Ўзбекистон | 07:51 / 21.06.2022
2601
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарё аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қашқадарё вилояти аҳолиси учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳудудни комплекс ривожлантириш йўлида вилоятнинг Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Қарши туманлари ва Қарши шаҳрини марказлашган ичимлик сув таъминоти билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсад қилинган.

“Ўзсувтаъминот” АЖ Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда Қашқадарё вилояти аҳолиси ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида “Яккабоғ-Қарши магистрал ичимлик сув қувурини қуриш ва мавжуд сув тақсимлаш иншоотларини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклиф ишлаб чиқилган ва лойиҳа президент ҳузурида жорий йил 21-22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига ташриф давомида тақдимот қилинган.

Лойиҳа 2022-2024 йиллар давомида амалга оширилади. Вилоятнинг Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Қарши туманлари ва Қарши шаҳри марказлашган ичимлик суви билан таъминланади.

Лойиҳани амалга оширишда қуйидагилар:

  • замонавий технологияларни жалб қилган ҳолда қурилиш ва реконструкция ишларини олиб бориш;
  • электр энергияси истеъмоли ва ичимлик суви йўқотишларини камайтириш, сув таъминоти корхоналарида замонавий ускуналар, ўлчаш жиҳозлари ва таъмирлашга йўналтирилган ресурстежамкор технологияларни жорий этиш орқали сув таъминоти иншоотларини эксплуатация қилишни такомиллаштириш устувор йўналишлар қилиб белгиланади.

Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда техник-иқтисодий асосланишни ишлаб чиқиш учун республика бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 8 млрд сўм ажратилишини таъминлайди.

Техник-иқтисодий асосланишни ишлаб чиқиш мақсадида
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ, Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг:

а) қуйидагиларни:

“Ўзсувтаъминот” АЖнинг “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” УКни – буюртмачи этиб белгилаш;

бош лойиҳа ташкилотни танлов (тендер) савдолари орқали аниқлаш;

б) буюртмачи ва бош лойиҳа ташкилотларига асосланган ҳисоб-китобларга кўра техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқиш учун 30 фоиз бўнак ажратишга розилик берилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда жорий йил якунига қадар лойиҳани амалга ошириш учун 100 млн доллар миқдорида халқаро молия институтлари кредит маблағларини жалб қилиш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид