Киев Байденнинг уруш бўйича огоҳлантиришлар ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди
Зеленскийнинг офиси Украина Россияга қарши огоҳлантирувчи санкциялар жорий этишга чақирганини ва бошланган ҳарбий ҳаракатларга мувофиқлаштирилган тарзда жавоб берганини эслатди.
АҚШ президенти Жо Байденнинг Украина президенти Володимир Зеленский яқинлашиб келаётган ҳужум ҳақидаги огоҳлантиришларни «эшитишни истамагани» ҳақидаги сўзлари изоҳни талаб қилади. Бу ҳақда 11 июнь, шанба куни Зеленскийнинг матбуот котиби Володимир Никифоров айтиб ўтди.
Никифоров ҳужумдан сал олдин Зеленский «Байден билан уч-тўрт марта телефон орқали суҳбатлашгани» ва «раҳбарлар вазият бўйича батафсил фикр алмашгани» ҳақида эслатди. «Ёдингизда бўлса, Украина президенти ҳамкорларни Россияни қўшинларини узоқлаштиришга ва вазиятни кескинлаштирмасликка ундаш учун огоҳлантирувчи санкциялар пакетини киритишга чақирган эди. Биз шуни айтишимиз мумкинки, ҳамкорларимиз «эшитишни хоҳламади», деди Никифоров Liga.net нашрига.
«Россия экспансия (империалистик давлатларнинг янги территорияларни босиб олишга интилиши) бўйича турли сценарийларни ишлаб чиқаётганини яхши билардик. Володимир Зеленскийнинг столида доимо юқори сифатли разведка маълумотларига асосланган тегишли таҳлилий маълумотлар бўлган. Президент ҳамкорларимизнинг барча сўзлари ва огоҳлантиришларига диққат билан жавоб қайтарди», - дея Байденнинг сўзларига изоҳ берди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк.
Унинг сўзларига кўра, олиб борилган тайёргарликдан «ўқ-дорилар омбори ва умуман қурол-яроғнинг бир жойга йиғилиши, кўп даражали босқинга яшин тезлигида жавоб бериш ва мудофаа имкониятларини қайта кўриб чиқиш, биринчи ҳафтада Россиянинг дастлабки режаларини кескин бузган масофадан зарба беришнинг самарали жорий этилиши далолат беради».
Босқин кўлами қанчалик кенг қамровли бўлиши савол остида эди, деди Подоляк. Унинг сўзларига кўра, Украина бутун ҳудудини ўққа тутиш мунтазамлигини олдиндан тахмин қилиб бўлмаган ва «босқиннинг кўлами кўплаб мамлакатларни, жумладан, Украина ҳамкорларини ҳам шокка тушириб қўйганига шубҳа йўқ».
«Менимча, 100 кундан ортиқ вақтдан бери анча қудратли рақибга қарши тўлақонли уруш олиб бораётган мамлакатни айблаш бемаъниликдир. Бундан ташқари, асосий давлатлар Россиянинг милитаристик иштаҳасини огоҳлантириш сигналлари билан тўхтата олмади», - дея қўшимча қилди Подоляк.
АҚШ турли даражаларда - ҳам расмий чиқишларда, ҳам оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар орқали Путин «махсус операция» бошланганини эълон қилишидан бир неча ҳафта олдин Россиянинг Украинага бостириб киришга тайёргарлиги ҳақида хабар берганди. Февраль ойи ўрталарида БМТ хавфсизлик кенгаши йиғилишида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия режаларини батафсил баён қилди. «Бомбалар учади, алоқа узилади, шундан сўнг танклар аллақачон белгилаб қўйилган ва харитага туширилган асосий объектларга кириб боради. Биз бу объектлар қаторига Киев ҳам киритилган деб ҳисоблаймиз», - деганди давлат котиби.
Бу маълумотни эълон қилиш орқали АҚШ Россияни «урушдан воз кечиб, бошқа йўлдан боришга» мажбурламоқчи, деб тушунтирган Блинкен. Ғарб баёнотларига жавобан Москва Украинага ҳужум қилиш ниятида эмаслигини бир неча бор таъкидлаганди.
10 июнь куни журналистлар билан суҳбатда Байден Зеленский Вашингтоннинг уруш бошланишидан бироз олдин Россия босқинининг яқинлашиб келаётгани ҳақидаги огоҳлантиришларига эътибор бермаганини айтди. «Биламан, кўпчилик мени бўрттириб юборяпти деб ўйлаган, лекин бизда бу тахминни қўллаб-қувватлаш учун маълумотлар борлигини билардим».
«Россия президенти Владимир Путин чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ эди ва Зеленский ҳам кўпчилик каби буни эшитишни хоҳламади. Нега улар буни эшитишни истамаганини тушунаман, лекин у (Владимир Путин) босқинни амалга оширди», деди Байден.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:45 / 13.11.2024
Трамп Оқ уйда Байден билан учрашди
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024