Қарийб бир кунлик танаффусдан сўнг ЙҲХБ базаси фаолияти тикланди
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари тасарруфидаги электрон тизимлар 5 июль соат 14:05 дан 6 июль соат 12:30 гача ишламагани айтилмоқда.
ИИВ ЖХД ЙҲХХ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари фойдаланишида бўлган тизимлар жойлашган сервер қурилмаларида кутилмаган техник носозликлар юзага келгани сабабли жорий йилнинг 5 июль куни соат 14:05 дан 6 июль куни соат 12:30 га қадар вақтинча тизимлар ишламаган.
“Ҳозирда носозликлар тўлиқ бартараф этилганини ва тизим узлуксиз ишлаб турганини маълум қиламиз. Юзага келган ноқулайликлар учун ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фуқаролардан узр сўрайди”, дейилади хабарда.
Бироқ на ЙҲХХ расмий сайтида, на хизматнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида серверда профилактика ишлари олиб борилаётгани, шу боис фуқароларга хизмат кўрсатувчи электрон тизимлар номаълум муддатгача ишламаслигидан огоҳлантириш эълон қилинмаган.
Қолаверса, тизим фаолияти тиклангани ҳақида соат 12:30 да ёки 13:00 да эмас, балки нима учундир 19:02 да маълум қилинган.
Гарчи сервердаги носозлик соат 12:30 да бартараф этилгани хабар берилган эса-да, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг Telegram’даги расмий каналида соат 13:36 да эълон қилинган хабарда ЙҲХХ сервери ишламаётгани учун айрим хизматлардан фойдаланишда узилишлар бўлиши ҳақида сўз боради. Бу эса тизим ЙҲХХ ахборот хизмати хабар бераётганидек соат 12:30 да тикланмаганини кўрсатмоқда.
“Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати сервер қурилмаларида техник ишлар олиб борилаётгани сабабли my.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги “Автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтириш) рухсатнома олиш”, “Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш учун ариза юбориш” ва бошқа хизматлардан фойдаланишда узилишлар кузатилиши мумкин. Келтирилган ноқулайлик учун узр сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ЙҲХХ сервери ишламай қолиши кеча ёки бугун кузатилаётгани йўқ. Бундан бир ой муқаддам – 6 июнь куни ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари фойдаланишида бўлган тизимлар жойлашган сервер қурилмаларида носозликлар юзага келгани сабабли тизимлар вақтинча ишламай қолганди.
2021 йилнинг ноябрида эса ИИВ ЙҲХББ маълумотлар базаси киберҳужумга учрагани оқибатида республика миқёсида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар ҳақидаги барча маълумотлар ўчиб кетгани тўғрисида хабарлар тарқалган, кейинчалик ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги билдирилганди.
Мавзуга оид
11:20 / 10.09.2024
«Мана қизил чироқда ўтган иплос шўпир, шуни қарғанглар» — Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи
19:21 / 15.08.2024
ЙҲХБ тартибга солинмаган ўтиш жойидан ўтаётганда — пиёдалардан қўлларини баланд кўтаришни сўради
07:29 / 08.07.2024
Тошкент шаҳри ЙҲХБнинг Юнусободдаги рўйхатдан ўтказиш бўлими вақтинча ёпилади
13:59 / 01.06.2024