Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
3 йилда саккиз авария, уч бола ногирон бўлиб қолди. Янги мактаб биноси ечим бўла оладими?
Кармана туманидаги мактаблардан бирининг яқинида охирги 3 йилда 8 нафар ўқувчи автоҳалокатга учраган. Сабаби бу ерда 300дан ортиқ ўқувчи мактабга қатнаш учун халқаро аҳамиятга эга М-37 автомобил йўлини кесиб ўтишга мажбур. Аҳоли ҳокимликнинг шу муаммони ечиш бўйича бошлаб қўйган ишлари муаммони ҳал этмаслигини айтяпти.
Навоий вилояти Кармана туманидаги Қаҳрамон маҳалласи ва Кумушкон маҳалласининг Зарафшон кўчасини халқаро аҳамиятга эга М-37 автомобил йўли ажратиб туради. Йўлнинг Кумушкон маҳалласи томонида икки мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг фарзандлари Қаҳрамон маҳалласидаги 3-умумтаълим мактабига 3 км йўл босиб қатнайди ва ҳар куни икки марта М-37 йўлини кесиб ўтишади.
Афсуски, тиғиз қатновга эга халқаро йўлни кесиб ўтишда бир неча бор болалар билан боғлиқ автоҳалокатлар содир бўлган. Хусусан, охирги 3 йилда мактабга ўтиб-қайтаётган 8 нафар ўқувчини машина уриб юборган. Уларнинг 3 нафари ногирон бўлиб қолган.
Мана шу оғриқли нуқта йўлнинг иккинчи томонида ҳам мактаб қуришни тақозо этмоқда.
Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов йил бошида қишлоқ аҳолиси билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганган. Учрашувда шу масала ҳам кўтарилган. Одамларнинг фикри инобатга олиниб, болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда мактаб биноси қуриш режалаштирилган. Вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан тумандаги 3-умумтаълим мактабига қўшимча ўқув биноси қуриш учун ер майдони ажратилган.


Ҳозирда қишлоқда ўқув биносини қуриш учун ҳаракат бошланди: лойиҳа ҳужжатлари шакллантирилган, қурувчи танланган. Аммо қурилиш жараёнида масъуллар эътибор қаратмаётган бир нечта мантиқсиз жиҳатлар бор.
Хусусан, қурилиши назарда тутилаётган бино алоҳида мактаб эмас, 3-умумтаълим мактабининг қўшимча ўқув биноси, яъни филиали. Бу ерда фақатгина бошланғич синф ўқувчилари таълим олади. Ўқув биноси 80 ўринли, 5 та хонадангина иборат.

Лекин ҳудудда бошланғич синфга борувчи ўқувчилар сони 148 нафар. Бу 68 нафар бола барибир М-37 йўлини кесиб ўтиши керакми, деган саволни юзага келтиради.

Шунингдек, йўлдан хавфсиз ўтиб-қайтишда 11 ёшли меъёр белгиланмаган: кўнгилсизлик 5- ёки 8-синф ўқувчиси билан ҳам содир бўлиши мумкин. Мактаб учун йўлни кесиб ўтишга мажбур бўлаётган жами ўқувчилар сони 300 нафардан ортиқ. Демак, ҳудудда мактаб филиали эмас, алоҳида мактаб қуриш лозим.
Қолаверса, аҳоли сони ошиб бориши ҳисобга олинса, яқин келажакда ҳудудда барибир алоҳида мактаб қуриш зарурати туғилади. Ҳокимликнинг айни пайтда режалаштираётган 80 ўринли ўқув биноси масалага ечим эмас.
Бундан ташқари, ўқув биноси қуриш учун қишлоқ стадиони танланган. Бу ўйингоҳ ёшлар футбол ўйнайдиган, машғулотлар олиб борадиган маҳалладаги ягона спорт ўйингоҳи ҳисобланади.


Стадион ҳақида футбол мураббийи Фаёз Явқочов шундай дейди:
“Ўзимиз болаликдан шу стадионда футбол ўйнаб катта бўлдик. Ҳозирда мураббийман. 3 та ёш тоифасида 50 нафардан ортиқ болаларга машғулот ўтаман. Ўйингоҳимизда БЎСМлар орасида республика чемпионатлари, турли мусобақалар ўтказилади. Туманимизда бу каби стадион бармоқ билан саноқли.
Қишлоғимизда футболни жуда севишади. Ёшларда қизиқиш катта. Суперлига ва Про-лига клубларида тўп сураётган футболчиларимиз бор, улар мана шу стадиондан етишиб чиққан. Қишлоқ аҳолиси ҳашар йўли билан кийим алмаштириш хоналарини қуриб олганмиз, имкон даражасида шароит яратганмиз. 5 хонали кичик ўқув биноси қуриш учун стадион ўрни танланиши мутлақо нотўғри, деб ҳисоблайман”.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Кармана тумани ҳокими ўринбосари Шоҳрух Болтаев билан боғланди. Ҳоким ўринбосарининг таъкидлашича, масала қишлоқ аҳолиси билан муҳокама қилинган.
“Туман ҳокими билан биргаликда бориб, қишлоқ одамлари билан учрашдик. Аҳоли стадион ўрнида ўқув биноси қуришга норозилик билдиргач, бошқа жой кўрсатдик. Бироз четда бўлгани сабабли фуқаролар у ерга ҳам рози бўлишмади. Стадион ҳокимлик захирасидаги ер ҳисобланади. Ўқув биноси катта эмас, стадионнинг бир четига жойлашади. Бу футбол ўйнашга халақит қилмайди, комплекс бўляпти. Қўшимча баскетбол ва мини футбол майдонлари ҳам қурилади.
Биз спортга қарши эмасмиз, аксинча уларнинг фарзандлари учун мактаб қуриб беряпмиз. Майли, биз мактаб қурмаслигимиз, ўша маблағни бошқа жойга йўналтиришимиз мумкин. Лекин шунча боланинг тақдирига, хавфсизлигига ким жавоб беради?” – дейди Шоҳрух Болтаев.
Ҳокимлик 300 нафардан ортиқ ўқувчидан нега айнан 80 нафарининг хавфсизлигини ўйлаётгани қизиқ.
Қолаверса, ўқув биносининг қурилиши стадионнинг бир четини эмас, ярмидан кўп қисмини эгаллайди. Бу ҳолатда стадионнинг стандарт ҳажмини сақлаб қолиш имконсиз. Икки дарвозани исталган жойга қарама-қарши қўйиб, тўп тепавериш эса футбол эмас.
Қишлоққа тўлақонли мактаб керак. Ўқувчилар билан боғлиқ кўнгилсиз автоҳалокатлар яна содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Лекин стадион ўрнига мактаб эмас, ҳозирда лойиҳаси қилинган ўқув биноси сиғиши мумкин. Ушбу ўқув биноси қурилиши амалга оширилса, на мактаб масаласи ҳал бўлади, на стадион сақлаб қолинади.
Ҳокимлик мазкур ҳолатни кеч бўлмасидан қайта ўрганиб кўриши ва сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган тарзда оқилона ечим топиши зарур.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.