Twitter компанияси Илон Маскни судга берди
Twitter компанияси Tesla ва SpaceX асосчисини томонлар томонидан тузилган шартномада кўрсатилганидек, уни 44 миллиард долларга сотиб олишга суд орқали мажбурламоқчи.
Twitter компанияси америкалик бизнесмен Илон Маскни уни сотиб олмаслик қарори туфайли судга берди. 12 июль, сешанба куни Twitter вакиллари АҚШнинг Делавэр штати судига юборган ҳужжатлардан маълум бўлишича, компания Маскнинг сотиб олиш шартномаси шартларини бажаришини таъминлаш ниятида.
«Маскнинг хатти-ҳаракати унинг ўзи ихтиёрий равишда имзолаган мажбурий шартномадан узоқлашишга интилаётганини ва бу жараёнда Twitter’га зарар етказмоқчи эканлигини яққол тасдиқлайди, — дея суд даъвосидан иқтибос келтирган AFP. — Twitter судланувчининг қонунбузарликлари натижасида тузатиб бўлмайдиган зарар кўрди ва бундан кейин ҳам зарар кўради».
Энди суд Маскка сотиб олиш шартномасини бекор қилишга рухсат бериш ёки йўқлигини ҳал қилиши керак. Шартнома шартларига кўра, томонлардан бири ундан воз кечса, бир миллиард долларгача жарима кўзда тутилган. Компания суддан тўрт кунлик суд жараёнини сентябрь ойининг ўрталарига белгилашни сўрамоқда, деб ёзади Reuters.
Аввалроқ, 8 июль куни бугунги кунда сайёранинг энг бадавлат одами ҳисобланган Илон Маск худди шу номдаги ижтимоий тармоққа эгалик қилувчи Twitter компаниясини сотиб олиш бўйича келишувни бекор қилаётганини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, компания «бирлашиш шартномасининг кўплаб қоидаларини жиддий равишда бузган». Хусусан, Маскка кўра, сохта ва спамли Twitter аккаунтларининг ҳақиқий сони ижтимоий тармоқ кўрсатган «беш фоиздан кам»дан сезиларли даражада кўп.
Finanzen.net интернет-бизнес нашри маълумотларига кўра, иқтисодий экспертлар Маскнинг Twitter’ни қўлга киритиш нияти жиддийлигига анчадан бери шубҳа билан қарашган. Сабаби компаниянинг 28 миллиард долларга баҳоланган бозор қиймати Маск унга таклиф қилган 44 миллиард доллардан анча паст.
8 июль куни Twitter раҳбари Брет Тейлор компания ҳали ҳам «Маск билан келишилган нарх ва шартлар бўйича» битимни ёпиш ниятида эканлигини ва бирлашиш келишувини амалга ошириш учун қонуний чоралар кўришни режалаштираётганини маълум қилди. «Биз Делавэр судида ғалаба қозонишимизга аминмиз», деб ёзди Тейлор Twitter’да.
Маск ўзининг Twitter аккаунтида истеҳзоли мем жойлаштириб, баёнотга жавоб қайтарди.
Мавзуга оид
20:37 / 13.11.2024
The Guardian Twitter’ни тарк этишини маълум қилди
11:58 / 12.11.2024
Маск, кичик Кеннеди ва Уайлс: Трампнинг атрофидагилар ким ва қайсилари янги маъмуриятда лавозим олиши мумкин?
14:15 / 10.11.2024
Трамп Зеленский билан «илиқ ва ёқимли» суҳбат ўтказган. Унда Маск ҳам иштирок этган
23:39 / 08.11.2024