Жаҳон | 20:34 / 05.06.2022
18799
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Байден Исроил ва Саудияга сафарини қолдирди

Фото: AP

АҚШ президенти июн ойида Яқин Шарқ мамлакатларига, хусусан, Исроил ва Саудия Арабистонига сафарини қолдирган. Бу ҳақда қатор маҳаллий нашрлар ёзмоқда.

NBC ўз манбаларига таяниб ёзишича, Байденнинг июн ойи охирида Саудияга режалаштирган сафари июл ойига қолдирилган. АҚШ президенти Саудияга бормоқчи экани ҳақида ўзи ҳам айтган, у Ар Риёдда амалда мамлакат бошқарувчиси бўлган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан учрашишни кўзлаётганди.

Байденнинг Саудияга бормоқчи экани Вашингтонда турли фикрларни келтириб чиқарган. Чунки сайлов компанияси вақтида Байден журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилгани сабаб Саудияга қарши салбий фикрлар билдирган. 2018 йил АҚШ Марказий разведка бюроси журналист Жамол Қошиқчи Саудиянинг Истанбулдаги элчихонасида айнан Муҳаммад бин Салмон буйруғи билан ўлдирилган деган қарорга келганди.

Байден Саудияга ташрифи вақтида нефт қазиб олишни ошириш масаласини муҳокама қилиши ҳам мумкин. Олдинроқ Саудия кунлик нефт қазиб олиш ҳажмини ошириши айтилганди. Чунки уруш сабаб бозорда нефт нархининг ошишига Россияда қазиб олишнинг камайгани ҳам таъсир қилмоқда.

Шунингдек, Байден Саудиядан кейин Исроилга ҳам бориши кутилганди. ОАВ бу сафар ҳам қолдирилгани ҳақида ёзмоқда. Бунга сабаблардан бири сифатида Исроил бош вазири Нафтали Беннетнинг ҳукуматдаги «курсиси қимирлаб қолгани» ҳам кўрсатилмоқда. Исроил нашрларининг ёзишича, Байден Исроилдаги ҳукумат ўзгаришига алоқадордек кўриниб қолмаслик учун Яқин Шарқ сафарини кечиктирган.

 

Мавзуга оид