Жаҳон | 20:27 / 07.07.2022
41441
3 дақиқада ўқилади

«Замон ўзгарди» — Тўқаев нефт учун Россияни четлаб ўтадиган транзит ташкил этишга топшириқ берди

Қозоғистон Каспий денгизидан Европага ўтадиган нефт транзити ташкил этади. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириқ берди.

Фото: Akorda.kz

Тўқаев нефтни сотиш учун Россияни четлаб ўтадиган янги йўналишлар, хусусан, денгизни кесиб ўтадиган йўналиш қуришга кўрсатма берди. «Қозоғистон ҳеч қачон денгиз давлати бўлмаган, аммо ҳозир замон бошқача», деди Тўқаев.

Қозоғистон Европага нефт етказиб берадиган асосий давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат нефти асосан Россия орқали ўтадиган Каспий бўйи консорциумидан оқиб Европа давлатларигача боради. Аммо яқинда Россия суди ушбу ўтказгич фаолиятини тўхтатиб қўйди.

Президент Тўқаев Қозоғистон транспорт-транзит тизимини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда қозоқ нефтини сотиш учун янги йўналишларни ташкил қилиш керак эканини айтди.

«Транскаспий маршрути биз учун устувор вазифа бўлади. «КазМунайГаз»га ушбу маршрутни амалга ошириш бўйича мос келувчи таклиф тайёрлашни буюраман. Шунингдек, Тенгиз лойиҳасига инвесторлар жалб қилишни ҳам. Ҳукумат «Самрук-Казина» билан ҳамкорликда Атирау – Кенгқиёқ ва Кенгқиёқ – Қумкўл нефт ўтказгичларининг қувватини ошириш устида ишлаши керак», деди Қозоғистон президенти.

Транскаспий халқаро транспорт маршрути нефт ва бошқа маҳсулотлар ўтказишга мўлжалланган бўлиб Хитой, Қозоғистон, Каспий акваторияси, Озарбойжон, Грузия, Туркия ва Европа давлатларидан ўтади, Россияни эса четлаб ўтади.

Тўқаев денгиз орқали ўтказишни ҳам ривожлантиришга кўрсатма берган. «Қозоғистон ҳеч қачон денгиз давлати бўлмаган ва шу сабаб денгиз орқали ўтказмалардан тўлиқ фойдаланмаганмиз. Энди замон ўзгарди. Ҳукумат олдига портларимизни трансформация қилиш вазифасини қўяман, уларни Каспийдаги етакчи ҳабга айлантиришимиз керак», деган у.

Россия орқали ўтадиган коридор хавф остида қолди

5 июл куни Россиянинг Приморье туман суди Қозоғистоннинг Каспийбўйи қувурли ўтказгичи фаолиятини тўхтатиб қўйди. Сабаб сифатида «Ространснадзор» томонидан қайд этилган қоида бузилиши келтирилган. Қозоғистонда қазиб олинадиган нефтнинг 80 фоизи айнан мана шу ўтказгич орқали ўтади. Ўтказгичнинг йиллик нефт ўтказиш қуввати 67 миллион тоннани ташкил этади.

Ўтказгичнинг тўхтатиб қўйилиши дунё бозорига кунига 1 миллион баррел нефт кирмай қолади дегани. Бу эса дунёда истеъмол қилинадиган «қора олтин»нинг 1 фоизи дегани. Бу йўналишнинг ёпилиши рус нефтига бўлган талабни бироз ошириши айтилмоқда. Қозоғистон томони суд қарорига эътироз билдириб, бу қазиб олиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қозоғистон нефт ўтказгичининг блокланиши мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Санкт-Петербургдаги иқтисодий форумда Владимир Путиннинг олдида «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олмаслигини айтгани билан боғламоқда. Тўқаев ўша форумда бошловчи Маргарита Симоняннинг саволларига ҳам кескин ва очиқ жавоб бергани билан ёдда қолганди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид