Мариуполда бошланган қурилишлар, Харкивда портламай қолган ярим тонналик бомба. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 120-куни ўтди.
23 июн куни Украинага Евроиттифоқ аъзолигига номзод мақоми берилди. АҚШ ушбу мамлакатга яна 450 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ваъда қилди. РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия-Беларус ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини зудлик билан мустаҳкамлаш зарурлигини айтди. Қуйида урушнинг 120-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.
Киев области
Ирпен ва Гостомелнинг болалар жамоалари Гостомелдаги кўп қаватли уй биноси олдида уруш даврида илк бор ўзаро ўйин ўтказмоқда. Киев области 2022 йил феврал ва март ойларида россиялик ҳарбийлар томонидан ишғол этилган ва тинимсиз артиллерия зарбалари остида қолган. Шаҳарлар тинч аҳолиси орасида жуда кўп қурбонлар бўлган. Март ойи охирида россиялик ҳарбийлар областни тарк этишди.
Боярка шаҳарчаси аҳолиси Донецк областининг Торецк шаҳрида ҳалок бўлган ҳарбий Олександр Адамовични дафн этмоқда. Сўнгги ҳафта давомида Торецк Россия томонидан интенсив равишда ўққа тутилаётган шаҳарлардан бири бўлиб турибди.
Мариупол
Мир проспекти ва Куприн кўчаси кесишмасида Россия мудофаа вазирлиги ҳарбий-қурилиш комплекси томонидан олиб борилаётган қурилиш. Бу ерда 12 та беш қаватли уйлар қуриш режалаштирилган.
Черниҳив области
Новоселовка қишлоғи аҳолиси вакили март ойида Россия томонидан берилган зарбалар чоғида вайрон бўлган уйларини тозаламоқда. Ҳозирда унинг онаси иссиқхонада яшайди.
Новоселовка аҳолиси гуманитар ёрдам қабул қилмоқда. Украина қуролли кучлари бош штаби хабар қилишича, Россия армияси июн ойи бошида ушбу қишлоқ ва унга туташ аҳоли пунктларини ўққа тутганди.
Харкив
Салтовка районида ихтисослаштирилган бригада турар жой биноси томидан портламай қолган ва зарарсизлантирилган 500-килограммлик бомбани туширмоқда. Бомба бу уйга март ойида келиб тушган. 24 июн куни Украина қуролли кучлари бош штаби Россия шаҳарга артиллериядан зарба беришда давом этаётгани, шунингдек «диверсия-разведка гуруҳлари фаоллашгани»ни қайд этди.
Одесса
Одесса опера ва балет театри ҳовлисида қум тўлдирилган қоплар. 21 июн куни РФ мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Одесса ҳудудида «Байрактар-ТБ2» дронлари жойлаштирилган ангар яксон этилгани тўғрисида хабар берди. Володимир Зеленский ўша куни шундай деди: «Россия бизнинг фаоллигимизни жуда асабий қабул қилмоқда. Яна Харкив, Одесса ўққа тутилди, яна — Донбассда юриш қилиш учун шафқатсизларча уринишлар амалга оширилди. Бу фақат жанг майдонида тинчитиш мумкин бўлган ёвузликдир».
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024