Ўзбекистон | 11:32 / 29.06.2022
2469
4 дақиқада ўқилади

Конституциявий ислоҳотлар: Ташқи сиёсатда нималар ўзгаради?

Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, Конституциянинг 17-моддасига Ўзбекистон ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқ-эркинликларини ҳурмат қилиш ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги каби принциплар қўшилмоқда, шунингдек барча давлатлар билан тинчликсеварлик сиёсат олиб боришга доир янги нормалар белгиланмоқда.

Хусусан, амалдаги Конституциянинг ташқи сиёсатга доир тартиблар белгиланган ягона 17-моддаси биринчи қисмини қуйидагича тўлдириш таклиф қилинмоқда:

«Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади».

Ушбу моддага киритилаётган қўшимча билан ташқи сиёсатга оид иккита янги принцип, хусусан «инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш» ҳамда «давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги» киритилмоқда.

Ушбу нормалар Конституцияда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ва унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш, ташқи сиёсатнинг умумэътироф этилган принциплари ва халқаро шартномаларда белгиланган қоидаларнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев ҳам Конституциянинг 29 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида Конституция нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кўп иш қилиниши кераклиги ҳақида айтган эди.

Бу каби нормалар БМТ Низоми, ушбу ташкилотнинг Халқаро ҳуқуқнинг принциплари тўғрисидаги Декларацияси ва Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Конференциясининг Якунловчи Актида ҳам мавжуд.

Лойиҳага кўра, Конституциянинг 17-моддасига қуйидаги янги қисм киритилмоқда.

«Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсатини олиб боради».

Ушбу норма президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда берган таклифлари асосида киритилмоқда. Учрашувда давлат раҳбари «Асосий қонунимизга Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало, ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиши, унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига оид принцип ва нормаларга асосланиши ҳақидаги моддани қўшиш» бўйича таклиф берган эди.

Бундан ташқари, бу аввало Марказий Осиё давлатлари ва бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун муҳим конституциявий асос бўлади. Бу каби норма БМТ Низомининг 2-моддасида ҳам «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча Аъзолари халқаро тинчлик, хавфсизлик ва адолатни таҳдид остига қўймаслик учун ўзларининг халқаро низоларини тинчлик воситалари билан ҳал қиладилар», дея алоҳида кўрсатилган.

Амалдаги Конституция 17-моддасининг сўнгги қисмини ўзгартиришсиз қолдириш таклиф қилинмоқда:

«Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин».

Эслатиб ўтамиз, бундан ташқари Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Ташқи сиёсий фаолият концепцияларини янги таҳрирда – Конституциявий қонун шаклида ишлаб чиқишни таклиф қилган эди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид