Ўзбекистон | 11:33 / 14.06.2022
4927
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарликлар фош этилди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда, фуқаро О.Т. фуқаролар Ф. ва М.ни танишлари ёрдамида Қарши давлат университетининг “Тарих” ва “Бошланғич таълим” факультетларига ўқишга киритиб қўйиш эвазига жами 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департаментнинг Сариосиё туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Сариосиё туман Педагогика коллежи директори ўринбосари Ш.Қ. фуқаро Н.ни 5 миллион сўм эвазига ушбу коллежга ўқишга киритиб қўйишга ёрдам беришни ваъда қилиб, шундан 100 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Самарқанд давлат университетининг ўқитувчиси 4 минг доллар эвазига фуқарони ўқишга киритиб қўйишини айтиб, шундан 2,5 минг доллар олаётганда ушланганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид