таълим шаклига — 27 365 нафар;
  • кечки таълим шаклига — 2 575 нафар;
  • масофавий таълим шаклига— 3 610 нафар;

б) магистрлар тайёрлаш бўйича — 11 082 нафар;

в) хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича — 100 нафар квота ажратилади.

Қайд этилишича, филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига ажратилган 100 нафар грантларнинг буюртмачиси сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги белгиланади.

Белгиланишича, молиявий ва академик мустақиллик берилган ОТМларнинг Кузатув кенгашлари бир ҳафта муддатда олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларини тасдиқлайди.

Бунда, тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари сони мос йўналишга белгиланган давлат гранти асосидаги қабул параметрларидан камида икки баробар кўп бўлади.

Шунингдек, лойиҳада магистратурада ўқийдиган хотин-қизларнинг контракт пули қай тарзда қоплаб берилиши ҳам кўрсатилган.

  • 2021/2022 ўқув йилида республика давлат олий таълим муассасалари магистратурасига талабаликка қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг 2022/2023 ўқув йили учун;
  • 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, республика давлат олий таълим муассасалари магистратурасига ажратилган қабул параметрлари доирасида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинган хотин-қизларнинг ўқиши учун контракт тўловлари давлат бюджетидан қоплаб борилади.

Мавзуга оид