Ўзбекистон | 13:13 / 06.07.2022
14921
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда судя марҳумни суд мажлисига чақирганига оид ҳолатга муносабат билдирилди

2022 йил 13 майдаги суд мажлисига чақирув хати берилган шахс 2018 йилда вафот этган бўлган. Судя ихтиёридаги ҳужжатларда бу ҳақда маълумот бўлмаган.

Фото: Kun.uz

Судялар олий кенгаши матбуот хизмати cудя марҳумни суд мажлисига чақиртирганига оид хабарлар юзасидан изоҳ берди.

“Хоразмлик Комил Матчанов 2018 йилда маъмурий судга ариза билан мурожаат қилгани рост. Ўша йили суднинг тегишли қарори чиққани ҳам тўғри. 2022 йилнинг май ойига келиб Б.Эгамбердиев (2018 йилдаги судда тараф сифатида иштирок этган) давлат органига мажбурият юклашни сўраб судга мурожаат қилади. Аризага 2018 йилда ўзи тараф сифатида иштирок этган суд қарори ва бошқа ҳужжатлар илова қилиниши ўз-ўзидан маълум.

Судя ариза ва унга илова қилган ҳужжатлар билан танишиб, ишни суд мажлисида кўришга тайинлайди ҳамда тарафларга суд мажлиси 2022 йил 13 май кунига тайинлангани ҳақида маълум қилади. Бу пайтга келиб, К.Матчанов вафот этганди (У 2018 йилнинг 6 декабр куни омонатини топширган). Судядаги мавжуд ҳужжатлар орасида бу ҳақида маълумот бўлмаган.

Чунки ишни суд мажлисида кўришга тайинлаш жараёнида тарафларнинг қайларда юргани-ю, нималар билан бандлиги ёки вафот этган-этмагани текширилмайди. Барчасига суд мажлисида аниқлик киритилади. Шундай бўлди ҳам.

2022 йил 18 май куни суд ажрими билан марҳум К.Матчановнинг ўғли Н.Матчанов ҳуқуқий ворис деб топилиб, низо предметига нисбатан манфаатдор шахс сифатида ишга жалб қилинган”, дейилади расмий изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, Хоразмда шунга ўхшаш ҳолат аввалроқ ҳам кузатилган: 2018 йил Kun.uz'да “Хоразмда мурда тирилиб, судда “кўрсатма берди” сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси бир муддат олдин ўлган шахс гўёки тирик бўлгани ва судда у берган гувоҳлик кўрсатмасини ишончли деб ҳисоблагани, шунга асосан нохолис қарор чиқаргани ҳақида сўз юритилганди.

ОАВда мурдадан “кўрсатма олган” судя ўша шармандали воқеадан кейин орадан бир неча йил ўтса ҳам, ҳамон судялик лавозимида ишлаётгани бир неча бор танқидга учраганди.

Судялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров ушбу ҳолат кенгашда ўрганиб чиқилиб, тасдиғини топганини билдирган, бироқ судяга нисбатан чора қўллаш муддати ўтиб кетгани туфайли масала ёпилганини маълум қилганди.

Мавзуга оид