Жаҳон | 20:34 / 08.06.2022
24849
8 дақиқада ўқилади

Лавров Туркияда Човушўғли билан учрашди. Улар буғдой ва музокаралар истиқболлари борасида нималар дейишди?

Фото: TASS

8 июн куни Анқарада Туркия ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар Истанбулда Украина, Россия, Туркия ва БМТ иштирокида «буғдой коридори» ташкил қилиш бўйича музокара ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Украина буғдойини жаҳон бозорига олиб чиқиш учун Украинадаги портларни миналардан тозалаш талаб этилади. Киев Россия бундан ҳарбий мақсадда фойдаланмаслиги бўйича кафолат сўрамоқда.

Россия томони ҳар қанча Украина буғдойи дунё улушида кам ҳиссани ташкил этиши ҳақида гапирмасин, кўплаб давлатлар украин буғдойи бозорга чиқмаслиги озиқ-овқат хавфсизлигида жиддий муаммо деб қарамоқда. Украина Россияни унинг буғдойларини ўғирлаганликда айбламоқда. Путин эса Украинадан буғдойни олиб чиқишда муаммо йўқлигини айтди.

Россия Украина жуда кам буғдой етиштиришини иддао қилаётган бўлса-да, Туркия пойтахтидаги учрашувда асосий эътибор айнан шу масалага қаратилди. Шунингдек, Сергей Лавров ҳамда Мавлуд Човушўғли ўртасидаги учрашувда Украина – Россия музокараларини тиклаш масаласи кўтарилган. Томонлар охирги марта икки ой аввал айнан Истанбулда музокараларда иштирок этганди.

Лавров нима деди?

Биринчи: Лавровнинг айтишича, Россия ва Туркия ҳарбийлари Украина портларини миналардан тозалаш ва у ердан буғдойни олиб чиқишни муҳокама қилмоқда. Лавров Украина ҳукумати ва хусусан президент Зеленский бу сувларни миналардан тозалаб, жараённи бошлашга тайёрлигини очиқчасига рад этаётганини иддао қилди. «Туркиялик дўстларимизнинг айтишича, Украина томони эндиликда ёки ҳудудни миналардан тозалаш ёки миналанган ҳудуддан йўлак ташкил қилишга тайёр», деган Лавров.

Украина президенти Володимир Зеленский икки кун аввал портларни қайта очиш учун энг тўғри йўл мамлакатга кемаларга зарба берувчи ракеталар тақдим этиш эканини айтганди. «Россиянинг айтишича, биз озиқ-овқат инқирози пайдо қиляпмиз, аммо биз Россиянинг бу риторикасини синдирамиз. Биз бунга тайёрмиз, аммо бу учун хавфсизлик коридори керак», деганди Украина етакчиси.

Иккинчи: Човушўғли билан учрашувдан кейин брифингда иштирок этган Лавров ҳозирги ҳолатдан ҳарбий мақсадларда фойдаланилмаслигини айтди. «Украина миналардан тозалашни бошласа, биз бу ҳолатдан «махсус ҳарбий амалиёт» доирасида фойдаланмаймиз. Бу Россия президенти айтган кафолат, биз уни амалга оширишга тайёрмиз», деган Лавров. Россияда Украинадаги урушни уруш деб аташ тақиқланган. Путин ва мулозимлари урушни «махсус ҳарбий амалиёт» деб атаб келади.

Учинчи: Лавровнинг айтишича, Россия ва Туркия Украина портларидан чиқаётган кемалар хавфсизлигини кафолатлаб, улар бўғозларга етиб боришини таъминлашга тайёр. Аммо Лавров буни нега айтгани тушунарсиз.

Тўртинчи: Лавровга кўра, Россия Истанбулда Украина, Туркия ва БМТ иштирокида украин буғдойини олиб чиқиш учун тўрт томонлама музокаралар ўтказишга тайёр. Аммо Россия ТИВ раҳбари бу учрашувларга ишонмаслигини айтиб, БМТ ниманидир ҳал қилишига ишонмаслигига ишора қилди. «БМТ шу тариқа ўзининг борлигини кўрсатиб қўймоқчи эканини тушунаман. Аммо бу рамзий маънодан бошқа нимадир қўшишига ишонмайман», деди Лавров.

БМТ дунё бозорида буғдой етишмовчилиги сабаб озиқ-овқат инқирози жиддий тус олиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, Россия ва Украина бутун дунёда етиштирилаётган буғдой ҳамда арпанинг 30 фоизини беради. Дунёда ишлаб чиқариладиган кунгабоқар ёғининг 50 фоизи ҳам айнан шу икки давлат ҳиссасига тўғри келади.

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Украинанинг 20 миллион тонна буғдойини жаҳон бозорига чиқариш учун Россия билан келишиш кераклигини айтганди. Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулебанинг сўзларига кўра, Украина портлари Россия томонидан эгаллаб олингани сабаб мамлакат 22 миллион тонна буғдойни экспорт қила олмаяпти.

Лавровнинг иддаосича, Украина портларида «арзимас миқдорда» буғдой бор ва бу бутун дунё истеъмолининг 1 фоизини ташкил этади. «Ҳозирги буғдой инқирози ёки озиқ-овқат инқирозига бунинг алоқаси йўқ», деган Россия бош дипломати.

Киев Россия Украина буғдойини сотаётганини айтиб, буни ўғрилик деб атаганди. Журналистлар Лавровга шу ҳақда савол беришди: «Россия Украинадан ўғирлаган буғдойдан ташқари яна нимани сотишга муваффақ бўлди?»

Лавров эса саволга кескин жавоб қайтарди: «Сиз доим ўғрилик ҳақида ўйлаб бошқалар ҳам шундай қилади, деб ўйлайсизми? Биз аниқ қўйилган мақсад – Украина шарқини миллатчи тузум босимидан ҳимоя қилиш вазифасини бажаряпмиз».

Аммо очиқ манбаларда ҳам Россия Украинадаги буғдойларни сотаётгани ҳақида хабар берилмоқда. Масалан, Россиянинг тарғиботчи сайтларидан бири «Интерфакс» рус ҳарбийлари босиб олган Украинанинг Запорожье областидан Қрим орқали Яқин Шарққа буғдой юборила бошлаганини хабар қилди. Буни Россия томонидан қўйилган областнинг «янги раҳбарияти» амалга оширган. ТАСС агентлиги буғдой ортилган биринчи поезд Қримга етиб боргани ҳақида ёзганди.

Уруш ҳақида гапирган Россия бош дипломати доимгидек уни «махсус ҳарбий амалиёт» деб атаб, ҳаммаси режа бўйича кетаётгани ҳақида Путиннинг чиқишларини такрорлади. Музокаралар борасида ҳам Лавров Москванинг эскирган баёнотларини такрорлади. «Зеленский шунчаки учрашув учун учрашмоқчи. Унинг айтишича, музокараларни бошлаш учун Россия армияси 24 феврал кунидаги ҳолатига қайтиши керак экан, ахир бу ножиддий гапларни қабул қилиб бўлмайди-ку», деган Россия ТИВ раҳбари.

Човушўғли нима деди?

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлининг айтишча, БМТнинг Қора денгизга чиқадиган «буғдой коридори» лойиҳасини амалга ошириш керак. «Туркия бу режани амалга оширишни ҳаётий муҳим деб ҳисоблайди. Гап тўрт томонлама кемаларни текшириш жараёни ҳақида кетмоқда. Биз унда иштирок этишга тайёрмиз, бу борада Истанбулда учрашув ташкил қилишимиз мумкин, аммо бунинг учун аввало Украина ва Россиянинг розилиги талаб қилинади», деган у.

Россия Украина буғдойини олиб чиқиш эвазига санкцияларни бекор қилишни сўрамоқда. Ғарб буни Россиянинг шантажи деб атаган, аммо Туркия ташқи ишлар вазири бу борада Россияни оқлаб берди. «Россиянинг талаблари қонуний», деди Човушўғли.

Туркия ТИВ раҳбари Украина ва Россия ўртасидаги музокаралар ҳақида яна сўз очилганидан хурсанд эканини айтиб, бу бутун дунё манфаатига мос ҳолат эканини таъкидлади.

Киев ҳозирча Лавров ва Човушўғлининг баёнотларига жавоб бермади. Украина Хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов Украина буғдойи экспорти фақат портларда хавфсизлик таъминланган ҳолатда амалга оширилишини айтганди. Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба эса Россия президентининг портлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланмаслиги бўйича гапларига ишонмасликка чақирди. Унинг айтишича, Россия «буғдой коридори» учун очилажак Одессадаги портлардан шаҳарга ҳужум қилиш учун фойдаланиши мумкин.

Украина ўз ҳамкорлари билан бирга портларни қайта очиш учун халқаро миссия тузмоқчи. Бунинг учун аввало Россия портлар атрофидан ўз қўшинларини олиб кетиши ва қайта ҳужум қилмаслик бўйича кафолат беришини талаб қилмоқда.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид