Жаҳон | 14:54 / 07.06.2022
55450
11 дақиқада ўқилади

Боши учун энг катта пул тикилганлар

Бин Лодин, Пабло Эскобар, Хоакин Гусман, Айман аз-Завоҳирий, Абу Бакр Ал-Бағдодий... Инсоният ёвузликка, айниқса халқаро жиноятчиликка курашда турли усулларни қўллайди. Бу жараёнда аниқ маълумот олиш жуда муҳим ва давлатлар қидирувдаги шахслар ҳақида ишончли хабар берганлар учун жуда катта пуллар ваъда қилишади. Ҳозирча рекорд – 50 млн доллар.

Фотоколлаж: Kun.uz

Замонавий дунёда бу масалада фақат маълумот учун пул тўланса, бир неча асрлар аввал қатор давлатлар, жумладан АҚШда жиноятчининг тириги ёки ўлиги учун мукофот тайинлаш урфга кирганди. Натижада қидирувдагиларни тутиб пул ишлашни касб қилиб олган одамлар гуруҳи пайдо бўлган, бу ҳақда асарлар ёзилган, кинолар ишланган.

Аммо бугунги кунда адолат қиличи оддий инсонлар қўлига ўтиши нафақат хавфли, балки қонунлар билан тақиқланган. Шунга қарамай, жиноятчилар ҳақида аниқ маълумот учун катта мукофот бериш тизими кенг қўлланади. Қуйида боши учун энг катта пул таклиф қилинган жиноятчиларнинг энг машҳурларини санаб ўтамиз.

Хоакин Гусман, наркобарон, $5 млн + $3,8 млн

OrsXYeOKMzfFL2c-J1rUZzmHuy1FlBhO.jpg (1200×821)
Фото: AP Photo / Rebecca Blackwell

Мексикалик наркобарон, бутун дунёга довруқ таратган “Синалоа” наркокартели етакчиси Хоакин Гусманни жуда кўп давлатлар махсус хизматлари, айниқса АҚШ ФҚБ зўр бериб излади. Америка ҳукумати El Chapo (Миттивой) лақабли миллиардернинг боши учун 5 млн доллар ваъда қилди. Лекин шоҳона яшаш билан бирга хавфсизлиги учун пулни аямайдиган Гусманни тутиш узоқ вақт иложсизлигича қолди.

1993 йилда у қўлга олинди ва 20 йилга ҳукм қилинди. Аммо 2001 йилда қочишга муваффақ бўлди. Шундан кейин АҚШ ваъда қилган 5 млн билан бирга, Мексика ҳукумати ҳам 60 млн пьесо (3,8 млн доллар) мукофот тайинлади.

2014 йилда у яна қўлга олинди ва қамоққа тиқилди. Бунда кимдир мукофотни олган-олмагани номаълум. Бироқ картел ўз ишини давом эттирди. Қамоққа тушганидан сўнг кўп ўтмай, 2015 йилда Миттивой яна қочишга муваффақ бўлди ва бутун дунёни ҳайратда қолдирди. Чунки у энг қаттиқ қўриқланувчи турманинг ичигача ўйиб кириб борилган, чуқурлиги 20 метр, узунлиги 1,5 км.лик лаҳмдан мотоцикл миниб қочиб кетганди.

2016 йилда яна қўлга олинган El Chapo 2017 йилда АҚШга экстрадиция қилинди ва афв сўраш ҳуқуқисиз бутун умрга қамалди. 12 млрд долларлик мол-мулки мусодара қилинди. Гусманнинг қамалиши ортидан Мексикада тўдалар уруши бошланиб кетди ва Синалоа штатининг ўзида бир неча ой ичида 764 та қотиллик қайд этилди.

Маълумот учун: Хоакин Гусман дунёнинг энг таъсир доираси кенг кишилар орасида 41-ўринни, Мексикада Карлос Слимдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. 2015 йилда у наркотикларни йўқ қилгани учун ИШИД етакчиси Абу Бакр Ал Бағдодийни ўлдириш билан таҳдид қилган. У Усома бин Лодин ўлдирилганидан кейин энг кўп қидирилувчи шахс мақомини олган. Таъсир доираси ва пуллари бўйича энг машҳур наркобарон Пабло Эскобарни ортда қолдирган.

Айман аз-Завоҳирий, халқаро террорчи, $25 млн

112140.jpg (700×394)

“Ал-Қоида” деганда кўпчилик кўз ўнгига Усома бин Лодин келади. Аммо бундай йирик ташкилотлар бир киши томонидан бошқарилмаслиги, ғоявий ва ташкилий жиҳатдан бир неча етакчи шахс зарурлиги маълум. Айман аз-Завоҳирий узоқ вақт бин Лодиннинг соясида қолган бўлса-да, бу ҳаракатнинг ҳақиқий етакчиларидан бири, асосий маслаҳатчиси ва Усоманинг шахсий шифокори бўлиб келган.

Шифокорлиги кўпчиликка янгилик бўлиши мумкин, аммо Завоҳирий Қоҳирада ҳақиқий зиёлилар оиласида туғилган, отаси Покистонда элчи эди. Ўзи ҳам тиббиёт институтини тугаллаб, жарроҳ мақомини олганди. Аммо у радикализмга берилди ва Судан, Афғонистон, Россия каби давлатларда фундаментализм ғояларини илгари сурди. Мужоҳидлар сафида турли кучларга қарши курашди ва охир-оқибат қидирувдаги шахслардан бирига айланди.

Ҳақиқий машҳурлик унга 2001 йилда, АҚШда уюштирилган терактлар, жумладан, Нью-Йоркдаги эгизак биноларнинг портлатилиши ортидан келди. Ўша пайтдаёқ бу ҳаракатлар ортидагилар рўйхатига Завоҳирий ҳам тушган ва у фаол қидирила бошланганди. 2011 йилда Усома бин Лодин йўқ қилинганидан кейин Завоҳирий “Ал-Қоида”нинг ҳақиқий етакчисига айланди.

Гарчи бугунги кунга келиб ташкилотнинг мавқейи анча пасайган, кўп жойлардан сиқиб чиқарилган бўлса-да, Айман аз-Завоҳирий ҳануз тутилгани ёки ўлдирилгани йўқ. Унинг боши учун тикилган 25 млн доллар ҳам эгасиз қолмоқда. У – бугунги рўйхатдаги тутилмаган ёки йўқ қилинмаган ягона жиноятчи.

Абу Бакр ал-Бағдодий, халқаро террорчи, $25 млн

qua5CDG6bM0cMVuq1YE-7Iexx24cvPWz.jpg (680×381)
Фото: Militant video

ИШИД етакчиси, маълум муддат ўзи эълон қилган давлатда ўзини халифа деб эълон қилган. 2011 йилда АҚШ Давлат департаменти у ҳақдаги ишончли маълумот учун 10 млн доллар ваъда қилган бўлса, 2017 йилга келиб бу рақам 25 млн долларга кўтарилди. У ташкил қилган ва бошқарган Ироқ ва Шом Ислом давлати қисқа муддат яшаган бўлса-да, шафқатсизлик ва бошбошдоқлик маскани сифатида тарихда қолди.

Ал-Бағдодий томонидан 2004-2014 йилларда Ироқ ва Сурия ҳудудида бошқарилган ҳаракат дастлаб “Ал-Қоида”нинг бир қисми сифатида кўрилган. Аммо ташкилот ичидаги зиддиятлар туфайли ал-Бағдодий ўз ҳаракатига асос солади ва кейинчалик “Ал-Қоида”нинг ўзи билан ҳам очиқ урушгача боради.

2014 йилда ИШИД жиддий муваффақиятга эришади ва Ироқнинг йирик Мосул шаҳрини эгаллайди. Ироқ, Сурия ва Ливия каби давлатларнинг асосан чўл ҳудудларини эгаллаган ҳаракат номи “Ислом давлати” деб ўзгартирилади. “Халифа Иброҳим” номи билан унинг бошқарувида бўлган ал-Бағдодий энг жиддий қидирувдаги шахслардан бирига айланди.

Унинг ўлими ҳақида кўплаб хабарлар чиққан. 2019 йилда АҚШ махсус кучлари таъқибидан қочган Бағдодий ўзини ва болаларини портлатиб юборган.

Пабло Эскобар, наркобарон-террорчи, аниқ сумма белгиланмаган, $2,7 млндан $100 млнгача

Фото: Wikipedia

Дунё наркосавдосининг 80 фоизи бир шахс томонидан назорат қилинишини тасаввур қилиш қийин. Аммо Колумбиянинг Медельин наркокартели етакчиси Пабло Эскобар 1980 йилларга келиб айнан шундай натижага эришганди.

Эскобар ўзининг қисқа умри давомида мамлакат қаҳрамони ва биринчи рақамли жиноятчисига, энг кўп қидирилган ҳамда жуда кўпчилик унга қарши қасдлашган шахсга айланди. Бутун Колумбия бўйлаб қасрлар ва пинҳона масканлар қуриб ташлаган Пабло Эскобар ҳукуматнинг барча қатламларидан одамлар сотиб олган, унга қарши ҳар қандай ҳаракат ҳақида маълумот олиб турар ҳамда шунга қараб ўз жойини тезкор ўзгартирарди. Бундан ташқари, у камбағалларга тинимсиз пул тарқатиб, обрўга эришган, ҳар қандай хавф ҳақида одамларнинг ўзи унга хабар беришарди.

Колумбия уни тутиш ва АҚШга топшириш ҳақида ҳужжат имзолаганини эшитган Эскобар қутуриб кетади ҳамда минглаб одамларни қуроллантириб, ҳукуматга хизмат қилувчиларни бирма-бир ўлдира бошлайди. Бу унинг нафақат наркобарон, балки террорчи сифатида ҳам ном қозонишига сабаб бўлади. Ўлимлар сони кўпайиб, вазият шу даражада чигаллашиб кетадики, ҳукумат наркобарон билан муросага келишга мажбур бўлади. Келишувга мувофиқ, у маълум айбловларни тан олади ва ўзи қурган “Ла Катедрал” қамоқхонасига йўл олади. Аммо бу жойни қамоқхона деб бўлмас, Эскобар истаган одамини чақириши, тантаналар, концертлар уюштириши, истаганда чиқиб келиши ва энг муҳими шоҳона яшаши мумкин бўлган қаср эди.

Бу ерда у ўз наркоимпериясини тўла назорат қилар, миллиардлаб пуллар оқиб келишда давом этарди. Ўша пайтлардаёқ унинг бойлиги 30 млрд АҚШ долларига етгани ҳисоблаб чиқилган. “Ла Катедрал” қамоқхонасига айбдорларни олиб келиб, қаттиқ қийнаб ўлдиргани ҳақидаги хабар ҳукуматни ташвишга солади ва Эскобарни ҳақиқий қамоқхонага ўтказишга қарор қилишади. Пабло қочиб қолади ва бутун мамлакат бўйлаб портлашларни амалга оширади.

Айниқса, унинг болалар билан тўла майдонни ва йўловчилар самолётини портлатиши кўпчиликнинг ғазабини қўзғатади, ишонган одамлари ҳам ундан юз ўгиради. Унинг душманлари шу қадар кўпайиб кетадики, Эскобарни тутиш ва ўлдириш бўйича махсус расмий ва норасмий гуруҳлар тузилади.

1993 йилнинг 2 декабрида Эскобар яшириниб юрган жой аниқланиб ўраб олинади. Ўзи ва қўриқчилари қаршилик кўрсатишларига қарамай, Эскобар отиб ташланади. Полициячилар ва махсус кучларнинг Эскобар жасади атрофида тушган суратлари машҳур бўлиб кетган.

Усома бин Лодин, халқаро террорчи, $50 млн ва рекорд

Фото: AP

Усома бин Лодиннинг номиёқ террорчилик рамзига айланди. Кўп жиҳатдан у туфайли 20 йил давом этган уруш бошланди, бин Лодин уюштирган терактлар бутун дунё афкор оммасини ларзага солди.

Бин Лодиннинг қаердалиги ҳақидаги асосли маълумот эвазига 25 миллион доллар ваъда қилинди ва кейинчалик АҚШ Сенати бу маблағ миқдорини 50 миллионга қадар кўтаришни ёқлаб овоз берди. Аммо жуда кўп операцияларга қарамай, биринчи рақамли террорчи омон қолаверди.

1979 йилда СССР қўшинларининг Афғонистонга кириши ортидан ўз ҳаётий принципларини ўзгартирган Усома ўзини мужоҳид деб эълон қилади ҳамда бор маблағи ва кучини душманларга қарши курашга сарфлайди. СССР бирор натижага эришмай Афғонистонни тарк этганидан кейин у асосий душман сифатида АҚШни кўра бошлайди ва унинг Кения ҳамда Танзаниядаги элчихоналарида портлашлар уюштиради. Портлашлар ва бутун дунёдаги террористик ташкилотларни молиялаштиришни давом эттираркан, у жаҳонни ларзага келтирган ҳаракат – 11 сентябр терактларини амалга оширади.

АҚШнинг уч президенти унга қарши курашди: Клинтон даврида бошланган бин Лодин қидируви Буш даврида уруш ва ҳақиқий овга айланади ҳамда Обама президентлигидагина якунига етади. 2011 йил 2 майида “Нептун найзаси” номи билан ўтказилган операция чоғида ниҳоят Усома бин Лодин ўлдирилди.

Замонавий дунёда нафақат террорчи ва наркобаронлар, балки кибержиноятчилар, қурол савдосининг йирик вакиллари, синтетик наркотиклар ишлаб чиқарувчилар ҳам фаол қидирилмоқда ҳамда улар ҳақида маълумот учун катта мукофотлар таклиф қилинмоқда.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид