Сардор Умрзоқов “Толибон” делегациясини қабул қилди
Бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Жорий йилнинг 4 июль куни Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, учрашув чоғида инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги ўзбек-афғон ҳамкорлиги кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилган. Икки томонлама савдо айланмасини кўпайтириш ва икки мамлакат ҳудудлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича биргаликда таклифларни тайёрлашга келишиб олинган. Шунингдек, ўзаро манфаатли шериклик салоҳиятини ўрганиш мақсадида ўзбек ва афғон ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш бўйича биргаликда иш олиб боришнинг истиқболлари қайд этилган.
“Мулоқот доирасида учрашув иштирокчилари “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” транс-афғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини кўриб чиқдилар. Жорий йил июль ойининг иккинчи ярмида темирйўл йўналиши бўйлаб дала тадқиқотларини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ва Афғонистон билан устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди”, дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
08:39 / 04.07.2024
Абдулла Арипов Афғонистон делегацияси билан учрашди
19:24 / 17.08.2023
Ўзбекистонда Президент Администрацияси янгиланмоқда
15:36 / 17.08.2023
Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов ишдан олинди
14:10 / 09.03.2023