Жамият | 19:16 / 05.07.2022
22221
6 дақиқада ўқилади

Ахборот кураши авжида. ТikТok очилиши ва унда миллий ташвиқот олиб борилиши керак

Википедияни тўлдиришнинг ўзи билангина мақсадга эришилмайди.

Фото: Kun.uz

Январ ойида «Биргаликда енг шимариладиган иш: интернетда ўзбекча контентни кўпайтириш учун нималар қилса бўлади?» сарлавҳаси остида мақола ёзган эдим.

Мақолага мутасаддилар эътибор қаратишди, ўзимга ҳам қўнғироқ қилиб, ўта жўяли таклифлар билдирилганини айтишди. Сенаторлар интернетда ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиниши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор ҳам қабул қилганди.

Википедиянинг ўзбекча талқинини ривожлантириш учун энг яхши энциклопедистлар ўртасида Викимарафон танлови эълон қилинди.

30 июн — ёшлар кунида президент Шавкат Мирзиёев интернет тармоғида ўзбек миллий контентини ривожлантириш учун 10 млрд сўм ажратилишини маълум қилди.

«Википедияда ўзбек тилидаги мақолалар сонини 100 мингтага етказиш ва хорижий тилларда ҳам Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш яхши самара бериши шубҳасиз. Ушбу мақсадлар учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Бундай тадбирларга, билимли ва шижоатли волонтёр ёшларни жалб қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини тизимли равишда рағбатлантириб бориш лозим», – деди президент ёшлар олдида чиқиш қилар экан.

Албатта, Википедияни тўлдириш — тўғри йўналишдаги оқилона қарор, аммо бу чоралар етарли эмасга ўхшаяпти.

Қорақалпоғистондаги нохуш воқеалар шуни кўрсатдики, айни пайтда ижтимоий тармоқларда, YouTube, Instagram ва TikTok каби видеоҳостингларда қўшни давлатларда тарихни ўз манфаатларига мослаб, ёшларга бузиб кўрсатиш бўйича «кимўзар»га мусобақа кетяпти. Интернетда минглаб мисоллар бор бунга.

Очиқчасига тан олиш керак, айниқса Қозоғистон бу борада жуда илғор. Улар айрим масалаларида ўзлари тўқиган ёлғонларга ўзлари ишониб ўтиришибди.

Ёшларимиз нотўғри талқин қилинган тарих бўйича шарҳ бўлимларида баҳслашишяпти. Роликларни кўрган кўпчилик эса, фикрини хато тушунча билан шакллантирмоқда. Бироқ бундай ҳолатда TikTok ижтимоий тармоғини блоклаб қўйиш билан иш битмайди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак. Сенаторларимиз тилга олган — ёшларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли ҳам шу.

Чунки бутун дунё ҳавас қилгулик бой тарихимиз бор. Бироқ у олимларимиз ёзган китоблар, газета-журналларда қолиб кетмаслиги керак. Тарихимизни замонавий мултимедиа воситалари орқали ижтимоий тармоқларда ҳам кўз-кўз қилиш керак.

Фақат ўзбекча Википедияни ривожлантириш билан чекланиб қолмай, зудлик билан TikTok ижтимоий тармоғини блокировкадан очиш ва ишни бошлаш лозим.

Мамлакат ёшлари ўртасида Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихи, ўзбек заминида яшаб яшаб ўтган алломалар, шаҳарларимиз, тарихий обидаларимиз ҳақида ёшларбоп, енгил ҳазм бўладиган, аммо фактлари мияга қўрғошиндек қуйилиб қоладиган турли-туман тарихий ҳақиқатлар ҳақида қисқа (5 дақиқагача) видеороликлар учун ҳам бошқа бир мунтазам танлов эълон қилиши зарурати борга ўхшамоқда.

Бундай мини-видеороликлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида (керак бўлса — араб, хитой, ҳинд, япон, турк ва форс тилларида ҳам) қилинсин. Бу биринчи навбатда юртимизга туризм оқими тарғиботи учун хизмат қилса, иккинчидан, нафақат ўз ёшларимизнинг билими ошади, ён-атрофимиздаги давлатлар ёшлари ўртасида бой тарихимизнинг тўғри талқин қилинишида беқиёс ўрин тутади.

Танловда иштирок этувчи роликларнинг нақадар оригиналлиги, улар ясаган роликлар интернетда қанчалик оммалашгани, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан билдирилган фикрларга қараб баҳолаб борилади.

Бу ишга Ёшлар ишлари агентлиги бош-қош бўлиши мумкин. Давлат аямасдан ҳар йили танлов ва иштирокчиларни рағбатлантириш учун маблағ ажратсин. Турли тилларда, турли йўналишлар белгилансин. Айтайлик, ўзбек, рус, инглиз, турк, форс, араб, хитой, ҳинд, япон тилларидаги «энг кўп томоша қилинган ролик». Ушбу номинациялар совриндорларига энг замонавий iPhone Pro Max, iPhone Pro ва iPhone уяли телефонлари топширилишининг ўзи етарли.

«Энг оригинал мавзу», «Энг ёш иштирокчи», «Миллий тарих мавзусидаги энг яхши роликлар тўплами», «Туризм мавзусидаги мавзулар тўплами» ва шу каби роликлар танловида ғолибларга «Спарк» автомобили, профессионал камера, пул мукофотлари белгилансин. MacBook, iPhone Pro max каби рағбатлантирувчи замонавий гаджетлар совға сифатида топширилсин. Ана шундан кейин иқтидорли, изланувчан ва ижодкор ёшларимизни тўхтатиб бўлмайди. Улар олимларимиз билан ҳам ҳамкорликни бошлаб юборишади. Мени айтди дерсиз.

Албатта йил бўйи танловни кузатиб борадиган, уларга тўғри йўналиш (айтайлик, мавзулар) бериб турадиган махсус гуруҳ ҳам керак. Қўшимчасига, Миллий масс-медиани ривожлантириш жамоатчилик фонди, Ёшлар ишлари агентлиги, АОКА, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ҳар бири алоҳида ушбу танловга қатнашиши мумкин бўлган ёшларни тўплаб, уларни ўқитиш учун семинарлар ташкил қилса, тўғри йўналишлар берса, нур устига аъло нур бўлар эди.

Бу — давлатимиз, миллий тарихимизни юксалтириш йўлида барчамиз бирлашиб қилинадиган иш. Мутасаддилардан бу таклифни яна бир бор пухта ўйлаб кўришни сўрар эдим.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид