Ўзбекистон | 07:46 / 04.06.2022
11213
2 дақиқада ўқилади

Хусусий «заправка»ларда 393 минг литр нефть маҳсулоти билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолати аниқланди

Хусусий АЁҚШларда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 393 минг литр нефть маҳсулотлари билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Фото: Sputnik / Константин Михальчевский

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзнефтгазинспекция” томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали истеъмолчиларга етказиб берилаётган нефть маҳсулотларини сифат ва миқдор жиҳатидан амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги назорат қилиб келинмоқда.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 25-28 май кунлари нефть маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи 113 та хусусий корхоналарга қарашли 117 та АЁҚШларда навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди.

Тадбир давомида умумий миқдори 393 минг литр нефть маҳсулотлари билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, АЁҚШлар сиғимларида сақланаётган 2 миллион 408 минг литр нефть маҳсулотларидан намуналар олиниб, лаборатория шароитида таҳлил этилганида 230 минг литр (10 фоиз) маҳсулот сифатсиз экани, 150 минг литр камомад ва 13 минг литр ортиқчаликка йўл қўйилгани, 43 та ҳолатда истеъмолчилардан ҳар 10 литрда 10 миллилитрдан 740 миллилитргача уриб қолинаётгани аниқланган.

Шунингдек, тадбир давомида АЁҚШларда 450 га яқин техник ва метрологик камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди.

Республика бўйича аниқланган қонун бузилиши ҳолатларининг асосий қисми Андижон вилояти (94 минг литр), Сурхондарё вилояти (70 минг литр), Тошкент вилояти (44 минг литр), Наманган вилояти (38 минг литр), Сирдарё вилояти (23 минг литр), Фарғона вилояти (39 минг литр), Тошкент шаҳри (18 минг литр), Жиззах вилояти (21 минг литр) ва Самарқанд вилоятига (22 минг литр) тўғри келмоқда.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Мавзуга оид