Ўзбекистон | 17:19 / 05.07.2022
22454
6 дақиқада ўқилади

Хорижлик блогерлар учун одатий сюрприз. Сербиялик сайёҳ дрон сабаб Ўзбекистонда ушлаб турилибди

Сербиялик саёҳатчи-блогер Ив Бесеровач Ўзбекистонга киришда ва кейинчалик маҳаллий аэропортларда ҳам юклари орасида дрони борлигини божхоначилар кўришгани, лекин индашмаганини айтмоқда. Ивнинг Kun.uz'га сўзлаб беришича, ҳамма муаммо уни Ўзбекистондан чиқиб кетишда кутиб турган экан.

Ўзбекистонга келиб турли ноқулай вазиятларга тушиб қолган хорижликлар ҳақида эшитиб қоламиз. Кимдир паспортини йўқотиб қўяди, яна кимдир қонунларни бузгани учун судга тортилади.

Аммо Kun.uz'га мурожаат билан келган сербиялик тревел-блогер Ив Бесеровач тушиб қолган вазият бироз ғайритабиий. Унинг ҳолати қонунларимиздаги мантиқсизлик ва мамлакат “дарвозаси” – божхоналардаги муаммони яна бир бор юзага чиқарди.

Бесеровачнинг сўзларига кўра, у одати бўйича мамлакатлараро саёҳатининг бир қисми сифатида Истанбулдан самолётда Хоразмга келган. Ўзи билан олиб келган барча жиҳозлари, шу жумладан дрон мосламасини ҳам Урганч аэропортида божхонадан ҳеч қандай эътирозларсиз олиб ўтган.

Ўзбекистондаги саёҳати мобайнида Урганч, Бухоро Самарқанд ва Нукус шаҳарларида бўлиб, ўзининг блоги учун контент йиғган.

У Ўзбекистонга сафарини якунлаб, Қозоғистонга учиб кетиши лозим эди. Аммо Тошкент халқаро аэропортида уни юклари орасидаги дрон сабаб ушлаб қолишган.

Мана, 8 кундирки, мамлакатни тарк эта олмаяпти. У Kun.uz'га бошидан ўтказганларини сўзлаб берди.

“Ўзбекистоннинг туризм потенциалини дунёга кўрсатиш муҳим. Ўзбекистон янада кўпроқ туристлар келишида каттароқ натижага эришиши мумкин, чунки энг зерикарли давлатлар ҳам туризмдан кўпроқ пул ишлай олади. Мамлакатингиз эса туризм кўпроқ иш ўринларини ярата олади, чунки кўришга арзийдиган нарсалар жуда кўп – фақат уни дунё кўриши керак.

Ўзбекистонга Истанбулдан учдим ва Урганч аэропортига қўндим. Аэропортда ҳамма нарсаларимни: камера, дрон солинган сумкаларимни текширишди. Ҳаммаси яхши эди. Ўзбекистон билан биргаликда Қозоғистон, Қирғизистон, Кувайт каби 6-7та мамлакатни кўришни режалаштиргандим. Бироқ Ўзбекистоннинг дронларга оид қонунчилигини ўрганмаганим менинг айбим бўлди. Чунки 3-4 ҳафтада 6-7 мамлакатга боришим керак эди, жуда кўп ахборот ўргандим, бироқ Ўзбекистонда дронлар тақиқланганини ўрганмабман.

Чегарадан ўтишда божхона постида нарсаларимни скайнерга қўйганимда полиция ҳаммасини текшириб, индамади. Улар дронни ҳам кўришди. Кейинги манзилим Нукус ва Бухорода ҳам юкларимни текшириб, ҳеч нарса дейишмади. Ҳеч нарсани яширмадим, дрон ва камераларим солинган барча сумкаларим елкамга илинганди.

Ўзбекистонда дрондан фойдаланмадим, чунки уни Туркияда синдириб қўйгандим, хоҳласам ҳам уни ишлата олмасдим, чунки яроқсиз ҳолга келганди. Тошкент халқаро аэропорти орқали Қозоғистонга кетаётганимда, мени тўхтатиб қолишди, сабаби дрон ноқонуний нарса экан.

“Бу нима”, деб сўрашди; “дрон” дедим. “Дрон ноқонуний эканини билармидингиз?” деб сўрашди; “Йўқ, билмасдим” деб жавоб бердим. Ахир бу ерга келгач ҳам аэропортда ҳеч ким индамади, 2 ҳафта Ўзбекистон ҳудудида эркин юрдим, 4-5та божхона постларидан текширувдан ўтдим, ҳеч ким дрон ноқонунийлигини айтмади.

5-6 соат аэропортда ушлаб туришди, полиция ҳақиқатан жуда яхши, уларга шикоятим йўқ, аммо умумий жараёндан қониқмадим. Бу воқеа ўтган ҳафта сешанба куни содир бўлди, лекин 5-6 кундан бери яна неча кун кутишим ҳақида билмайман. Бу ерда мамлакатимнинг элчихонаси ҳам йўқ ва ҳатто бундан кейин нима қилишим кераклигини сўраш учун кимга боғланишни билмайман.

Мен тревел-блогерман ва бу ерга шунчаки мамлакатингиз ҳақида влог суратга олиш учун келдим. Бундан бошқа сабаб йўқ. Бугун уларга қўнғироқ қилдим, лекин жавоб беришмади. Уларни айбламоқчи эмасман, 7 кун бўлса шунча вақт кута оламан, аммо қанча кутишимни аниқ билмайман. Аэропортда ҳаммасини тушунтириб ёздим, лекин улар шунчаки кутишимни айтишди. Бироқ Ўзбекистонда режамдан ортиқ вақт давомида қолишимга тўғри келгани туфайли меҳмонхонага ортиқча пул сарфлашим керак, бундан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон ва уйимга кетиш учун олган чипталарим куйиб кетди.

Агар муаммони ҳал қилсам, Қирғизистондан Истанбулга чипта олишим керак, аммо ҳал қилолмасам бу ердан тўғри Истанбулга чипта олишга тўғри келади. Бироқ Тошкентдан Истанбулга чипта нархи 600 евро, бу жуда ҳам қиммат. Бу ерда ҳамма одамлар яхши, ёрдамга тайёр, лекин бу ерда қанча вақт қолишим аниқ эмас, асосий муаммо шунда” – дейди у.

Ив билан боғлиқ вазият юзасидан маълумот олиш мақсадида Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев билан боғландик. У масалага ойдинлик киритилишини маълум қилди.

Мамлакат қонунчилигига кўра, учувчисиз учувчи қурилмаларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликка тортилади.

Аммо ёнида дрони бўлган хориж фуқароси чегарани кесиб ўтишига рухсат берилганини қандай изоҳлаш мумкин.

Бу – жамоатчиликка маълум бўлган биринчи ҳолат эмас. 2022 йилнинг ўзида айнан шу каби вазиятлар икки бора кузатилди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам чегарадан дрони билан ўтказилган ва мамлакатни тарк этаётганда тўхтатиб қолинган. Бу ҳам божхона тизимида ўзига яраша нуқсонлар мавжуд эканини кўрсатади.

Ив тушиб қолган вазият ўз йўлига, муаммоси ҳал бўлмай қолмайди. Аммо масаланинг бошқа томони бор. Дрон билан боғлиқ вазиятда муаммога дуч келган хорижлик тревел-блогерлар асосий мақсади Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини намоён қилиш эканини таъкидлайди. Бироқ қонунчиликдаги қатъий чеклов туфайли улар дронлардан фойдалана олишмайди.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини дунёга кўз-кўз қилишда асқатадиган, замонавий илм-фан маҳсули бўлган дронлардан фойдаланишда имкониятлар бериш вақти келмадими?

Мадина Очилова тайёрлади.

Оператор ва монтаж устаси – Асадбек Курязов.

Мавзуга оид