Жамият | 20:41 / 08.07.2022
22234
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ЙПХ ходими ҳайдовчини автомобилдан тушириш учун унга куч ишлатди

Ҳодиса гувоҳлари олган тасвирларда ЙПХ ходими ҳайдовчининг устига ўтирганча уни бўғаётгани кўринади. Вилоят ИИБ ҳайдовчи автомобилни ҳужжатсиз бошқарганини маълум қилди. Қонунчиликда ЙПХ ходими бундай вазиятда ҳайдовчини транспорт воситасини бошқаришдан четлатиш чораларини кўриши белгиланган, бу чоралар нималардан иборат бўлишига аниқлик киритилмаган.

Фото: Видеодан кадр

Тelegram-каналларда тарқалган видеодаги ҳолат Қашқадарё вилоятида рўй бергани айтилмоқда. Ҳодиса гувоҳлари томонидан олинган кадрларда Nexia-2 русумли автомашинанинг олд ўриндиғида инспектор ҳайдовчини куч билан бўғаётгани, машинадан чиқиш асносида унинг юзига тирсаги билан зарба берганини кўриш мумкин.

Воқеа жойида тўпланган одамлар ЙПХ ходимини тартибга чақиришганидан сўнг у машинадан тушади. Шундагина инспектор ҳайдовчининг устига чиқиб олгани маълум бўлади.

Видеода ҳайдовчи машинани ўт олдирмоқчи бўлганида ЙПХ ходими яна унга ташлангани, бироқ оломон уни машинадан тортиб туширгани ҳам акс этган. Шундан сўнг ҳайдовчи воқеа жойини тарк этган.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати ушбу ҳодиса 7 июл куни Кўкдала туман ҳудудидан ўтувчи “Яккабоғ-Шўрбозор” автомобил йўлининг 69– километрида рўй берганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ЙПХ инспектори “Нексия-2” русумли транспорт воситасини тўхтатганда ҳайдовчи машина ҳужжатларсиз бошқариб келаётганини аниқлаган. Расмий хабарда ҳуқуқбузарлик ҳолати тегишли тартибда расмийлаштирилгач, машинани жарима майдонига олиб бориш зарурати туғилганда, ҳайдовчи ЙПХ инспектори талабларига бўйсунмагани таъкидланади.

Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унинг бошқарувида бўлган автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.

Вилоят ИИБ хабарида ЙПХ инспекторининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида унга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, транспорт воситасини жарима майдонига олиб бориш, жойлаштириш ва сақлаш ҳокимликлар томонидан танлаб олинадиган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, низомга асосан, транспорт воситасини ушлаган давлат органининг ваколатли ходими ўз ваколатлари доирасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқаришдан четлатиш юзасидан зарур хатти-ҳаракатларни амалга ошириши белгиланган. Мазкур чоралар нималардан иборат бўлиши низомда аниқ белгиланмаган.

Транспорт воситасини жарима майдонига олиб келиш ва сақлаш харажатларини транспорт воситаси ҳайдовчиси, эгаси ёки эгасининг вакили тўлайди. Харажатлар учун ҳақ миқдори хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан белгиланади.

Аввалроқ Наманганда жарима майдонига машинасини ўзи ҳайдаб кетмоқчи бўлган ҳайдовчига нисбатан ЙПХ инспектори О.Турғунов электрошокер қўллаганди. Kun.uz'нинг ИИВдаги манбаси хизматга оид тегишли буйруқда ЙПХ ходими ушбу ҳолатда электрошокер қўллашга ҳақли бўлмагани, у фақат фаол қаршилик пайтида қўлланиши мумкинлиги белгиланганини маълум қилган бўлса-да, қонунбузар инспектор О.Турғуновга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаганди. 

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид