Тўра Боболов Термизда саккиз соат давомида 400 га яқин фуқаронинг мурожаатини эшитди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳрида сайёр қабул ўтказди.
Қабулда Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят секторлар раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, Термиз шаҳри ҳокими, бошқарма ва ташкилотлар, Халқ қабулхонаси ҳамда шаҳардаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Сайёр қабул саккиз соат давом этди.
Хусусан, Термиз шаҳридаги Меҳробод маҳалласида истиқомат қилувчи Мунаввар Холтўраева уйининг қурилиш-таъмирлаш масаласида ёрдам сўради. Холтўраеванинг оилавий шароити ўрганилди ва эҳтиёжи учун сўралган 30 дона шифер етказиб берилди.
Паттакесар маҳалласидан Нигора Худойбердиева фарзандини даволатиш учун ёрдам сўради. Ушбу оилага ҳам керакли маслаҳат берилиб, даволаниши учун сўралган маблағ ҳомийлик асосида тўланди. Шунингдек, Дўстлик маҳалласидан Умида Жўраева тикувчилик қилиб даромад қила олишини маълум қилди. Унга тикув машинаси берилди ва ўзи арзон, имтиёзли уй-жойлар рўйхатига киритилди.
Мафтуна Ҳайитова турмуш ўртоғи жазо муддатини ўтаётганини билдирди. Шу сабабли оила молиявий оғир вазиятга тушиб қолган. Ҳайитова моддий ёрдам сўради ва унга ҳомийлик асосида бир марталик маблағ ажратилди.
Қабул давомида 367 нафар фуқаронинг 448 та мурожаати ўрганилди.
Мурожаатларнинг 83 таси масъуллар томонидан жойида ҳал этилган бўлса, 37 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Вақт талаб этиладиган 328 та мурожаат ижросини таъминлаш учун муддат белгиланиб, масъуллар бириктирилди.
Вилоят ҳокимининг сайёр қабуллари давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Ⓣ