Ўзбекистон | 22:48 / 14.07.2022
14952
2 дақиқада ўқилади

Сергей Ежков устидан очилган жиноят иши тугатилди

Uzmetronom сайти асосчиси Сергей Ежков Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжоновни оғир жиноятда айблагани учун узр сўрагач, Алламжонов даъвосидан воз кечди ва жиноят иши айблилик масаласи ҳал этилмасдан тугатилди.

Сергей Ежков ва Комил Алламжонов

Бугун, 14 июл куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Uzmetronom сайти асосчиси Сергей Ежковга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (интернет орқали туҳмат қилиш) билан очилган жиноят иши бўйича якуний суд мажлиси бўлиб ўтди.

Судя Толибжон Обидов, жабрланувчи Комил Алламжоновнинг розилиги асосида, айбланувчининг илтимосини қаноатлантирди. Бу ҳақда нашр ўз сайтида маълум қилди.

Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисми 1-бандига асосан, Сергей Ежковнинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига таҳдид бўлмагани, ўзи ҳам ҳозирда жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи эмаслиги сабабли жиноят иши айбдорлик масаласини ҳал қилмасдан тугатилди.

Эслатиб ўтамиз, Uzmetronom сайти бошқа хорижий ресурсга асосланган ҳолда Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжоновни Ўзбекистонга 4,2 млн долларлик тақинчоқларни божсиз олиб киришда айбловчи материаллар эълон қилган, бунда ахборотни текшириш учун иккинчи томонга мурожаат қилмаган эди.

Аввалги суд мажлисида Сергей Ежков Комил Алламжоновдан узр сўраган, шундан кейин Алламжонов аризасини қайтариб олишга қарор қилганини айтганди.

Фонд раҳбари бу каби низолар “подвал”ларда эмас, ўзаро келишув ёки суд орқали ҳал этилиши кераклигини таъкидлаганди.

Бундан олдин, юқоридаги иддаони тарқатган бирламчи манба – хориждаги Eltuz ресурси ҳам Комил Алламжоновдан узр сўраб, Германия қонунчилиги асосида жарима тўлашга тайёрлигини билдирган.

Мавзуга оид