Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин, Лондон ва Париж Эронни «ядровий эскалацияни тўхтатиш»га чақирди
Германия, Буюк Британия ва Франциянинг қўшма баёнотида эслатиб ўтилишича, Эронни қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси бўйича мажбуриятларни бажаришга ва АҚШни ядровий битимда иштирок этишга қайтаришга қодир келишув 2022 йил мартидан бери муҳокама қилинмоқда.
Германия, Буюк Британия ва Франция 9 июнь, пайшанба куни эълон қилган қўшма баёнотда Эронни МАГАТЭ билан тўлиқ ҳамкорликни тиклашга ва унинг ядровий дастури билан боғлиқ барча мониторинг ҳамда текширув чораларини амалга оширишга чақирди.
Ҳужжатда қайд этилишича, 2022 йил мартидан бери «Эронни қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (ҚҲР) бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга, АҚШни эса келишувга қайтаришга олиб келадиган» битим муҳокама қилинмоқда.
«Биз Эрон дипломатик имкониятдан фойдалана олмаганидан афсусдамиз. Буни ҳозироқ қилишга ундаймиз. Биз келишувга тайёрмиз», деб таъкидланади Берлин, Париж ва Лондон баёнотида.
«Биз Эронни қўшимча протоколни қўллашни ва ҚҲР билан боғлиқ барча мониторинг ҳамда текширув чораларини қайта бошлашга, ядровий эскалацияни тўхтатишга ва ҚҲРни қайта тиклаш бўйича келишувни зудлик билан қабул қилишга чақирамиз», — дейилади ҳужжатда.
Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам 9 июнь куни Теҳрон МАГАТЭнинг Эрон ядро дастури бўйича хавотирларига муносиб жавоб бера олмаганини таъкидлади. Давлат департаменти раҳбарининг сўзларига кўра, Эроннинг ҳаракатлари ҚҲРни қайта тиклашни қийинлаштиради. Шу билан бирга, Блинкен АҚШ ҚҲРни тиклаш вазифасига содиқлигини ва «Теҳронга дипломатия ва деэскалация йўлини танлашга мажбурлаш учун босим ўтказишга» тайёрлигини таъкидлади.
8 июнь куни МАГАТE бошқарувчилар кенгаши Теҳронни ядровий дастури ҳақидаги маълумотларни етарлича ошкор этмагани учун танқид қилувчи резолюцияни маъқуллади. Кенгашнинг 30 аъзоси резолюцияни қўллаб-қувватлади, Россия ва Хитой эса қарши овоз берди. Ҳиндистон, Ливия ва Покистон бетараф қолди.
Шундан сўнг, МАГАТЭ бош директори Рафаэл Гросси Эрон ҳукумати Эрон ядровий иншоотларини кузатишда фойдаланиладиган 27 та агентлик камераларини демонтаж қилишни бошлаганини айтди.
2015 йилда Эрон, АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Франция ва Буюк Британия томонидан имзоланган қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасида Теҳрон илгари АҚШ ва Европа иттифоқи томонидан ўрнатилган санкцияларни бекор қилиш эвазига ядровий дастурни чеклаш бўйича бир қатор чораларни кўриши назарда тутилганди. АҚШ 2018 йил май ойида келишувдан бир томонлама чиқиб кетди, шундан сўнг Теҳрон ҚҲР бўйича мажбуриятларнинг бир қисмини бажаришдан бош тортди. Вашингтон бунга жавобан Теҳронга нисбатан чеклов чораларини кучайтирди.
ҚҲР шартларини бажаришга қайтиш бўйича музокаралар апрель ойида Венада бошланди, бироқ Ғарб билан муносабатларда қаттиққўл бўлган Иброҳим Раисий Эрон президенти этиб сайланганидан кейин тўхтаб қолди. Айни пайтда Теҳрон бойитилган уран захираларини ҚҲРда назарда тутилганидан кўпроқ даражада оширишда давом этмоқда.
Мавзуга оид
22:16 / 18.06.2026
АҚШ вице-президенти Ҳўрмуз бўғози блокадаси очилганини эълон қилди
21:12 / 18.06.2026
Нефть нархи АҚШ ва Эрон уруши бошланганидан бери энг паст даражага тушди
14:15 / 18.06.2026
Ливанга яна ҳужум бўлса, келишув тақдири сўроқ остида қолади – Умрбек Юсупов
13:35 / 18.06.2026