Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи дастури маълум қилинди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбойжон президенти Илҳом Алиев жорий йил 21-22 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади.
Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбойжон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиёт турли тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратади.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан фикр алмашади, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқотни ривожлантириш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилади.
Олий даражадаги музокаралар якунида саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, илм-фан ва инновациялар, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Ташриф арафасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчи компания ва корхоналари иштирокида ишбилармонлик тадбирлари ўтмоқда.
Кейинги йилларда икки томонлама савдо кўрсаткичлари ва қўшма корхоналар сони сезиларли даражада кўпайди. 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга, жорий йил январь-май ойларида 49 фоизга ўсди.
Ўтган йили Озарбойжон ҳудудида Ўзбекистон автомобилларини йиғиш бўйича ишлаб чиқариш майдончаси ишга туширилди. Ипакчилик, аграр мажмуа, қурилиш материаллари саноати, нефть-газ, фармацевтика ва озиқ-овқат тармоқларида янги кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.
Мамлакатларда икки томонлама маданий тадбирлар, илмий анжуманлар, тақдимотлар ва ижодий учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда, дейилади расмий хабарда.
Мавзуга оид
14:37 / 13.11.2024
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
17:29 / 12.11.2024
Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди
23:45 / 11.11.2024