Жаҳон | 22:18 / 30.06.2022
11455
2 дақиқада ўқилади

Швеция ва Финландия НАТОга кириш учун зиммаларига олган мажбуриятларни бажариши шарт – Эрдўған

Эрдўған «Швеция ва Финландия билан уч томонлама декларациянинг имзоланиши Туркия ва турк халқининг дипломатик ғалабаси» бўлганини айтди.

Фото: Anadolu Agency

НАТОнинг барча мамлакатлари терроризмга нисбатан ягона ва мустаҳкам позицияни эгаллаши ва бу ёвузликка қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириши керак, деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.

«НАТО блоки терроризмнинг ҳар қандай шаклига қарши курашда қатъият кўрсатиши зарур. Бу қатъият қоғозда эмас, балки реал ҳаракатларда намоён бўлиши керак», - деди Туркия раҳбари. 

У Туркия 40 йилдан буён Курдистон ишчи партияси ташкилоти айирмачиларига қарши кураш олиб бораётганини эслатиб ўтди.

«Туркиянинг минглаб ўғил-қизлари террорчилар билан курашда ҳалок бўлди. Бизда кутишга тоқат ва вақт қолмади. Жараён чўзилишига йўл қўймаймиз», - деб таъкидлади Эрдўған.

НАТО кенгайиши мавзусига тўхталар экан, у «Швеция ва Финландия билан уч томонлама декларациянинг имзоланиши Туркия ва турк халқининг дипломатик ғалабаси» бўлганини айтди.

Эрдўған Швеция эришилган келишув доирасида 72 нафар террорчини Туркияга топширишга ваъда берганини маълум қилди.

«Агар Скандинавия мамлакатларининг аризалари Туркия парламенти томонидан маъқулланмайдиган бўлса, НАТОга қабул қилиш жараёни якунланмайди. Шу боис Финландия ва Швеция мажбуриятларини бажариши керак. Бу мамлакатлар Курдистон ишчи партияси, YPG ва FETÖ террорчиларига эшикларини ёпиши керак. Миллий қонунчиликларига зарур ўзгартиришлар киритиши лозим. Агар булар бажарилмаса, хафа бўлишмасин. Биз тегишли чораларни кўрамиз. Агар бу айтилганлар бажарилмайдиган бўлса, мазкур масала Туркия парламентида муҳокама қилинмайди», - деди Эрдўған. 

28 июн куни Мадридда Туркия, Швеция ва Финландия Анқаранинг хавотирлари ҳисобга олинган ҳолда хавфсизлик соҳасидаги меморандумни имзолади. Туркия ўз навбатида, Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишига нисбатан эътирозидан воз кечди.

Мавзуга оид