Ўзбекистон | 11:31 / 14.06.2022
11207
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда жорий йил 5 ойда ўқитувчилар ва ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятлар сони маълум қилинди

Ўқувчилар ва ўқитувчилар томонидан содир этилган жиноятларнинг бир нечтаси қотиллик билан якун топган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ҳокимлигида таълим даргоҳларининг фаолияти юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда, мактаблардаги ҳолатлар батафсил таҳлил этилган ва камчиликлар айтиб ўтилган.

Жумладан, мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари иштирокида содир этилаётган жиноятлар сони 2022 йилда ошгани маълум қилинган.

Мактабларда таълим сифатининг пастлиги, ўқувчилар давомати ва хулқ-атвори назорат қилинмаслиги оқибатида мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 тага ёки 60 фоизга ошган. 2021 йилнинг дастлабки 5 ойида ўқувчилар томонидан 27 та ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 43 тага ошган.

Таҳлилларга кўра, ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятларнинг 2 таси (Қарши шаҳрида ва Деҳқонобод туманида), ўлим билан якун топган.

Жумладан, Қарши шаҳар 27-сонли ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси Қарши шаҳар “Комилон” МФЙ Булоқ кўчаси 35-уйда яшаган фуқарони қасддан ўлдириб, ўзининг жиноий қилмишларини яшириш мақсадида, марҳумнинг турмуш ўртоғи, онасини ҳам бош қисмига урган, сўнгра унинг Nexia-3 машинасини олиб воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, 2022 йил 5 ойида Қашқадарёда 29 нафар ўқитувчи томонидан жиноят содир этилган.

Жиноят турлари бўйича таҳлил қилинганда:

  • 1 та қотиллик (Шаҳрисабз шаҳар 30-мактаб ўқитувчиси);
  • 2 та ўртача оғир тан жароҳати етказиш (Қарши шаҳар 20-мактаб) ;
  • 2 та енгил тан жароҳати етказиш;
  • 1 та номусга тегиш (Қамаши тумани);
  • 2 та ўғрилик (Чироқчи тумани);
  • 1 та безорилик (Қамаши тумани) экани маълум бўлган.

Бундан ташқари, бир нечта ҳолатда туман Халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб мутасаддилари коррупцион ҳолатларда қўлга олинган.

Хусусан, Косон тумани ХТБ мудири С.Д., Қарши шаҳар ХТБ методисти Қ.Д. жиноий жавобгарликка тортилган.

2022 йил 4 март куни Косон туман ХТБ тасарруфидаги 55-мактаб директори М.Б. фуқаро Ш.Х.ни ушбу мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси лавозимига ишга олиш эвазига ундан 400 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтда ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид