Жамият | 09:29 / 09.06.2022
12405
2 дақиқада ўқилади

БААдан Ўзбекистонга 829 млн сўмлик телефонларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор ходимлари томонидан “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида аниқланган ҳолатда ҳаво йўллари орқали БААдан келтирилган товарлар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Фото: Видеодан кадр

Натижада, 40 турдаги 4 530 дона уяли алоқа воситалари божхона юк декларациясида ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмагани фош бўлди. Божхона тўловларидан қочиш мақсадида ҳужжатларда қайд этилмаган телефонлар умумий қиймати 829 млн 500 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Божхона қўмитаси хабарига кўра, телефонлар қонуний тартибда республикага импорт қилинганида, давлат бюджетига 220 млн сўм божхона тўловлари ундирилган бўларди.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомашина юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифати ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган салкам 100 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди, улар қиймати 49 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Жорий йил ўтган 5 ойи давомида республика божхоначилари томонидан тўхтатиб қолинган уяли алоқа воситалари сони ўтган йил мос даврига нисбатан 1,3  баробарга ортган. Аниқланган 142 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати салкам 7,7 млрд сўмлик 7 200 дона уяли алоқа воситалари ноқонуний олиб чиқилиши олди олинди. 

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид