Ўзбекистон | 19:43 / 03.06.2022
28107
4 дақиқада ўқилади

Электр энергияси тарифида кутилаётган ўзгариш бўйича таққослама калкулятор тақдим этилди

Энергетика вазирлиги истеъмолчилар учун онлайн калкуляторни тақдим этди. Унинг ёрдамида ҳар бир истеъмолчи таклиф этилаётган табақалаштирилган тарифлар унинг харажатларига қанча таъсир қилишини ҳисоблаб кўриши мумкин. Бундан ташқари, истеъмолчилар шахсий кабинетлари орқали қайси ойда қанча электр ишлатганликларини онлайн кўра олади.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда 1 июлдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ошиши кутилмоқда. Бу гал ижтимоий тенгсизликни камайтириш мақсадида тарифларни табақалаштириш таклиф этиляпти.

Бунда, ижтимоий норма доирасида алоҳида нарх, нормадан ташқари алоҳида нарх белгиланиши мумкин. Бу – давлат субсидиясининг манзилли бўлиши ва тежамкорликка ундаши билан бирга, ҳисоб-китобларни мураккаблаштиради. Шундан келиб чиқиб, Энергетика вазирлиги таклиф этилаётган янги нархлар кимга қандай таъсир қилиши мумкинлигини мустақил ва осон ҳисобловчи калкуляторни тақдим этди.

Изоҳ: Бир вақтнинг ўзида кўпчиликнинг сайтга кириши узилишларга сабаб бўлиши мумкин, бунда такроран уриниб кўриш кераклиги ва мутахассислар бу борада иш олиб бораётгани маълум қилинди.

Онлайн калкуляторга ойлик электр энергияси сарфи ва хонадон тури киритилса, у ҳозирги ва таклиф этилаётган тарифлар бўйича харажат миқдори ҳамда ўртадаги фарқни ҳисоблаб беради.

Шу билан бирга, истеъмолчилар ойлик энергия сарфи миқдорини ҳам онлайн билишлари мумкин. Бунинг учун “Ҳудудий электр тармоқлари” сайтидаги шахсий кабинетга кириш лозим.

Кабинетда истеъмолчи қайси ойда қанча электр энергияси ишлатгани, қайси саналарда қанча тўлов қилгани, тўлов квитанциялари ва бошқа маълумотларни олиши мумкин.

Кабинетга кириш учун истеъмолчининг телефон рақами тизимга уланган бўлиши керак. Буни туман (шаҳар) электр корхонаси ёки банк кассалари орқали қилса бўлади. Агар сизга ҳар ойнинг биринчи санасида “Ҳудудий электр тармоқлари”дан ҳисобингиздаги қолдиқ ҳақида SMS келиб турса, у ҳолда ана шу рақамингиз тизимга уланган.

Рақам тизимга улангач, онлайн шахсий кабинетга кириш паролини олиш учун шу рақамдан 2100 қисқа рақамига лотинча “P” ҳарфини SMS шаклида юбориш лозим. Шундан сўнг логин ва парол кўрсатилган SMS келади.

Логин сифатида абонент рақамидан фойдаланилади (12 рақамли сон, электрон тўлов тизимлари орқали тўлов қилишда ҳам фойдаланилади). Логин ва парол киритилгач, “Ҳисоб-рақам ҳолати” бўлимида электр энергияси сарфи бўйича бир неча йиллик кўрсаткичлар билан танишиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, муҳокамага қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида 1 июлдан 1 кВт соат электр ҳақини хонадонлар учун қуйидагича белгилаш кўзда тутилган:

  • ижтимоий норма доирасида: ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм (ҳозирда 295 сўм);
  • 251-кВт соатдан бошлаб ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм.

Аввалроқ энг кенг тарқалган электр жиҳозлар қанча энергия сарфлаши маълум қилинганди.

Мавзуга оид