25 май – мактаб ўқувчилари учун охирги ўқиш куни. Бу йил ўрта таълимни 390 мингдан зиёд битирувчи тугатиши кутиляпти. Уларнинг олдидаги энг асосий танлов – касб танлаш. Бу қарор шунчалик муҳимки, келажакда ўзларини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантирадиган асосий манбалардан бири бўлади.

Абитуриентлар касб танлашда нимани ҳисобга оляпти?

Касб танлашда ҳар томонлама ўйлаб кўриш талаб этилади. Бу танловни қилаётган ёшларнинг ўзи нималарни ҳисобга олишаётганини билиш мақсадида “Abituriyentlar” Telegram-каналида сўровнома ўтказиб кўрдик.

“Сиз ўзингиз ҳужжат топширмоқчи бўлган ОТМ ва йўналишни танлашда нимага аҳамият беряпсиз?” деган сўровномамизда 20,5 минг нафар респондент қатнашди. Уларнинг 41 фоизи ўз қизиқишларига, 20 фоизи танлаётган соҳасининг даромадли эканига, 7 фоизи ота-онасининг фикрига қараб касб танлаётганини билдиришган.

Ота-оналарга эса Facebook'да “Касб танлашда фарзандингиз ўзи қарор қабул қиляптими ёки сиз йўналиш берасизми?” деган савол билан мурожаат қилдик. Саволга жавоб берган аксар ота-оналар болаларининг фикрини ҳисобга олишини билдирган, фақат баъзилар болалар ўзлари мустақил қарор қила олмаслиги, ҳали нима фойдали эканини тўла тушунмаслиги, шунинг учун ота-оналар уларга танлов қилишда ёрдам беришлари зарурлигини айтишган.

Баъзи ота-оналар эса фарзанди ҳали жуда кичик ёшда экани, лекин унинг ҳарбий ёки шифокор бўлишини исташини, болаларини ҳозирдан кўпроқ шу касбларга қизиқтирмоқчи эканини билдиришган.

Қандай қилиб касбни нотўғри танлаб қўйиш мумкин?

Танлов қаршисида турган ёшлар ва уларнинг ота-оналари кўпроқ нималарни ҳисобга олишлари лозимлиги ҳақида психолог Розалия Габдулҳақованинг фикрлари билан қизиқдик. У касб танлашдаги асосий муаммоларни санаб ўтди.

  • Бугунги кунда оммалашаётган замонавий касблар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаслик,
  • болаларнинг ўзлари эмас, уларнинг ота-оналари касб танлаши