Жаҳон | 13:00 / 05.06.2022
44578
5 дақиқада ўқилади

Киевга яна ракета зарбалари берилди

5 июн тонгида Киевда бир неча портлашлар кузатилди. Украина пойтахти мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Дарницк ва Днепровск районларига ракета зарбалари келиб тушган.

Фото: Reuters

«Бир неча портлашлар бўлди. Тегишли хизматлар воқеа жойида ишламоқда», дея ёзди Кличко ўз телеграм-каналида. Кейинроқ у зарбалар натижасида ҳалок бўлганлар йўқлиги, бир киши шифохонага ётқизилганини хабар қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ракеталар инфратузилма объектларига келиб тушган. Гувоҳлар портлашлардан кейин ёнғин чиққани ҳақида хабар беришган. «Укрзализныця» (Украина темирйўллари) компанияси кузатув кенгаши аъзоси Сергей Лешченко телеграм-каналида темирйўл инфратузилмаларига ҳам зарбалар келиб тушганини маълум қилган.

Украина регионларидан келган хабарларга кўра, Краматорск, Лисичанск, Киев областидаги Броваров шаҳарчасига ҳам зарбалар берилган. Луганс области раҳбари Сергей Гайдайнинг маълумотига кўра, Лисичанск ўққа тутилиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлиб, икки эркак яраланган.

Донецк области маъмурияти раҳбари Павел Кириленко 4 июн куни област ҳудуди ўққа тутилиши оқибатида жами олти киши ҳалок бўлиб, тўққиз киши яраланганини хабар қилган. Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР раҳбарияти Донецкка берилган зарба оқибатида 13 киши яраланганини маълум қилган.

Киевдан 25 км масофада жойлашган Броваров шаҳри мэри Игор Сапожко фейсбукдаги саҳифасида зарбалар аҳоли пунктларига жуда яқин ҳудудга берилганини хабар қилган. У портлашлардан кейин пойтахтда тутун ҳиди пайдо бўлганини қўшимча қилган.

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари фейсбукдаги саҳифаси орқали, дастлабки маълумотларга кўра, ракеталар Каспий денгизи акваториясида туриб Ту-95 самолётларидан учирилганини хабар қилди. Ҳарбийларнинг тасдиқлашича, тонгги соат 6 атрофида Киев йўналишида бир қанча ракеталар учирилган, улардан бири ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали йўқ қилинган.

Заводда ҳарбий техникалар бўлганми?

Якшанба куни Россия мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенков Киевга берилган зарбалар нишони Киев атрофидаги «вагон таъмирлаш корхоналари корпуси»га жойлаштирилган украин зирҳли техникалари бўлган.

«Россия ҳарбий космик кучлари юқори аниқликдаги ракеталар билан Киев атрофида Шарқий Европа давлатлари томонидан етказиб берилган Т-72 танклари ва бошқа зирҳли техникаларни йўқ қилди», дея маълум қилган Конашенков [иқтибос ТАСС агентлигига тегишли].

Украина темирйўллари раҳбари Олександр Камишин россияликларнинг Дарницкийдаги вагон таъмирлаш заводида ҳарбий техника бўлгани ҳақидаги даъвосини рад этган.

«Бугун тонгда россиялик ҳарбийлар яна бир бор темирйўл инфратузилмасини ўққа тутишди. Тўртта ракета билан Дарница дарёсининг сўл соҳилида жойлашган вагон таъмирлаш заводига зарба берилди. Умуман олганда, бу биз учун одатий кун бошланиши бўлиб қолди. Улар доимий равишда ҳар куни темирйўлларга зарба беришмоқда, биз эса тезда таъмирлаб, ишни давом эттиряпмиз. Темирйўлчилардан бири яраланган, унга тиббий ёрдам кўрсатилган», дея ёзган Камишин ўз телеграм-каналида.

У бу заводда танклар таъмирланмаслигини айтган ва бунинг исботи учун ОАВ вакилларини корхона ҳудудига таклиф этган.

«Расман маълум қиламанки, Дарницкий вагон таъмирлаш заводи ҳудудида ҳарбий техникалар йўқ эди. Бу заводда яримвагонлар ва экспорт маҳсулотлари ташишда фойдаланиладиган зерновозлар таъмирланган.

Биз тасдиқлаймизки, Россия яна бир бор алдади. Уларнинг ҳақиқий нишони - иқтисодиёт ва тинч аҳоли. Улар украин маҳсулотлари экспортини тўсиб қўйишни мақсад қилишган», деган у.

«Энергоатом»дагилар Киев томонга учирилган ракеталардан бири Жанубий-Украина атом электр станцияси устидан жуда паст баландликда учиб ўтганини хабар қилишган. Бу ҳолат акс этган тасвирлар тарқатилган.

Компания «россияликлар ҳамон ракетанинг кичик бир парчаси ишлаб турган энергоблокка келиб тушиши, ядровий фалокат ва радиацияга сабаб бўлишини тушунмаётгани»ни қайд этган.

Киевга берилган зарба бўйича Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳам твиттери орқали муносабат билдирди: «Кимдир «[Россию]ни камситмаслик»ни сўраётган маҳалда, Кремль навбатдаги қабиҳ ҳужумларга ўтмоқда. Киев бўйлаб берилган бугунги ракета зарбаларидан мақсад фақат битта - имкон қадар кўпроқ [украинларни] ўлдириш. Бу каби терроризм актининг ҳар бирига Европа пойтахтларида қатъий жавоб қайтарилиши керак - янги санкциялар, кўпроқ қуроллар билан».

Аввалроқ Франция президенти Эммануэл Макрон Россияни «камситмаслик»ка чақирган, бу эса украин сиёсатчиларининг кескин танқидларига учраганди.

Бу Киев апрел ойидан буён илк бор ўққа тутилишидир. Шаҳарга сўнгги бор 29 апрелда зарба берилганди. Ўшанда бир киши - журналист Вера Гирич ҳалок бўлган, 10 киши яраланганди.

Мавзуга оид