Усоманинг боши, аниқроғи қаердалиги ҳақидаги асосли маълумот эвазига 25 миллион доллар ваъда қилинди ва кейинчалик АҚШ Сенати бу маблағ миқдорини 50 миллионга қадар кўтаришни ёқлаб овоз берди. Аммо жуда кўп операцияларга қарамай, биринчи рақамли нишон омон қолаверди. Фақат 2011 йилнинг 2 майидагина АҚШ махсус хизматлари мақсадга эришдилар ва Усома бин Лодин ўлдирилди.

Янги асрдаги энг узоқ ва қимматбаҳо уруш АҚШ ва иттифоқчиларининг Афғонистонда олиб борган ҳарбий ҳаракатлари ҳисобланади. 20 йил давом этган бу уруш АҚШ солиқ тўловчиларига 2,3 трлн долларга тушгани ҳисоблаб чиқилган. Якунда кетиш анча уятли бўлган, ҳокимият барибир “Толибон” ихтиёрига қолган бўлса-да, 2001 йилда бошланган бу ҳарбий ҳаракат конкрет мақсадни кўзлаган, АҚШ терроризмга қарши глобал кураш доирасида Усома бин Лодинни қўлга олишни режалаштирганди. Хўш, бин Лодин қандай қилиб АҚШнинг биринчи рақамли душманига айланиб қолган?

Усома 44 ёшида. 1998 й., Афғонистон. Фото: Раҳимуллоҳ Юсуфзай / AP

Усоманинг болалиги

1954 йилнинг 10 мартида Саудия Арабистонининг ар-Риёд шаҳрида, қурилиш магнати Муҳаммад бин Лодин оиласида чақалоқ дунёга келади ва унга Ислом оламида жуда қадрли исмлардан бири – Усома деб ном беришади. Онаси Ҳамида Муҳаммад бин Лодиннинг жорияси бўлиб, кўп ўтмай улар ажрашишади ва Усома онаси билан қолади. Ҳамида қайта турмушга чиқади ва яна тўрт фарзанд кўради. Бунинг аҳамиятли жиҳати, Усома ўз отасидан айро улғаяди ва бу унинг тарбиясига ўз таъсирини ўтказади.

Бизнесда катта муваффақият қозонган, подшоҳ оиласига яқин бўлган Муҳаммад бин Лодиннинг бойлиги 5 млрд доллар атрофида бўлган. 22 хотин ва 56 фарзандга эга Муҳаммад бин Лодин расмий жуфтлари сонини тўрттадан оширмаган ва доим олдинги хотинларига жавоб бериб, янгисига уйланган.

У қандай бой бўлди?

Муҳаммад бин Лодин 1967 йилда, 23-марта уйланиш учун самолётда кетаётган вақтда ҳалокатга учраб вафот этади. 13 ёшли Усомага отасидан 25-30 млн доллар атрофида мерос қолади. Усома ўсмирлигидаёқ катта маблағ ва мустақилликка, шахсан ўзи қарор қабул қилиш имконига эга бўлган.