Киевга ракета ҳужуми оқибатлари, Донбассда яна бир шаҳар зарба остида. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 123-куни ўтди.
26 июн куни Россия ракетаси Киевдаги турар жой биносига келиб тушди — бир киши ҳалок бўлган, олти киши яраланган; улар орасида — Россия фуқароси ва унинг етти ёшли қизи ҳам бор. Северодонецкдаги «Азот» заводидан тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинмоқда. Украина ҳарбий разведкаси Россия яна Беларусда ўз ҳарбий мавжудлигини ошираётганидан огоҳлантирди. Херсон областининг россиялик кучлар томонидан ишғол этилган Нова Каховкада «янги маъмурият» амалдорларидан бирининг ҳаётига суиқасд уюштирилди. Унинг автомобили ёниб кетган, аммо аёлнинг ўзи омон қолган. РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу уруш бошидан буён илк бор Украинада россиялик ҳарбийлар назоратидаги ҳудудга келди.
Қуйида 26 июн куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.
Киев
Қутқарувчилар Шевченковский районидаги уй харобалари остида қолганларни қутқармоқда. Авиазарба оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, олти киши яраланган. Жабрланувчилар орасида — Россия фуқароси ва унинг етти ёшли қизи ҳам бор.
Киевдаги турар жой биноси зарбага учраши оқибатида яраланган йигит. Страна.UA нашри қайд этишича, вайрон бўлган уй яқинида «Артем» ҳарбий заводи жойлашган, зарба нишони айнан шу объект бўлгани тахмин қилинмоқда.
Қутқарувчилар Шевченковский районидаги харобаларни тозалашмоқда. Ҳудуддаги ишларга Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматининг 86 ходими ва тўққиз техникаси жалб этилган.
Харкив
Сапёрлар Харкивнинг тунда ўққа тутилиши оқибатида юзага келган ўрани кўздан кечирмоқда. Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, 26 июн куни шаҳарда турар жой ва тиббий муассаса бинолари ўққа тутилган.
Яшаш ҳудудига келиб тушган снаряддан ҳосил бўлган ўрани сув тўлдирган. Харкив области раҳбари Олег Синегубов регионда 4500 дан ортиқ бино вайрон бўлганини айтган. Унинг баҳоларига кўра, шаҳар ўққа тутилиши оқибатида 4019 турар жой биноси, 427 ўқув муассасаси, 97 тиббий муассаса, 62 маданий бино ва 12 саноат корхонаси шикастланган.
Донбасс шимоли
«Азот» заводи ҳудудидан чиқиб келган северодонецкликлар «ЛХР» халқ милицияси батальони қўмондонига қараб турибди. ТАСС хабар қилишича, сўнгги икки кунда «Азот» заводи ҳудудидан 450 киши чиққан. «Азот» ҳудудида яна қанча одам қолгани маълум эмас. 24 июн куни Луганск области расмийлари украин ҳарбийларига Северодонецкни ташлаб чиқиш бўйича буйруқ берилганини айтишганди. Кейинги куни РФ мудофаа вазирлиги шаҳар тўлиқ назорат остига олинганини хабар қилди.
Фавқулодда хизмат ходими Бахмутдаги фронт чизиғи яқинида аҳолини эвакуация қилишга киришиш олдидан зирҳли нимчасини тақмоқда. Луганск области раҳбари Сергей Гайдай аввалроқ Лисичанск — Бахмут трассасидан энди ҳаракатланиш имконсиз экани, «ҳаёт йўли» доимий равишда ўққа тутилаётганини айтганди.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024