Жаҳон | 09:54 / 11.07.2022
6858
2 дақиқада ўқилади

Дунё аҳолисининг ўсиш суръати биринчи марта 1 фоиздан пастга тушди

Нисбий нуқтайи назардан, дунё аҳолиси биринчи марта йилига 1 фоиздан секинроқ ўсмоқда. Шу билан бирга, бу йил Ердаги одамлар сони 8 миллиардга етади.

Фото: Picture Alliance

1950 йилда статистика юритиш бошланганидан бери, биринчи марта дунё аҳолисининг ўсиш суръати йилига бир фоиздан пастга тушди. Бу ҳақда 11 июль, душанба куни Германиянинг «Ер аҳолиси» жамғармаси (Stiftung Weltbevölkerung) хабар берди.

Мутахассислар БМТ демографик статистикасини таҳлил қилиб, бу кўрсаткич 0,8 фоизни ташкил этган деган хулосага келди. Шу билан бирга, дунёда ўртача умр кўриш 2019 йилга нисбатан 1,8 йилга қисқариб, 71 ёшга тушди. Бу, биринчи навбатда, коронавирус пандемияси билан боғлиқ, дея тушунтирди фонд таҳлилчилари. 

Бу пасайиш глобал демографик тенденцияларнинг ўзгаришини англатмайди, деб таъкидлайди ҳисоб-китоблар муаллифлари. Мутлақ маънода Ер аҳолисининг кўпайиши давом этмоқда - ҳозир сайёрада 7 977 000 000 киши истиқомат қилади, 15 ноябрга қадар одамлар сони саккиз миллиардга етади, дея прогноз қилмоқда демографлар.

Ҳозирда дунё аҳолиси йилига қарийб 66 миллион кишига ёки кунига 180 000 кишига ошиб бормоқда. Амалдаги прогнозга кўра, аҳоли сони 2080-йилларда 10,4 миллиард кишига етади. Аҳолининг жадал ўсиши, биринчи навбатда, ривожланаётган мамлакатларда туғилишнинг юқори даражаси билан боғлиқ. 

«Глобал жануб»да кўплаб аёллар ҳали ҳам ўзлари хоҳлаганидан кўра кўпроқ фарзанд кўрмоқда. Бу, масалан, Саҳройи Кабирдан жанубда бўлган Африка давлатларида туғилишнинг юқорилигидан далолат беради», - дейди фонд бошқарувчи директори ўринбосари Ангела Бер. Минтақада ҳар бир аёлга ўртача 4,6 нафар бола тўғри келади, бу эса дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп. Бернинг фикрича, бунга жинсий таълимнинг етишмаслиги ва бошқа қатор жиҳатлар сабабдир. 

Мавзуга оид