Жаҳон | 11:48 / 09.06.2022
7019
2 дақиқада ўқилади

АҚШ конгресси қурол бўйича қонунларни кучайтирмоқчи 

Конгрессменлар милтиқлар сотиб олиш ёшини 18 ёшдан 21 ёшга оширишга қаратилган тузатишни қабул қилмоқчи. Ташаббуснинг муваффақиятга эришиш имконияти деярли йўқ, чунки Сенатдаги республикачилар уни тўсиб қўйиши аниқ.

Фото: DPA / L.W. Smith

Техасдаги бошланғич мактаблардан бирида содир бўлган оммавий отишма билан боғлиқ фожиадан икки ҳафта ўтиб, 8 июнь, чоршанба куни кечқурун АҚШ конгресси вакиллар палатаси демократларнинг кўпчилик овози билан милтиқлар сотиб олиш бўйича ёшни 18 ёшдан 21 ёшгача ошириш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади

Шу билан бирга, экспертларнинг таъкидлашича, бу ташаббус муваффақият қозониш имкониятига эга эмас, чунки у Сенатда республикачилар томонидан блокланиши мумкин. Конгресс юқори палатасида ва вакиллар палатасида тасдиқланган қурол бўйича қонунларни кучайтиришга оид бир қатор бошқа ислоҳотларнинг истиқболи йўқ. Сенатда заифлаштирилган ислоҳотлар пакетини мўътадил республикачилар қўллаб-қувватлашига умид қилиб, палатадан ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. 

Агар ислоҳотлар барибир қабул қилинса, уларнинг кучга кириши учун фақат АҚШ президенти Жо Байденнинг имзоси талаб қилинади. Байден эса қуролга оид қонунчилик кучайтириш тарафдори, у конгрессни ҳаракат қилишга чақирмоқда. 

Конгрессменлар яқинда Техаснинг Ювалде шаҳридаги бошланғич мактабда 18 ёшли ўсмир 19 нафар бола ва икки ўқитувчини милтиқдан отиб ўлдиргани фонида АҚШда қурол бўйича либерал қонунларни кучайтиришни муҳокама қилмоқда. 

АҚШда қурол тўғрисидаги қонунлар қисман штат даражасида қабул қилинади. Кўплаб штатларда милтиқларни 18 ёшдан бошлаб осонгина сотиб олиш мумкин. Шу билан бирга, АҚШдаги ресторанларда спиртли ичимликларни истеъмол қилишга ҳамма жойда фақат 21 ёшдан бошлаб рухсат берилади. 

Мавзуга оид