08:28 / 31.05.2022
78176

Дидсизлик ва бошбошдоқликка қўйилган ҳайкал: Самарқанддаги «қўзиқорин» бино бузилмайди. Бузишолмайди

Интернетда шов-шув бўлган, айримлар масхара қилаётган, кимларгадир ёққан Самарқанддаги «қўзиқоринсимон» бино бузилиши лозимлиги ҳақида Қурилиш вазирлиги хулоса берган. Бироқ айни дамда уни бузиш амалда иложсиз.

Мутасаддиларнинг гап-сўзларидан маълум бўляптики, дид ҳамда пухта лойиҳа билан эмас, кимнингдир ўз билганича қарорлари туфайли осмон қадар қад ростлаган бу бинони бузиш ҳали кўп бошоғриқ бўлади.

10 йил аввал бошланган қурилиш

Бино эгаси Ф.Халилов қурилиш ишларини ўзига тегишли ер участкасида 10 йил муқаддам — 2012 йилда бошлаган. Шу сабабдандир, ҳаттоки ҳокимнинг қарори ҳам олинмаган. Google Maps дастури архиви ҳам 2014 йилдаёқ бинонинг 9 қавати кўтарилиб бўлганидан далолат бериб турибди.

Жўйсойдаги қурилган бино Google Maps дастури архивидаги 2014 йилнинг августидаги кўриниши.

Бироқ мутахассис бўлмаган кўз ҳам бинонинг 4 қавати ёнига ёпиштирилган консол устига беш қават асосий бино, яна 3 қават мансарда қисми миндирилганини кўриши мумкин.

Мутахассис бўлмаган одам ҳам биладики, кўп қаватли биноларда юқорига кўтарилган сари бино периметри торайиб бориши керак, асло кенгаймаслиги керак.

Дубайдаги кўп қаватли бинолар. Фото: Global Air American Express

Самарқанд 9 баллик сейсмик зонада жойлашгани ҳисобга олинса, бу бинонинг зилзилабардошлиги аниқ шубҳа остида. Кучли зилзилани-ку қўятуринг, шунчаки бино ўз оғирлигига дош бермасдан чўкадиган (ахир қозиқ шаклида!) ёки қулайдиган бўлса ҳам, ёндаги қўшни турар жойлар устига қулайди. Чунки қурилиш вазирлиги бино устунларида дарз кетган жойлар аниқланганини билдирган.

Қолаверса, бинонинг ертўла қисмидан музлаткич сифатида фойдаланиш назарда тутилган экан. Бу ҳам хавфсизлик талабларига мутлақо зид. Совуқда бетон устунлар ва унинг ичидаги арматура тораяди. Бу ҳам деформацияга албатта сабаб бўлади. Чунки устида 12 қаватли юк турибди. Музлаткичга мўлжалланган бинолар эса бежизга бир қаватли қилиб қурилмайди.

Турган гапки, бундай бино ён-атрофида яшаш хавфсизлик техникасига тўғри келмайди, ундан фойдаланиб бўлмайди. Қурилиш вазирлиги хулосасига кўра у бузилиши керак.

Ҳақли савол туғилади: нега бино қурилиши 10 йил аввал бошланган экан, бугунга келиб уни бузиш тўғрисида қарор қилинмоқда? Бироқ, бино қурилиши ноқонуний эканлиги борасида Самарқанд туман ҳокимлиги Ф.Халилов билан 7 йилдан буён судлашади.

Қолаверса, ушбу бинога яқин ҳудудда Уста Умар Жўрақулов кўчаси кенгайтириб очилди. Самарқанд туризм маркази томон янги йўл ўтказилди. Самарқанд қоғози маркази ҳам шу атрофда жойлашган. Ўз-ўзидан бино сўнгги пайтларда Самарқанд шаҳрига келган сайёҳларнинг ҳам, республика даражасидаги раҳбарларнинг ҳам нигоҳига тез-тез туша бошлади.

Бинони бузиш учун ҳуқуқий асос қандай вужудга келади?

Самарқандда сўнгги 3-4 йилда янги қуриладиган бинолар шаҳарсозлик меъёрларига тўғри келиш-келмаслиги очиқ мажлисда муҳокама этилмоқда. Унда соҳа мутахассислари, журналистлар, талабалар ҳам иштирок этмоқда. Мажлис онлайн тарзда Самарқанд вилоят ҳокимлигининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида эълон қилиб борилади.

Хуллас, эндиликка келиб Самарқандда бу борада қатъий талаблар шаклланди. Бироқ, шаҳарда аввалроқ қурилган ноқонуний бинолар ва ноқонуний равишда қўшилган қўшимча қаватларга эга биноларнинг қаватларини пасайтириш ҳанузгача муаммо бўлиб тургани рост.

Самарқандда ноқонуний қурилган ва бузилиши лозим бўлган биноларни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов шахсан санаб ўтган эди. Қурилиш вазири Ботир Зокиров эса ноқонуний қурилган ва устига ноқонуний қаватлар қўшилган биноларни бузиш учун махсус ускуналар керак бўлишини билдирган эди.

Бу ишда энг ҳайратланарлиси, қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ходимлари бино мутлақо техник талабларга тўғри келмаслиги, ундан фойдаланиш ва яшаш хавфли экани ҳақида аниқ ва асосланган хулоса берган тақдирда ҳам Қурилиш вазирлиги ёки унинг ҳудудий бўлимларидан бирортаси бориб, бинонинг эгасига бу бино шаҳарсозлик ва қурилиш қоидалари ва меъёрий ҳужжатларига зид экан, буз, деб талаб қўя олмайди.

Бунинг учун аввало зарур хулосалар тўпланиб, судга тақдим этилади. Суд агар бузиш ҳақида қарор чиқарса, уни бузишни албатта бинони қурган эгасининг зиммасига юклайди. Сўнг ижро иши МИБга ўтказилади. МИБ эса кўп қаватли бинони бузолмайди, айниқса у турар жой бўлса. Эгасини ҳам мажбур қилолмайди.

Бундан «қўзиқорин» бино ҳам мустасно эмас. Уни бузиш тўғрисида суд қарори бўлганда ҳам уни буздира олишмайди. Эгаси бузмайди. «Керак бўлса бузиб олинглар», дейди. Бузадиган одам эса йўқ. Бино тураверади. Орадан ойлар, йиллар ўтаверади...

Жавобгар бўлмаслик хусусидаги ишончни синдириш

Очиғини тан олиш керак, ноқонуний қурилиш қилиш ҳадисини олганларда «тезроқ бир илож қилиб қуриб олсам бўлди, ҳеч ким буза олмайди», деган метин ишонч шаклланиб бўлган.

Соҳада назоратнинг сустлиги, коррупцион омиллар, жазо механизми йўқлиги мана шундай ишончни яратган. Қурилиш соҳаси мутасаддилари ҳам бу борада қурувчиларга «ақл ўргатиши»га шахсан мен ишонаман. Улар ҳам қурилиш ноқонуний эканини билишади, ҳужжатларга имзо чекишмайди, лекин «қуравер, буёғига Худо пошшо», қабилида «текин маслаҳат» беришади. Йўқса, бундай қурилишларни ҳали чалалик вақтида тўхтатишарди.

Хуллас, бундай ишончни ноқонуний барпо этилган биноларни суд қарори орқали намойишкорона бузиш билангина «синдириш» мумкин. Бироқ, бунинг учун маълум бир қоидалар ишлаб чиқилиши тақозо этилмоқда.

Масалан, суд қарори билан бино бузилиши ва уни қурган эгаси бузиб олиши ҳақида хулоса берилди, дейлик. Суд аввало бинони бузиш учун аниқ муддат белгилаши керак. Дейлик, камида 6 ой.

Ярим йил ичида бинони қурган эгаси бузиб олмадими, демак давлатнинг ўзи бузишга киришиши керак. Лекин бу ишни қайси ташкилот амалга оширади?

Албатта, Мажбурий ижро бюроси.

МИБ суд қарорини ижро этиш учун ихтисослашган компанияни ёллайди. Энг оқилона йўл — қурилиш назорати инспекцияси қошида мана шундай бўлим фаолият кўрсатиши керак. Улар зарур техникалар билан тўлиқ таъминланган бўлиши лозим.

Бузиш ишларига кетган харажатлар ноқонуний бино қурган юридик (таъсисчилари, раҳбарлари) ёки жисмоний шахс зиммасига тўлиқ ағдарилиши керак. Улардан давлат бюджетига ундирилиши лозим. Ундирув ноқонуний қурилишни амалга оширган шахснинг барча мол-мулклари, бойликларига қаратилиши, ўзи эса мамлакатни тарк эта олмаслиги лозим.

Фуқаролик объектларини қуришда лойиҳа ҳужжатларини бузиб қурилиш ишларини олиб борганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланиши керак.

Токи қурилиш соҳасига масъул идоралар ноқонуний қурилишларни аниқлаб бериб, уни буздира олмас экан, бундай қурилишлар тугамайди, авж олаверади. Суднинг қурилиш ноқонуний эканлиги, бино бузилиши лозимлиги хусусидаги қарорлари эса қуруқ формалликка айланади. Йўқса, Жўйсойдаги уй бўйича Самарқанд туман ҳокимлиги 7 йилдан буён судлашиб юрмаган бўларди.

Россиялик таниқли блогер Илья Варламов ўз телеграм каналида Жўйсойдаги «қўзиқорин» бинони асло бузмаслик кераклигини айтиб кинояли пост ёзди:

«Бундай шедеврни бузиб ташлашни хато деб биламан. Уни дидсизлик ва бошбошдоқлик даврига қўйилган ҳайкал сифатида сақлаб қолиш керак», деган Варламов.

Йўқ. Агар судда бинонинг ноқонуний ва хавфли эканлиги исботланса у бузилиши керак. Агар бузишнинг имкони топилмаса, бино атрофида яшовчилар бошқа жойга кўчирилиб, Варламов таъкидлаганидек, бино шунчаки дидсизликка ўрнатилган ҳайкал янглиғ ўртада қолавериши керак. (Албатта, ундан фойдаланиш тақиқланган ҳолда). Зарари камроқ бўлади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Top