Мариупол мудофаасида қатнашиб, асир тушган украин ҳарбийлари тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Кремлпараст манбаларда «Азов» полки жангчиларини қаттиқ жазолаш бўйича талаблар янграмоқда - Россия пропагандаси уларни «нацист жиноятчилар» деб атайди. Аммо Украинада ҳам кўплаб россиялик ҳарбий асирлар бор, уларнинг кўпчилиги ўта оғир жиноятларда гумонланмоқда, шунинг учун украинлар ҳам худди шу тарзда жавоб қайтариши мумкин. Москва ва Киев ҳарбий асирлар муаммосини қандай ҳал қилмоқчи?

19 май куни Россия мудофаа вазирлиги «Азовстал» мудофаасида қатнашган украин ҳарбий асирлари акс этган янги видеони намойиш этди.

Россия томони маълумотига кўра, 16 майдан буён (ўшанда заводдан ярадор жангчиларни олиб чиқиш бўйича келишувга эришилганди) 1730 нафар ҳарбий таслим бўлгани, шундан 80 нафари оғир ярадорлар экани айтилади. 20 май куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу заводдан 1908 нафар украин «миллатчи» чиққани, яна 177 киши тинч аҳоли вакиллари эканини маълум қилди. Завод ичида яна қанча ҳарбий қолгани номаълум. Ҳозирча юқори лавозимли ҳарбийлар таслим бўлишмаган.

Россия нашрлари оғир ярадорлар Мариуполдан шарқда, Россия чегараси яқинида жойлашган Новоазовск шаҳарчасидаги шифохонага жойлаштирилганини маълум қилган.

Ҳарбий асирларнинг аксари Донецк яқинидаги Оленивка посёлкасидаги қамоқхонага жўнатилмоқда - Мариупол мэри маслаҳатчиси Петро Андрюшченконинг маълумотига кўра, бу ерда фильтрация жараёнидан ўта олмаган уч-тўрт минг атрофидаги мариуполликлар ҳам сақланмоқда.

ОАВ маълумотига кўра, «Азовстал» мудофаасидагиларнинг 89 нафари Россия ҳудудига олиб ўтилган ва Таганрогдаги изоляторга жойлаштирилган.

Украин ҳарбийларини олиб кетаётган автобуслар колоннаси, 17 май.
Alessandro Guerra / EPA / Scanpix / LETA

Қисқача тарихи

Мариупол март ойи бошида россиялик ҳарбийлар томонидан ўраб олинганди. Шаҳар Миллий гвардиянинг «Азов» полки жангчилари, денгиз пиёдалари, чегарачилар, ҳудудий мудофаа кучлари ва полициячилар томонидан мудофаа қилинди. Мариупол мудофааси Россия армиясининг йирик бўлинмаларини шу ерда ушлаб туришди ва бу украин ҳарбийларига вақтдан ютишда имкон берди - янги мудофаа чизиқлари ва захира кучлари тайёрлаш учун.