Жаҳон | 08:33 / 31.05.2022
14283
3 дақиқада ўқилади

РФга қарши санкциялар Россия компанияларининг 86 фоиздан ортиғига таъсир кўрсатди 

Россиядаги компанияларнинг 77,4 фоизи санкцияларга мослашмоқда, 11,7 фоизи бизнесни тўхтатмоқда, бу ҳақда бизнес-омбудсман Борис Титовнинг аппарати томонидан тайёрланган ҳисоботда айтилади.

Фото: Getty Images

Россия президенти ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Борис Титовнинг аппарати томонидан тайёрланган ҳисобот - «Бизнесдаги ҳолат мониторинги»га кўра, Россияга қарши амалдаги санкциялар Россия компанияларининг 86,8 фоизига таъсир кўрсатди. Бу ҳақда «Интерфакс» 31 май, сешанба куни хабар берди.

Ҳужжатга кўра, жорий этилган санкциялардан жабрланган компанияларнинг 77,4 фоизи уларга мослаша олган ёки шуни режалаштирмоқда, «лекин 11,7 фоизи буни амалга ошира олмади ва бизнесни тўлиқ ёки қисман тўхтатди». Сўровда қатнашганларнинг 67,1 фоизи иқтисодий таназзул оқибатларини ҳис қилаётганини билдирган.

Тадқиқот учун сўровда қатнашган тадбиркорларнинг атиги 10,4 фоизи ўз бизнеси ҳали ҳам барқарор ва ўсиб бораётганини айтган. Ишбилармонлик билан боғлиқ муаммолар орасида респондентларнинг 62,2 фоизи талабнинг қисқаришини, «бунинг ортидан айланма маблағлар ва нақд пул етишмовчилиги, етказиб бериш занжирининг узилиши ва импорт бўйича қийинчиликлар»ни тилга олди.

50 фоиздан ортиқ тадбиркорлар Россия ҳукумати корхоналарнинг санкциялар остида ишлашини таъминлаш учун етарли ҳаракат қилмаяпти, деб ҳисоблайди, 35 фоизи эса расмийларнинг ҳаракатларини «хотиржам ва самарали» деб баҳолаган. «Мониторинг сўзсиз кўрсатмоқдаки, бизнес аксарият қисми ҳукуматнинг ўзгаришларга нисбатан ҳозирги муносабатини етарли эмас деб ҳисоблайди. Муаммоларни фақат фундаментал ислоҳотлар орқали, ривожланиш моделининг ўзини ўзгартириш орқали енгиш мумкин», - деди Борис Титов.

Аввалроқ, 30 май куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Брюсселда бошланган икки кунлик ЕИ саммитида Россия нефтига нисбатан эмбарго бўйича муросани кутмаётгани ҳақида маълум қилди. Бироқ шу куни Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел «Россия нефтини Европа иттифоқига экспорт қилишни тақиқлаш бўйича келишувга эришилгани»ни билдирди.

«Бу Россия нефть импортининг учдан икки қисмидан кўпроғини қоплайди ва бу унинг уруш машинасини молиялаштиришнинг катта манбасини тўхтатади», деб ёзди Мишел Twitter’да. Маълумки, Россия нефтининг учдан икки қисми ЕИга танкерлар орқали, учдан бир қисми эса «Дружба» қувури орқали етказилади. 

Мавзуга оид