Украинага янги ёрдам пакети: «Гарпун» ва «Экскалибур»лар нималарга қодир?
Донбассда россиялик ҳарбийларнинг ҳаракати нисбатан секин кечмоқда, аммо Украина қуролли кучлари уларнинг юришларини тўхтата олмаяпти. Қолаверса, сўнгги кунларда Северодонецк атрофида тўпланган россиялик кучлар бу ердаги украин қисмларини ўраб олиши мумкин. Украина хориждан қуроллар етказиб берилишига муҳтож ва қурол оқими ҳам тезлашмоқда.
Май ойининг иккинчи ярмида АҚШ Украина учун 40 миллиард долларлик ёрдам пакетини маъқуллади, унинг бир қисми тўғридан тўғри оғир қуроллар етказиб бериш учун йўналтирилади, бир қисми - билвосита етказиб бериладиган қурол ҳажмини ошириш учун сарфланади, масалан, ўз қуролларини украинларга берувчи давлатларга компенсация сифатида.
Пакетнинг ҳарбий-техник қисми нафақат қуроллар етказиб беришни, балки персонални тайёрлаш ва ўқитиш, ҳарбий техника ҳамда қуролларга моддий-техник хизмат кўрсатиш ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади.
Бу пакет аввалгиларидан фарқли ўлароқ, нисбатан узоқ муддат учун мўлжалланган. Вашингтондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар маркази (CSIS) катта илмий ходими Марк Канчианнинг ҳисоботида ёзилишича, бу ёрдам жорий молия йили давомида кўрсатилади.
Шу билан биргаликда, агар урушнинг илк бир ярим ойида Украинага ҳарбий ёрдам миқдори кунига ўртача 30 млн долларни ташкил этган бўлса, апрелда бу кўрсаткич кунига 100 млн долларгача ўсди, ҳозирги пакетга кўра эса кунлик ҳажм 135 млн долларга етади.
23 май куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан музокара ўтказиб, унга айни вақтда Киевга кўпроқ қайси қуроллар зарурлигини маълум қилган.
Киев олишни истаётган қуролларнинг айримларини Украинага етказиб бериш бошланган.
Одесса учун «Гарпун»лар
28 май куни Одесса области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Братчук Украина кемаларга қарши қанотли ракеталарни (Harpoon) қабул қилиб олганини маълум қилди.
«Бизга шунчалик кўп «гарпунлар» етказиб беришдики, энди РФ Қора денгиз флотини бутунлай чўктириб юборишимиз мумкин. Нега ундай бўлмасин», дея ёзди Братчук.
Аввалроқ Буюк Британия, Дания ва Нидерландия Украина ҳарбий-денгиз кучларини Америкада ишлаб чиқарилган «Гарпун» ракеталари билан таъминлаши хабар қилинганди. Ўнлаб украин ҳарбий хизматчилари хорижда ушбу ракета мажмуаларини қўллашни ўрганишган.
Украина мудофаа вазири Алексей Резников «Гарпун» ракеталари Украина соҳил мудофаасини мустаҳкамлаганини қайд этган. «Ишончим комилки, «Гарпун»лар ва бизнинг «Нептун»ларимизнинг бирлашуви Одессанинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, Қора денгизни озод этиш ва уни яна хавфсиз қилишга ёрдам беради», — деган Резников.
Украинага ракеталарнинг айнан қандай модификацияси юборилгани маълум эмас. «Гарпун» - ракеталарнинг бутун бир оиласи, у кўп бор модернизация қилинган. Jane's Defense нашрига кўра, Дания катта эҳтимол билан RGM 84L Block II модификациясини юборишини ёзган.
«Гарпун»нинг бу модификацияси нафақат очиқ денгиздаги нишонларга, балки соҳил яқинидаги кемалар ва ҳатто қуруқликдаги объектларга ҳужум қилиши мумкин.
«Гарпун» ёки «Москва» крейсерини чўктириб юборган украинларнинг «Нептун» русумли кемаларга қарши ракеталари олдиндан нишонни белгилаб бериш орқали йўналтирилади - нишон координаталари уларнинг борт компьютерида сақланади ва нишонга яқинлашгач, ракета радар орқали бошқарилади.
Бундай радар очиқ денгизда йирик металл объектни осонлик билан аниқлайди, аммо қуруқликда нишонни топиш бироз мураккаблашади. Қуруқликдаги кичик нишонларга денгиз ракеталари билан зарба бериш янада қийинроқ - қаттиқ сиртларни ажратиб белгилаш қийинлашади. Айнан шу туфайли портда турган ҳарбий кема очиқ денгиздагидан кўра хавфсизроқ шароитда бўлади.
Аммо «Гарпун» кемаларни порт ёки соҳилдаги қурилмалардан фарқлай оладиган қилиб такомиллаштирилган.
«Гарпун»нинг бу модернизациясида йўналтириш тизимини яхшилаш учун инерция билан ишлайдиган навигация тизимидан ташқари (ракета «хотира бўйича» учаётганида маълум нуқтада ўз траекториясини ўзгартиради), GPS приёмнигидан ҳам фойдаланилган.
«Гарпун»нинг ҳаракатланиш масофаси украинларнинг «Нептун»иникидан камроқ - 280 километрга қарши 140 километр. Аммо жанговар каллак сезиларли даражада кучли - украинларнинг 150 килограммига қарши 221 килограмм.
NavalNews нашри ёзишича, бундай мажмуаларни бошқарувчи персонални ўқитиш учун тахминан 14 кун кетади. Қайд этилишича, бу вақт ракета учиришни ўрганиш учун етарли, аммо техник хизмат кўрсатиш, хатоларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда бошқа кўникмаларни эгаллаш учун қўшимча машғулотлар ўташ керак бўлади.
«Гарпун» мажмуалари Одесса ҳудудига жойлаштирилади, бу орқали украин портларини деблокада қилиш ва россияликлар томонидан десант тушириш эҳтимолига қарши туриш кўзда тутилган.
NavalNews нашри қайд этишича, Қора денгиз флоти кемалари учун ўзига хос «ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари соябони» вазифасини ўтаб келган «Москва» крейсери чўктирилгач, Россия денгиз кучлари Қрим соҳилларига яқинроқ жойлашишга ҳаракат қилмоқда.
Биринчидан, бу ерда уларни соҳилдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳимоялайди, иккинчидан, соҳилнинг ўзи уларни кемаларга қарши ракеталардан сақлайди - юқорида айтилганидек, бу ердаги турли объектлар ракеталарни чалғитади.
Чех вертолётлари ва танклари
Сўнгги етказиб берилган қуроллар қаторида - Ми-35 вертолётлари бор, уларни Украинага Чехия жўнатган.
Украина ҳарбий ҳаво кучлари бундай вертолётлардан қанча қабул қилиб олганига аниқлик киритилмаган, Military Balance нашри маълумотига кўра, 2021 йилда Чехияда 17 дона Ми-24Д ва 10 дона - Ми-35 (Ми-24’нинг янгиланган версияси) вертолётлари бўлган.
2019 йил ёзида Чехия ушбу вертолётлардан, шунингдек Ми-8МТВ ҳарбий-транспорт вертолётларидан воз кечганди, уларни Американинг зарбдор вертолётлари билан алмаштиришга қарор қилинган.
Military Balance маълумотига кўра, Украина 2021 йилда Ми-24 русумли 35 та вертолётга эга бўлган. Айни вақтга келиб уларнинг қанчаси омон қолгани номаълум. Ҳарбий ҳаракатлар шароитида йўқотишлар кўламини аниқ баҳолаш имконсиз.
Зарбдор вертолётлар - замонавий урушлар шароитида қуруқликдаги кучларни қўллаб-қувватлашда муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Уларнинг ўрнини учувчисиз учиш қурилмалари боса олмайди, вертолётлар кўпроқ ўқ-дори олиб юради ва нишонлар танлашда кўпроқ имкониятларга эга ҳисобланади. Аммо қўшинлар кўплаб ҳаво ҳужумига қарши воситаларга эга бўлган шароитда вертолётлар уриб туширилиши эҳтимоли сезиларли даражада юқори бўлади.
Масалан, украин қўшинида кўплаб кўчма ва мобил зенит-ракета мажмуалари пайдо бўлганида, Россиянинг зарбдор вертолётлар гуруҳи катта йўқотишларга учраган ва урушнинг илк кунларидагига қараганда эҳтиёткорлик билан ҳаракатлана бошлаган.
Россия ҳарбийлари ҳам кўплаб зенит воситаларига, жумладан «Панцирь-С» ракета-артиллерия қурилмалари ва украинларнинг тактик авиацияси ҳаракатини қийинлаштириши мумкин бўлган бошқа қурилмаларга эга.
Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг баёнотига кўра, Чехия Украинага танклар ва баравар ўт очиш тизимлари юбориши ҳам кўзда тутилган.
Вазир бу борада ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган, аммо аввалроқ Чехия Украинага бир неча ўн дона RM-70 (советларнинг БМ-21 «Град» тизимининг маҳаллийлаштирилган варианти) ракета қурилмалари ва Т-72М1 танклари жўнатганди.
M777 – «ақлли» ёки оддийси?
Аввалроқ АҚШ Украинага 90 та М777 гаубицалари етказиб берганди. Австралия ва Канада шундай воситалардан яна 10 тасини юборишни ваъда қилган.
Аммо гаубицаларнинг жўнатишга тайёрланаётгандаги ва Украинага етиб келгандаги тасвирлари пайдо бўлганида, ҳарбий экспертлар уларнинг корпусларида юқори аниқликдаги снарядларни отиш учун зарур бўлган рақамли блоклар йўқлигига эътибор қаратишди.
Бундай блоклар - амалда борт компьютерлари - нафақат гаубица коррдинаталарини, балки снаряднинг бошланғич тезлиги ва бошқа кўплаб жиҳатларни ҳисоблайди. Бундан ташқари, улар йўналтириш жараёнини тезлаштирувчи маълумот алмашиш блокларига эга. Бу блоклар стволнинг ўрта қисмида ўрнатилган кичик пўлат қути кўринишида бўлади (яна бир блок ствол остида жойлашади ва ташқаридан қараганда кўринмайди).
Украина мудофаа вазирлиги тарқатган видеода ҳам М777 гаубицаларида бундай блоклар йўқлигини кўриш мумкин.
Бундай қутилар йўқлигини кўрган кўплаб шарҳловчилар украинларга етказиб берилган М777 замбараклари M982 Excalibur типидаги юқори аниқликда йўналтирилувчи ўқ-дорилардан фойдалана олмаслиги ҳақида айта бошлашди.
Шу билан бирга, Telegram’да Польша ва Украина чегарасида олингани айтилган яна бир видео пайдо бўлди. Унда электрон блоклар ўрнатилган М777 гаубицаларини олиб кетаётган шатакчилар акс этган. Видеода бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Юқори аниқликдаги снарядлар
Украинага янги ёрдам пакети М777 гаубицалари учун Канада томони етказиб бераётган 20 минг снарядни ҳам ўз ичига олади. Улар орасида юқори аниқликдаги ўқ-дорилар ҳам бор-йўқлиги маълум эмас.
M982 Excalibur снарядлари иккита галма-гал ишловчи навигация тизимларидан - ўт отиш нуқтасидан нишонгача траекторияни ҳисобловчи GPS ва инерцияга асосланган тизимлардан фойдаланади. Инерциал тизим ташқи ахборот манбаларига, масалан, сунъий йўлдош сигналига боғлиқ бўлмайди, у фақат снаряд парвози траекториясини ҳисоблайди.
Бунда снаряд манёвр қилиш ва етиб бориш масофасини 40 километргача оширишга ёрдам берувчи йиғиладиган «қанотлар»дан фойдаланади. M982 Excalibur’нинг нишондан четга оғиш эҳтимоли беш метрдан ошмайди.
Россияликларнинг Украинада қўлланаётган юқори аниқликда ҳаракатланувчи «Краснополь» снарядлари эса нишон ташқаридан белгилаб берилишига муҳтож - у лазер нури орқали йўналтирилади. Бундай тизим, нишонни белгилаб берувчи қўшимча воситадан ташқари об-ҳаво шароитларига ҳам (туман, тутун ва бошқалар) боғлиқ.
Ижтимоий тармоқда пайдо бўлган фотосуратлардан бирининг муаллифи узоқ масофага учувчи ва қудратли M795 ҳамда M549A1 снарядлари Украинага етказиб берилганини айтади. Булар учиш масофаси яхшиланган ўқ-дорилардир, M795’нинг аниқлиги ҳам кучайтирилган, аммо у ҳам Excalibur’ники каби юқори даражада эмас.
Юқори аниқликдаги снарядлар Украинага шунинг учун керакки, эндиликда ҳарбий ҳаракатларда артиллерия энг асосий зарба бериш воситасига айланди. Россияда артиллерия тизимлари кўпроқ - ўзиюрар, шатакка олинувчи, стволлли ва реактив тизимлар. Украина қуролли кучлари сон устунлигига сифат билан қарши туришга интилмоқда. Бундан ташқари, украинлар россияликларнинг кўп сонли артиллерия тизимларига қарши кураш шароитида юқори аниқликдаги снарядлар билан самарадорликни оширишни исташмоқда.
Шиллиқуртдаги патрон
Украина ўзи истаган барча қуролларни ололмаяпти.
Хусусан, Америка ҳамон узоқ масофага зарба берувчи баравар ўт очиш тизимларини етказиб беришга иккиланмоқда. Стволли артиллерия билан бўлгани каби бундай тизим ҳам Украина қуролли кучлари учун масофа борасида устунликка эга бўлишда жуда муҳим.
Киев Америкадан 300 километр масофадаги нишонга зарба бера олувчи M142 HIMARS ҳамда 80 километрга отувчи M270 MLRS баравар ўт очиш тизимларини сўрамоқда.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний 5 май куниёқ фейсбукдаги саҳифасида бундай тизимлар Украина армияси учун жуда зарур эканини ёзганди.
18 май куни Politico нашри АҚШ президенти маъмуриятидаги манбасига асосланган ҳолда, Вашингтон бундай кучли тизимларни Киевга беришни истамаётгани ҳақида хабар тарқатди. Манба буни маъмурият украинларга бундай тизимлардан кам миқдорда етказиб беришдан кўра, кўпроқ М777 гаубицалари ва улар учун снарядлар етказиб беришни маъқул кўраётгани билан изоҳлаганди.
Шунингдек, Вашингтондагилар украинлар бундай тизимлар билан Россия ҳудудига зарба бериши мумкинлиги ва можаро янада кескинлашувидан хавфсираётгани айтилди.
27 май куни CNN Байден маъмурияти узоқ иккиланишлардан кейин Украинага M270 MLRS баравар ўт очиш тизимларини етказиб беришга рози бўлганини хабар қилди.
29 май куни Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат армияси 100 километрдан ортиқ масофага зарба берувчи MLRS тизимларини олаётганини маълум қилди.
20 май куни Reuters агентлиги Вашингтон Киевга «Гарпун» ракеталаридан ташқари Норвегия томонидан ишлаб чиқилган Naval Strike Missile русумли кемаларга қарши ракеталар ҳам етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берганди.
185 километр масофага етиб борувчи ва 125 килограммлик жанговар каллакка эга бўлган бундай ракеталар «Гарпун»лардан бошқачароқ қилиб ишланган. Унинг йўналтириш тизими инфрақизил датчик ва борт компютеридаги нишонлар ҳақидаги маълумотлар базасидан фойдаланади. Бундай опция эвазига NSM нафақат денгиздаги, балки соҳилдаги ёки ер юзасидаги нишонларга ҳам ҳужум қила олади. Бундан ташқари, ракета нишонга қараб учиш чоғида ўзининг уриб туширилишини қийинлаштириш учун манёврлар амалга ошира олади.
Америка матбуоти Украинага 40 миллиард долларлик ёрдам пакетини тайёрлаш чоғида Украинага Patriot зенит-ракета мажмуаларини етказиб бериш масаласини ҳам кенг муҳокама қилди. Бу тизим кенг радиусда ҳаракат қилиб, баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, ҳарбий самолётларни уриб туширишга қодир. Ҳозирда очиқ манбаларда бундай тизимлар етказиб бериш режаси бўйича тафсилотлар йўқ.
Қолаверса, Германиядан оғир қуроллар етказиб берилиши масаласига ҳам ҳал қилингани йўқ. Аввалроқ Берлин Киевга еттита PzH 2000 русумли (яна бештасини Нидерландия беради) ўзиюрар артиллерия қурилмалари, шунингдек Leopard 1 танклари шассисига ўрнатилган 70 та Gepard зенит-ракета тизимлари юбориши хабар қилинганди. Бундан ташқари, немис нашрларига кўра, Rheinmetall компанияси ҳукуматга Украинага 88 та Leopard-1A5 танклари ва юзга яқин Marder жанговар пиёдалар машиналари (БМП) етказиб бериш таклифи билан мурожаат қилган.
УНИАН агентлиги маълумотига кўра, украин ҳарбийлари PzH 2000 ўзиюрар артиллерия қурилмаларидан фойдаланиш учун Германияда таҳсил олмоқда. 20 май куни Германия мудофаа вазири Gepard зенит танклари ҳам Украинага етказилиши, аммо уларнинг сони 15 дона бўлиши ва бу етказма фақат июл ойида амалга оширилиши мумкинлигини айтди.
«Леопард» ва «Мардер»лар масаласи ҳали ҳал бўлмаган. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Давос форумида БМПлар етказиб берилиши эҳтимоли юқори экани, танклар бўйича эса ҳозирча фақат орзу қилиш мумкинлигини айтди.
Бошқа бир дипломат, Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мельник твиттердаги саҳифасида елкасига бир дона патрон ортмоқлаган шиллиқурт суратини жойлаштирди ва «Германиянинг Украинага ёрдами аллақачон йўлда» дея изоҳ қолдирди. Мельникнинг сўзларига кўра, у бу суратни Киевдаги ҳукумат аъзоларидан биридан қабул қилган.
Аввалроқ Мельник ўз интервьюларидан бирида қуроллар етказиб берилишини Олаф Шолц канцелярияси секинлаштираётгани ҳақида айтганди.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
11:08 / 09.11.2024