Самарқанддаги қизалоқ фожиаси биринчи марта эмас. Воқеа жойидан репортаж
Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида бир ярим ёшли қизалоқ ўнинчи қават балконига ўрнатилган панжара орасидан тушиб кетиб ҳалок бўлди. Қорасувликлар бундай фожиа содир бўлишидан доим қўрқиб келгани ва масъулларни огоҳлантирганини айтмоқда.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида ушбу массивда бўлиб, воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Қорасувдаги кўп қаватли уйларнинг аксариятида худди шундай балкон бор. Аввалбошданоқ айтишни истардик, тўғридан тўғри подъезд орқали ушбу балконларга чиқиш мумкин. Бу ёш болалар учун исталган дақиқада хавф туғдиради.
Кўп қаватли уйларда яшовчи Мавжуда Каттаева ҳолатга бевосита гувоҳ бўлиб қолганини айтмоқда. У подъездга кириш қисмини ёпиб турувчи пластик қоплама устига қаттиқ зарб билан нимадир тушганини эшитган. Яқинроқ бориб қизалоқни кўрган. Қизчанинг отаси ҳам шу атрофда бўлганини билдирди. Тезда одамлар йиғилган, тез тиббий ёрдам етиб келган, бироқ гўдакнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Маҳалла нуронийларидан бири Шавкат Жалилов кўп марта ўзлари ташаббус қилиб, балконлар олдини ёпишни таклиф қилганини айтмоқда. Бироқ ҳудудга хизмат кўрсатувчи ширкат – «NUR SHARQ TESS» бошқарув сервис ташкилоти бунга рухсат бермаган. Агар балконлар олди баландроқ қилиб ёпилса, фасад кўринишини бузиши айтилган.
Бу биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмаслигини айтмоқда “домком” Гавҳар Абдувоҳидова. Қорасувликларни бу ҳолат доим ташвишлантириб келган. “Бир неча марта мурожаат қилишимизга қарамай, балконларни ёпиб беришмади. Орқага суришди, натижа фожиа билан тугади. Қўшни уйларда яшовчилар ўзлари балконга баландроқ қилиб панжара ўрнатишганди. Икки-уч кунга қолмай олдириб ташланди”, – дейди Гавҳар опа.
Маълум бўлишича, уйларнинг ташқи кўриниши бузилади, деган важ билан балконга нимадир чиқаришга йўл қўйилмас экан. Уйлар ичкарисида шароит бўлмагани сабабли, айримлар ювилган кирни чиқариб қўйишга одатланган. Бироқ бунга ҳам рухсат берилмаслиги маълум қилинди.
Гўзал Равшанованинг ҳам ёш фарзандлари бор. Айтишича, ўша фожиа бўлган куни унинг ҳам қизчаси бир муддат қаровсиз қолиб, балконга чиқиб кетган. Панжарага яқин қолганда зўрға фарзандини ушлаб қолганини айтмоқда.
9 июнда содир бўлган фожиа Қорасувда биринчи марта кузатилмаяпти. Аҳолининг айтишича, бир йилча аввал юқори қаватдан тушиб кетган аёл ҳам нобуд бўлган. Бундан ташқари, 80-уйда ижарада яшаб келган оиланинг фарзанди учинчи қаватдан тушиб кетиб, жони омон қолган. Шундан сўнг улар кўчиб кетишга мажбур бўлган.
Вазиятни кузата туриб, бизда бир савол туғилди. Нега бу уйларда истиқомат қилаётган инсонлар учун ўзига қулай шароит яратиб берилмаслиги керак? Фасаднинг чиройли туриши муҳимми, инсон ҳаёти? Фасад КАТТАларга керакдир, бироқ одамларнинг ўзи очиқ балкондан хавфсираб, уни ёпишга ҳаракат қилаётган вақтда нега қаршилик қилиняпти? Умуман, одам белидан келадиган балконларни очиқ қолдиришдан мақсад нима? Буларнинг қайси бири инсон ҳаётига арзийди?
Биз айрим саволларга жавоб олиш мақсадида «NUR SHARQ TESS» бошқарув сервис ташкилоти раҳбари Жасур Шариповга телефон қилиб, боғлана олмадик.
Эслатиб ўтамиз, айнан мана шу массивда «NUR SHARQ TESS» бошқарув сервис ташкилоти коммунал тўловларда қарздорлик бўлса, чип билан ишлайдиган лифтлардан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўйиши ҳақида хабар бергандик. Пулингиз йўқми, қарздормисиз, зиналардан кўтариласиз!
Аслида бу кўп қаватли уйларнинг балкон билан боғлиқ муаммосини ширкат ҳал қила олмайди. Чунки Қорасувдаги уйлар “Agromir Buildings” МЧЖ томонидан қурилган. Демак, балкон билан боғлиқ муаммони аввало шу ташкилот бартараф этиб бериши лозим.
Қорасувда айни вақтда ҳам яна ўнлаб кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Бироқ уларнинг ҳаммасида юқоридаги фожиага сабаб бўлган балконлар бор, лойиҳа-дизайн деярли ўзгармаган.
Хулоса қилиш мумкинки, уйлар нафақат чиройли, балки аҳоли яшаши учун қулай ва хавфсиз бўлиши лозим. Қорасувликлар гуноҳсиз қизалоқнинг нобуд бўлгани масъулларга сабоқ бўлишига умид билдирмоқда.
Kun.uz мавзуга яна қайтади.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024